"Ўзатом" ва "Росатом" радиациявий ишлов бериш технологияларини ривожлантирмоқчи
© Агентство "Узатом""Узатом" и "Росатом" подписали Меморандум о взаимопонимании в сфере радиационной обработки продукции.

© Агентство "Узатом"
Oбуна бўлиш
Икки давлат ўртасида имзоланган ҳужжат республикада кўп тармоқли ионлаштирувчи қайта ишлаш марказларини ташкил этиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
TOШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. "Ўзатом" агентлиги ва "Росатом" давлат корпорацияси ўртасида маҳсулотларга радиациявий ишлов бериш соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, дея хабар берди агентлик матбуот хизмати.
Москвада "Ўзатом" агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва "Росатом"нинг радиациявий ишлов бериш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул бўлган бошқарув тизимидаги ташкилот бош директори Артур Колонтаев ўзаро англашув меморандумини имзолашди.
Айтилишича, томонлар тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари билан боғлиқ радиациявий ишлов бериш технологияларини биргаликда ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Ушбу ҳужжат республикада кўп тармоқли ионлаштирувчи қайта ишлаш марказларини ташкил этиш соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
"Биз Ўзбекистоннинг ионлаштирувчи қайта ишлаш бозорининг улкан салоҳиятини кўрмоқдамиз ва ҳамкоримиз "Ўзатом" агентлиги билан биргаликда озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг экспорт имкониятларини янада ривожлантириш учун радиация технологияларидан кенгроқ фойдаланишга кўмаклашишга тайёрмиз", – деди Артур Колонтаев.
Азим Ахмедхаджаевнинг қайд этишича, "Росатом" билан имзоланган меморандум Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларига инновацион технологияларни жорий этишга бўлган интилишини акс эттиради.
“Кўп тармоқли ионлаштирувчи ишлов бериш марказларини ривожлантириш тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизация қилиш, юқори даражадаги стерилизацияни таъминлаш, маҳсулотларни сақлаш муддатларини узайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади. Ўзбекистон янги уфқлар сари фаол ҳаракат қилмоқда ва бу ҳамкорлик бизга нафақат маҳаллий маҳсулотлар сифатини ошириш, балки экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтириш, мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятлар очиш имконини беради", – деди Ахмедхаджаев.
Маълумот учун, кўп тармоқли ишлов бериш марказлари – бу тиббий буюмлар, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ионлаштирувчи ишлов беришни амалга ошириш учун бинолар, муҳандислик тизимлари ва ускуналар мажмуасидир. Ионлаштирувчи ишлов бериш бу тиббий буюмларни тез ва самарали стериллаш имконини беради ва стерилликни таъминлаш даражаси 10 (6-) бўлган усул ҳисобланади.
Бундай ишлов бериш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш муддатини узайтириш, уларни дезинсекция ва деконтаминация қилиш, патоген микроорганизмларни бартараф этиш имконини беради, шу билан бирга инсон саломатлиги учун хавфсиз ҳисобланади. Ионлаштирувчи ишлов бериш усулининг хавфсизлиги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги агентлиги, Халқаро атом энергияси агентлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган.