“Шамол гули” шаҳарсозликда асосий омил бўлиши керак — Эркин Абдулаҳатов
© Sputnik / Актан ТемиркановСтроительство зданий на территории комплекса Ташкент-сити.
© Sputnik / Актан Темирканов
Oбуна бўлиш
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов: шамол гули йўналишига қараб, биз қайси ҳудудда қайси пайтда ифлосланиш кўпайиб ёки камайиб бораётганини билиб олишимиз мумкин.
ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Тошкентда шамол гули қайси йўналишда эсмоқда? Шаҳар ифлосланишини олдини олишда шамол гули йўналишининг тутган ўрни қандай? Шу ва бошқа саволларга иқлимшунос-эксперт Эркин Абдулаҳатов Sputnik Ўзбекистон мухбирига жавоб берди.
Абдулаҳатовнинг айтишича, сўнгги 10 йиллик давомида янги қурилаётган бинолар орасида ҳаво айланмаяпти.
“Бизда шаҳарсозлик қурилишида эътибор берилмайдиган энг асосий масала бу шамол гули ёки “роза ветров”. Кун давомида шамол гули қайси томонга эсаётганига қараб биз бинолар лойиҳасини ишлаб чиқишимиз керак. Бунга эътибор берилмагани оқибатида бинолар орасида “циркуляция” ҳосил бўлмаяпти. Шаҳар аҳолиси димиқиб қолмоқда”, - деди иқлимшунос.
Ҳозир шамол гули йўналиши кўпроқ шарқ томон эсмоқда. Бу шаҳарсозликда энг асосий омил ҳисобланади.
“Шамол гули (роза ветров), одатда, кундуз куни текисликдан тоққа қараб, кечқурун тоғдан текисликка қараб эсади. Яъни, кун кечида Тошкент шаҳри атрофидаги саноатлашган Чирчиқ, Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен шаҳарларидаги завод, фабрикалар чиқараётган ҳавони ифлослантиручи моддалар, тинч об-ҳаво ҳолатида, кечқурун бизга кириб келади. Статистикада ҳам Тошкентда айнан кечқурун кундузга нисбатан рейтингда ифлосланиши юқори бўлади”, - деди Абдулаҳатов.
Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда Тошкентда совет даврига нисбатан шамол гули кескин ўзгариб кетган.
"Бизнинг қурилиш нормаларимиз эса ҳали ҳамон 70-80 йилларда фақат Тошкент шаҳри учун қилинган шамол гули схемаси асосида амалга ошириляпти. Тошкент шаҳри учун қилинган схема Ангрен, Бекобод, ҳаттоки тоғли станциялар учун ҳам ишлаяпти. Аслида тоғли станциялар учун шамол гуллари буткул бошқача. Ҳозир шамол гули йўналиши кўпроқ шарқ томон эсаяпти. Бу шаҳарсозликда энг асосий омил ҳисобланади. Буни билмасдан туриб, биз шаҳарда чанг масалаларини камайтришга қаратилган чора-тадбирларни ишлай олмаймиз”, - деди у.
Шамол гули йўналишига қараб, биз қайси ҳудудда қайси пайтда ифлосланиш кўпайиб ёки камайиб бораётганини билиб олишимиз мумкин дея таъкидлади у.
“Мисол учун, Бишкекда мазкур ишлар амалга оширилди. Биламизки, уларда газ етишмовчилиги сабабли иситиш учун кўмир ёқилғисидан фойдаланилади. Кўмир эса ўзидан жуда катта ифлослантирувчи моддаларни чиқаради ва шаҳар ҳар йили куз-қиш мавсумида рейтингда биринчи, иккинчи ўринга чиқади. Бунинг учун уларнинг экологлари, депутатлари келишиб, завод фабрикаларнинг иш режимини ўзгартиришди. Кечқурун завод камроқ ифлослантирувчи моддалар чиқарса, ҳаво ифлосланиши кескин камайган. Улар шамол гули эсишига қараб заводда иш тартибини белгилашди", – деди иқлимшунос.
Эксперт "биз ҳам шамол гули кириб келиш мониторингини тўғри юрита олсак, натижага эришамиз”, дея хулоса қилди.