"Биз мослашишимиз керак" – ўзгараётган муҳитда қандай омон қолиш ҳақида иммунолог фикри

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Аллеролог: иммунитет тизимининг битта вазифаси бор – танани ташқаридан келган ва ичкарида ҳосил бўлган нарсалардан ҳимоя қилиш.
Сўнгги пайтларда Тошкент ҳаво ифлослиги бўйича (IQAir платформасига кўра) дунёнинг энг ифлосланган йирик шаҳарлари рейтингида биринчи бешликни тарк этмаяпти. Кўп ҳолларда PM 2,5 (ўлчами 2,5 микрондан кичик) заррачалари меъёрдан 10 баравар ошади, бу эса аҳолини, албатта, ташвишга солади.
Январь ойида Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги пойтахтдаги ҳаво ифлосланишига дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, тасдиқланмаган бош режали қурилишлар, автотранспорт воситаларидан чиқинди газлари, саноат корхоналаридан чиқаётган газлар таъсир кўрсатаётганини маълум қилган эди.

Шу билан бирга, вазирлик аниқлик киритганидек, шамолнинг нотўғри айланмаси туфайли ифлосланган ҳаво чиқиб кетмаётганлиги ҳам вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
“Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланишига шамолнинг йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш нурланиши, ёғингарчилик миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсияси (аралаш заррачаларнинг вертикал тарқалишига тўсқинлик қилувчи иссиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар сабаб бўлмоқда. Тошкент тоғлар билан ўралган, шунинг учун шамол айланмаётгани сабабли чангли ҳаво оқими шаҳарда қолмоқда ва табиий равишда чиқиб кета олмайди”, — дея тушунтирди Экология вазирлиги.
Яқинда Ўзбекистонда миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилиши маълум бўлди. Экология вазирлиги буни мамлакатнинг географик ва иқлимий хусусиятлари туфайли ҳаво ифлосланишининг рухсат этилган даражаси бўйича ЖССТ тавсияларига амал қилиш жуда қийинлиги билан изоҳлади.
“ЖССТ тавсияларига кўра, PM 2,5 нинг ўртача йиллик миқдори 5 мкг/м3, ўртача кунлик миқдори 15 мкг/м3 ни ташкил қилади. Дунёнинг ҳеч бир давлатида кўрсаткичлар ЖССТ тавсия қилган стандартларга жавоб бермайди, кўплаб мамлакатлар ўз миллий стандартларини қабул қилган”, — дейилади Экология вазирлигида.
Шунингдек, бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳаво сифати мониторинги бўйича миллий платформа ва мобил илова ишлаб чиқилаётганини таъкидладилар. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида 2023 йилда Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда ҳаво ифлосланишидан аҳоли ўртасида касалланиш даражасини ўрганиш бошланди.
Айни пайтда тошкентликларнинг кўпчилиги узоқ давом этувчи йўтал, тумов, тез-тез аксириш ва аллергик касалликларнинг кучайишига дуч келишмоқда. Аҳоли ҳаво тозаловчи аппаратларни сотиб олишга шошилмоқда, ёш оналар ёш болалари билан камроқ кўчага чиқишмоқда, очиқ ҳавода кўп бўлмаслик, деразаларни очмаслик ва кўчада ниқоб тақиш каби тавсиялар пойтахт аҳолиси учун одатий ҳолга айланган.
Бизнинг иммунитетимиз атроф-муҳитдаги ўзгаришларга қандай муносабатда бўлади, узоқ давом этадиган йўтал нимадан далолат беради ва биз ўзимиз бу ҳолатда танамизга қандайдир тарзда ёрдам бера оламизми? Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, аллерголог Гулнора Жамбекова ва иммунолог Адолат Исмоилова Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда гапирди.
“Мен турли ёшдаги беморлар билан ишлайман. Биринчи шикоят эса – уларнинг иммунитети тушиб кетган (ҳамма одатда шундай деб ўйлайди). Мен саволлар беришни бошлайман: сизни айнан нима безовта қилади, ўзингизга нима ёқмайди, нима бўляпти? Ёки болада нима муаммо?
Асосан, бу бола ёки катталар тез-тез касал бўлаётганлиги ҳақида шикоят бўлади. Биз ҳаммамиз тирик одаммиз, барчамиз касал бўламиз, табиийки, бизда йилига бир неча марта нафас олиш йўллари инфекциялари бўлади, улар бўлиши табиий. Ҳозир ҳамма банд, аммо катталар вақт ажратиб мурожаат билан келишмоқда. Мен учун бу инсонларнинг ҳаёт даражаси пасайганлигидан далолат беради”, – дейди Адолат Исмоилова.
“Мен қандай савол бермасам ҳам, ҳамма сабаблар, айниқса катталарда, турмуш тарзига боғлиқ бўлади. Албатта, биз бу ерда ҳамма нарсани – экологияни, атроф-муҳитни ҳам ҳисобга оламиз. Унинг шахсий ҳаёт тарзи қандай? Ишонаверинг, 99% ҳолларда деярли ҳаммада ҳаёт тарзи яхши ҳолатда эмас. Бола билан боғлиқ бўлса, агар у кичкина бўлса, деярли яна худди шундай ҳолат бўлади. Агар у болалар боғчасига боришни бошласа, кўпинча яллиғланиш жараёнларидан шикоят қилади, аммо бу ҳам табиий жараён, чунки биз ҳаммамиз муҳитга мослашишимиз керак. Яъни, иммунитетимиз аста-секин бизни атроф-муҳит шароитларига мослаштиради. Мослашув аниқ тез-тез учрайдиган ўткир респиратор яллиғланиш касалликлари билан намоён бўлади, бу одатда йилига 12-14 марта содир бўлиши мумкин”.
Шунингдек, иммунолог фикрига кўра, бизга таъсир қилувчи кўплаб омилларни ҳисобга олишимиз керак. Масалан, вирусли инфекциянинг хусусиятлари, одамнинг неврологик ҳолати (асаб тизимининг ҳолати), атроф-муҳит ҳолати.
“Эпигенетика” деган атама мавжуд – атроф-муҳитнинг танамизга таъсири”, – дея қўшимча қилади Адолат Исмоилова.
Гулнора Жамбекова ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилади. Унинг сўзларига кўра, йўтал тананинг ҳимоя реакциясидир.

