Реадмиссия қилинган фуқароларга хорижга чиқиш паспорти берилади – истиснолар белгиланди
10:39 02.10.2025 (янгиланди: 12:09 02.10.2025)
© Sputnik / Дильшода РахматоваЗагранпаспорт гражданина Узбекистана

© Sputnik / Дильшода Рахматова
Oбуна бўлиш
Хорижий давлатлар томонидан ноқонуний муҳожир сифатида аниқланган ва ўз ватанига қайтарилаётган шахслар учун қўшимча шароитлар таклиф этилди.
ТОШКЕНТ, 2 окт – Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан реадмиссия қилинган фуқароларга хорижий паспорт беришнинг истисно ҳолатлари бўйича йўриқнома қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, хориждан реадмиссия қилинган шахслар ҳақида маълумотлар Миграция ва персоналлаштириш департаменти (МваПД) томонидан “Паспорт-виза” ахборот тизимига киритилади.
Маълум бўлишича, мазкур йўриқномада айрим истисно ҳолатларда ушбу тоифадаги фуқароларга хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб берилиши кўзда тутилган:
фуқаронинг яқин қариндоши хорижда вафот этган бўлса;
фуқаро ёки унинг яқин қариндошига хорижий давлатда шошилинч ихтисослашган тиббий ёрдам ёки операция зарур бўлса;
фан олимпиадаси, таълим дастурлари ёки халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиши режалаштирилган бўлса;
фуқаронинг доимий яшаш манзили Ўзбекистоннинг чегара зонаси ёки эксклав ҳудудларида бўлса;
Президент ёки Вазирлар маҳкамасининг расмий ҳужжатлари, президент администрацияси раҳбарининг топшириқларини бажариш зарурати мавжуд бўлса.
Фуқаролар ушбу истиснолар асосида хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун МваПД ёки унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, халқаро шартномалар асосида реадмиссия қилинган Ўзбекистон фуқароларига икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилмаслиги назарда тутилган эди.
Реадмиссия қилинган шахслар
Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги халқаро келишувлар асосида ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар. Агар бирор ўзбекистонлик фуқаро чет элда ноқонуний қолган, визаси тугаган, депортация қилинган бўлса Ўзбекистон томонидан қабул қилинади — бу жараён реадмиссия деб аталади.