Ўзбекистоннинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ЕОИИ халқаро танловида ғолиб бўлди
18:09 03.10.2024 (янгиланди: 10:13 04.10.2024)
© Министерство экологии, охраны окружающей среды и изменения климата республики УзбекистанНациональный проект "Яшил Макон" победил в конкурсе "Зеленая Евразия" в Армении
© Министерство экологии, охраны окружающей среды и изменения климата республики Узбекистан
Oбуна бўлиш
Ереванда “Яшил Евроосиё” иккинчи халқаро иқлим танлови бўлиб ўтди.
ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистоннинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси халқаро танловда ғолиб деб топилди, дея хабар берди Экология вазирлиги.
Ўзбекистонда яшиллик даражасини оширишга қаратилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси Ереванда бўлиб ўтган “Яшил Евроосиё” иккинчи халқаро иқлим танловида “Янги иқлим шароитида қишлоқ ва ўрмон хўжалиги” номинациясида ғолиб деб эътироф этилди.
Танловда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг иккита лойиҳаси ғолиб лойиҳалар қаторидан ўрин олди. Булар "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда "Green University" (“Иқлим соҳасида маърифат ва таълим” номинацияси).
“Ўзбекистонда яшиллик даражасини ошириш бўйича 5 йилдан бери амалга оширилаётган ишлар танлов комиссияси аъзоларида илиқ таассурот қолдирди”, — дейилади хабарда.
Тадбир давомида Евроосиё иқтисодий комиссияси раҳбари Бахитжан Сагинтаев танлов ғолиблари ва совриндорларига видеомурожаат йўллади.
“Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ҳар бир давлати иқлим бўйича кун тартиби доирасида ўз халқаро мажбуриятларини мустақил равишда амалга оширади. Шунинг учун “Яшил Евроосиё” танловини мамлакатлар томонидан ушбу соҳада эришилаётган миллий ютуқларнинг ўзига хос намойиши деб ҳисоблаш мумкин. Бу ютуқлар углерод ишлаб чиқариш ва чиқиндиларни камайтириш учун технологияларни кенг халқаро алмашиш ва фойдаланишга қаратилган. Глобал мақсадларга эришишга салмоқли ҳисса қўшаётган, шунингдек, умумий келажагимизни яхшилашга кўмаклашаётган барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирмоқчиман”, — деди Сагинтаев.
Маълумот учун, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бошланди. Лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кузги кўчат экиш мавсумида республика бўйича 134 та “Яшил боғ”лар барпо этилади. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида ғолиб деб топилган 215 та ташаббусларнинг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва кузги кўчат экиш мавсумида “яшил боғлар” ва “яшил жамоат паркларини” барпо этиш ишлари бошланади.
Йил якунига қадар Оролбўйи минтақасида 300 минг гектар майдонда шундан, Қорақалпоғистон Республикасида 200 минг, Навоий вилоятида 50 минг, Бухоро вилоятида 40 минг ва Хоразм вилоятида 10 минг гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этилади.