"Агар бола ёки биз узоқ вақт йўталаётган бўлсак, бу тана кекраксиз нарсани ичидан чиқариб юборишга ҳаракат қилаётганини англатади. Иммунитет тизимининг битта вазифаси бор – танани ташқаридан келган ва ичкарида ҳосил бўлган нарсалардан ҳимоя қилиш”, – дейди аллерголог.

Ўз навбатида, Адолат Исмоилова атроф-муҳит ифлосланишидан биринчи навбатда нафас олиш тизими зарар кўришини тушунтиради.

"Бу инфекция учун тўғридан-тўғри йўл, шунинг учун биринчи навбатда ҳимоя функциялари – нафас олиш тизими ва ошқозон-ичак тракти, шиллиқ қават зарар кўради. Бугунги кунда бутун дунё олимлари бу омилларнинг узоқ муддатли таъсири бизда сурункали яллиғланишни келтириб чиқаришини таъкидлашмоқда. У сурункали чарчоқ кўринишида ҳам намоён бўлади. Иммун тизими сурункали яллиғланиш таъсирига тушганидан сўнг уни тўхтатиш жуда қийин”, – деб тушунтиради иммунолог.

Шахсий амалиётдан мутахассис маълум қилдики, кўплаб беморлар сурункали йўталдан шикоят қилиб, денгизга ёки тоққа кўчиб ўтиш уларнинг соғлиғини яхшилашга ёрдам беради деб умид қиладилар.

“Майли, денгизга борасиз, кўпи билан бир ой у ерда бўласиз. Лекин барибир бу ерга, яшаш жойингизга қайтасиз. Иммунолог сифатида яна айтаман, ҳамма нарса дозада ва доимий бўлиши керак. биз айнан шу ҳаводан нафас олишимиз керак. Баъзи оналар менга ҳаво ифлосланиши ҳақида шикоят қилишади. Аммо бу бизнинг муҳитимиз ва унга кўникишимиз, мослашишни ва дўстлашишни ўрганишимиз керак. Бошқа танловимиз йўқ. Биз тараққиётни, ишлаб чиқаришни тўхтата олмаймиз, ҳаммамизга цивилизация керак. Биз XXI асрда яшаяпмиз, у расман аллергик ва иммун касалликлар асри деб эълон қилинган ва биз бунга гувоҳ бўлмоқдамиз" – дея тушунтирди Адолат Исмаилова.

Батафсил маълумот Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда бериб ўтилди.
Янгиликлар лентаси
0