Ўзбекистон “яшил” энергетика соҳасидаги режаларини маълум қилди
© Getty Images / Daniel BosmaСолнечная энергетическая система и ветряные турбины

© Getty Images / Daniel Bosma
Oбуна бўлиш
Қисқа даврда “яшил” энергетика соҳасига қарийб 6 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб келди.
TOШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Ўзбекистонда бу йил “яшил” энергетика соҳасида 7 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳа қурилиши бошланади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев йирик саноат корхоналарини “яшил” энергия билан таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, қисқа даврда “яшил” энергетика соҳасига қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди.
Йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми аввалги 59 миллиарддан ҳозирда 82 миллиард киловатт соатга етди.
“2030 йилга бориб юртимиз аҳолиси 41 миллиондан, иқтисодиёт ҳажми 200 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Табиийки, бу электр энергиясига қўшимча талаб туғдиради. Шунинг учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг ишга солиш чоралари кўрилмоқда”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Амалга оширилаётган лойиҳалар ва яқин келажакдаги режалар:
йил якунигача 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси, 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилади;
уларга инвестиция ҳажми жами 5 миллиард доллардан зиёд бўлиб, салкам 9 миллиард киловатт-соат қувватга эга бўлади;
бу йил умумий қиймати 7 миллиард 200 миллион долларлик яна 11 та лойиҳа қурилиши бошланади.
Айтилишича, республикада жами электр истеъмолининг учдан бир қисми 18 та тармоққа тўғри келади. Масалан, сув хўжалигидаги насосларга йилига 6,5 миллиард киловатт соат электр сарфланяпти.
“Шу боис 12 та йирик насосни модернизация қилиб, ҳар бирига 75-100 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 50 мегаваттли сақлаш қурилмаси ўрнатиш вазифаси белгиланди. Натижада насосларнинг электр сарфи йилига 2 миллиард киловатт-соатга камайиб, 4,5 миллиард киловаттга тушади. Бу ишлар, аввало, сув чиқариш таннархи баланд бўлган Қарши магистрал каналидан бошланади”, — дейилади хабарда.
Нефть-газ корхоналарида ҳам 240 мегаваттли қуёш станцияси ва 300 мегаваттли сақлаш қурилмалари ўрнатиб, камида 600 миллион киловатт-соат электр олиш имконияти бор.
Умуман, йиғилишда электр истеъмоли юқори 18 та тармоқни ўзини ўзи энергия билан таъминлайдиган тизимга ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.