Тошкентда атмосфера ҳавосининг сифатини кўрсатувчи мониторлар ўрнатилади
15:56 29.01.2024 (янгиланди: 16:56 29.01.2024)
© Sputnik / Авенир ДебердеевЗима в Ташкенте
© Sputnik / Авенир Дебердеев
Oбуна бўлиш
Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда саноатлашган 20 та туманда автоматик ҳаво мониторинги станциялари ўрнатилади.
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Тошкент кўчаларига атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари экология соҳасидаги долзарб масалаларни таҳлил қилди.
Айтилишича, 2020 йилдан буён ҳудудларда 22 мингта янги саноат корхонаси ишга тушди, бу даврда қарийб 250 минг янги уй-жойлар қурилди.
Бугунги кунда саноат корхоналари ва автомобиллардан атмосферага йилига 2 миллион тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар чиқмоқда. Айниқса, пойтахтда, Олмалиқ, Нурафшон, Оҳангарон, Ангрен, Бекобод ва Қувасой шаҳарларида ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори бошқа ҳудудларга нисбатан анча кўп.
Ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари мавжудлиги қайд этилди.
Саноат корхоналари “оёққа туриши” учун кўплаб енгиллик ва имтиёзлар берилгани, лекин айрим корхоналар на солиқлар тўлашни, на атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ўйлаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Аксарият ҳолларда қурилиш объектлари ва лойиҳалари экологик экспертизадан ўтказилмасдан амалга оширилаяпти. Шу муносабат билан 1 апрелдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг ҳаво, сув ва атроф муҳитни ифлосланиш даражасига қараб тузиладиган рейтинги жорий қилиниши белгиланди”, — дейилади хабарда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология ва иқлим ўзгариши вазирлигига ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари билан бирга:
жойларда экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарнинг “мастер-режа”сини ишлаб чиқиш;
йил якунида ҳудуд ва тармоқларнинг экологик рейтинги ва экологик паспортини эълон қилиб бориш топширилди. Натижалари бўйича ҳокимлар аҳолига мурожаат қилиши белгиланди.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда саноатлашган 20 та туманда автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатишни бошлаш вазифаси қўйилди.
"Пойтахт кўчаларига атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатилади", — деб ёзади Асадов.
Йил якунига қадар 112 та йирик саноат корхонаси ва барча цемент ишлаб чиқарувчиларда замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш ва эскиларини алмаштириш, ҳавога чанг ташлаш даражаси юқори бўлган корхоналарда фильтрларни янгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Йирик қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан “яшил белбоғ” яратиб, жами 10 миллион туп дарахт экиш ташкил этилади.
Қурилиш корхоналари ҳам ижтимоий масъулиятни ҳис қилган ҳолда, Тошкентда “яшил белбоғлар” ташкил қилиши кераклиги айтилди.
Шунингдек:
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга “ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш” тизимини жорий қилиш топширилди.
Оҳангарондаги 23 гектар ва Янгийўлдаги 37 гектарда жойлашган собиқ чиқинди полигонлари ҳудудида “яшил боғлар” ташкил қилиш бошланади.
Сувга зарарли ташланмаларни оқизаётган ва ўзидан зарарли чиқиндиларни кўп чиқараётган корхоналар билан ишлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.
Келгуси беш йил давомида Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти туманларини тўлиқ яшиллик билан қоплашни назарда тутувчи камида 3 минг гектар “яшил белбоғ” ва 200 гектар “яшил боғлар” ташкил қилинади.