Собиқ вазир Азиз Воитовга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

© Олий Мажлис Қонунчилик палатасиАзиз Воитов
Азиз Воитов  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2025
Oбуна бўлиш
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларда айбдор деб топилди.
ТОШКЕНТ, 15 сен – Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод тумани суди томонидан собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 62 киши) оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш — БҲМнинг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Етказилган моддий зарар ўрни тўлиқ қоплангани сабабли унга нисбатан 3 йил муддатга бошқарув тизими, раҳбарлик ва мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган тарзда БҲМнинг 400 баравари (164 800 000 сўм) миқдорида жарима ва ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Таъкидланишича, ЖКнинг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги белгиланган.
Шу боис суднинг ҳукми билан жиноят бўйича етказилган зарар суд жараёни давомида тўлиқ қоплангани сабабли Воитовга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ директори Ҳусниддин Каримов ЖКнинг тегишли моддалари билан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Қолган 60 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда тегишли жазолар, хусусан, 9 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 51 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, cобиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов 2023 йил октябр ойида ишдан олинганди. Декабр ойида эса у коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумонланиб тергов қилинаётгани маълум бўлганди.
Наручники с долларом - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.09.2025
Наманган шаҳри ҳокими 60 минг доллар пора олаётганда ушланди
Янгиликлар лентаси
0