Биринчи апрелдан нималар ўзгаради?
CC0 / Unsplash / Mockaroon / Календарь. Иллюстративное фото

Oбуна бўлиш
Мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ходимлар қўшимча рағбатлантирилади, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига ҚҚСнинг 50 фоизи қайтарилади – батафсил мақолада.
ТОШКЕНТ, 31 мар - Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида 2025 йил 1 апрелдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради.
Юридик ва жисмоний шахсларни реестрга киритиш учун аризалар онлайн қабул қилинади
1 апрелдан юридик ва жисмоний шахсларни Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш учун аризалар Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали қабул қилинади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш натижалари (қаноатлантириш ва рад этиш асослари) давлат харидлари махсус ахборот порталида очиқ эълон қилинади.
"Яшил тарифлар" жорий этилади
Чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун "яшил тарифлар" жорий этилади. Бунда қуйидаги имтиёзли тарифлар белгиланади:
Чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун "яшил тарифлар" жорий этилади. Бунда қуйидаги имтиёзли тарифлар белгиланади:
тадбиркорлар томонидан чиқинди ва биогаз утилизацияси орқали ишлаб чиқариладиган ҳамда ташкилотларнинг ўз ҳудудларида ўрнатган шамол ва қуёш электр қурилмаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун;
аҳолининг қуёшдан олинган ва фойдаланишда ўз эҳтиёжидан орттириб, давлатга сотадиган электр энергияси учун.
Дори воситаларининг нархини шакллантириш тартиби ўзгаради
Чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасига нисбатан татбиқ этилади. Бунда маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан амалдаги референт нархни шакллантириш тизими сақлаб қолинади.
Мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ходимлар қўшимча рағбатлантирилади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, унинг тизимидаги агентлик ҳамда марказлар, Қорақалпоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ходимларига:
1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
10 йилдан 15 йилгача — 1,0;
15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
20 йилдан юқори — 1,5.
Шунингдек, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ходимларига:
1 йилдан 3 йилгача — 0,15;
3 йилдан 5 йилгача — 0,3;
5 йилдан 10 йилгача — 0,45;
10 йилдан 15 йилгача — 0,6;
15 йилдан 20 йилгача — 0,75;
20 йилдан юқори — 1,0 коэффициентларда ҳар ой устамалар тўланади.
Барча фармацевтика ва тиббий хизмат кўрсатувчи компаниялар ҚҚС тўловчисига айланади
Даромадидан қатъий назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚС тўловчиси бўлади. Бунда солиқ органлари Онлайн-НКТ, ЭҲФ ва бошқа ташқи ва ички маълумотлар асосида ҚҚС ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантиради.
Тадбиркорларга айрим ҳуқуқбузарликлар учун биринчи марта огоҳлантириш берилади
Солиқ органлари ходимлари томонидан ўзларига бириктирилган корхоналарда ёки маҳаллалардаги тадбиркорлик субъектларида солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, биринчи марта огоҳлантириш берилади.
Огоҳлантиришдан кейин уч кун ичида солиққа оид ҳуқуқбузарлик бартараф этилмаганлиги ёки такроран аниқланганлиги сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлади.
Чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига ҚҚСнинг 50 фоизи қайтарилади
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан бюджетга тўланган ҚҚСнинг 50 фоизи ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтарилади.
Бунда ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ва тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил этиши керак.
Ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга берилади
“Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга берилади. Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса – ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади.
Кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати республика бўйлаб жорий этилади
1 апрелдан кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати республиканинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.
Ўзгалар парваришига муҳтож, ўзи ҳаракатлана олмайдиган, кун давомида ҳаётий зарур эҳтиёжларини қила олмайдиган шахсларга қараб бериш орқали, ушбу шахсга қараб туриш билан банд бўлиб қолган меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини ишлаш имкониятини яратиш. Бунда оилани фаровонлик даражасини оширишга кўмаклашилади.
Айрим қоғоз шаклидаги маълумотномалар ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади
Қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари “Ижтимоий карта” ахборот тизимидан тақдим этилади:
шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш. Бунда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади;
огиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар;
кириш билет операциялари тизими асосида тартибга солинадиган давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар.
Ёшлар рағбатлантирилади
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг янги инструментлари жорий этилади. Хусусан, “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда қоплаб бериш белгиланган.
Бунда ногиронлиги бўлган ёшларнинг параспорт тўгаракларига қатнашиши Спорт вазирлигининг "ERP-спорт" ахборот тизими орқали мониторинг қилиб борилади.
Шунингдек, жамғарма ҳисобидан 6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун қиймати БҲМнинг 10 бараваридан ошмайдиган махсус спорт форма, инвентар, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш учун маблағлар ажратилади.
“Инвестор кунлари” ўтказилади
Ҳар ойда 1 та ҳудудда “инвестор кунлари” ташкил этилади. Бунда ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик дастурлари ҳам йўлга қўйилади.
Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясининг айрим функциялари давлат тибиёт муассасаларига ўтказиш орқали тугатилади
Фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади.
Шунингдек, ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади ҳамда ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;
Бундан ташқари, 18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.
“Иқтидор мактаб ансамбли” республика танлови ўтказилади
“Турон” мактаб театрининг ижобий тажрибаси асосида умумий ўрта таълим мактабларида “Иқтидор” бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилади. Шунингдек, жамоалар ўртасида ҳар йили миллий ва жаҳон мусиқаси йўналишлари бўйича “Иқтидор мактаб ансамбли” республика танлови ўтказилади. Танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.
Хотин-қизлар учун грантлар ажратилади
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун "Ижтимоий дафтарлар" жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг янги инструментлари жорий этилади.
Хусусан, камида 3 нафар хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифалари бандлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Саховат ва кўмак" жамғармалари ҳисобидан БҲМнинг 60 бараваригача миқдорда грантлар ажратиш белгиланган.