Нега Ўзбекистон ҳаво сифати бўйича жаҳон антирейтингига киритилмоқда — мутахассис жавоби
08:42 14.11.2023 (янгиланди: 08:43 14.11.2023)
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
“Ўзгидромет” Ўзбекистоннинг 26 шаҳрида 64 та стационар кузатув пункти ва 8 та автоматик ҳаво ифлосланишини назорат қилувчи станциялардан фойдаланган ҳолда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг фон мониторингини олиб боради.
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Нима учун Тошкентда ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши тез-тез қайд этилмоқда? Бу ҳолат нимадан келиб чиқмоқда ва уни яхшилаш бўйича Ўзгидромет қандай чоралар кўрмоқда? Бу ва бошқа саволлар билан Sputnik Ўзбекистон мухбири Гидрометеорология хизмати агентлиги етакчи мутахассиси Марина Плоценга юзланди.
Гидрометеорология хизмати агентлиги Ўзбекистоннинг 26 шаҳрида 64 та стационар кузатув пункти ва 8 та автоматик ҳаво ифлосланишини назорат қилувчи станциялардан фойдаланган ҳолда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг фон мониторингини олиб боради.
Стационар пунктларда атмосфера ҳавоси параметрлари кунига уч марта, автоматик станцияларда эса онлайн режимда назорат қилинади.
“Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Урганч, Термиз, Нукус шаҳарларида ҳавода чанг кўплиги кузатилмоқда. Шунингдек, йирик шаҳарлар – Ўзбекистон пойтахти, Нурафшон, Навоий, Фарғона ҳавосида азот диоксиди миқдори меъёридан ошиб кетган. Бу моддаларнинг ҳавода кўп бўлиши саноат корхоналари, автотранспорт воситаларининг чиқиндилари, қурилиш индустриясининг ривожланиши, метеорологик шароит ва республиканинг географик жойлашуви билан боғлиқ”, — деб тушунтирди Плоцен.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторинги натижаларига кўра, республика шаҳарларида ифлосланиш индекси пасайтирилди. Айни пайтда, халқаро мониторинг тизимларида Ўзбекистон ва хусусан, Тошкент деярли ҳар доим антирейтинг бўйича етакчи ўнталикка киради.
Эксперт буни ЖССТ Европа минтақасидаги аксарият давлатлар ягона индекс ўрнига ўзларининг ҳаво сифати индексларидан фойдаланиши билан изоҳлади. Турли мамлакатларда миллий стандартларга мос келадиган ҳаво сифати кўрсаткичлари мавжуд.
“AirVisual халқаро веб-сайтида шаҳар рейтинглари AQI индексига мувофиқ ҳар соатда чоп этилади. У асосий ифлослантирувчи моддалар, жумладан РМ10 ва РМ2,5 майда зарралари миқдори асосида ҳисобланади. Тошкентнинг энг яхши 10 та антирейтингга кириши ҳолатлари одатда республиканинг географик жойлашуви, иқлим шароити, шунингдек, антропоген ифлосланиш билан боғлиқ”, — дея аниқлик киритди Плоцен.
Хусусан, Ўзбекистон атмосфера ҳавосида муаллақ заррачаларнинг кўпайиши қумли (сифати бўйича қумли тупроққа ўхшаш) ва қумлоқ (қум ва лой зарраларидан иборат) тупроқлар билан боғлиқ.
Шу билан бирга, Тошкентнинг ҳамма жойида рўй бераётган қурилиш лойиҳалари, кўп қаватли уй-жойлар, саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши, оғир транспорт воситаларининг ишлаши ва автотранспорт воситаларининг кўпайиши атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи антропоген манбалардир.
Бундан ташқари, шаҳарлар ҳавосида ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланишига шамолсиз об-ҳаво, юқори ёки паст ҳароратлар, ёғингарчиликнинг етишмаслиги ёрдам беради.
“2021 йилда юқори аниқликдаги замонавий асбоб-ускуналарнинг харид қилиниши натижасида атмосфера ҳавосидаги 10 микрон ва 2,5 микрон (РМ10, РМ2,5) гача бўлган майда заррачалар миқдорини аниқлаш имконияти пайдо бўлди. Шундай қилиб, олинган натижалар рухсат этилган максимал концентрациялар билан таққосланади", — дея тушунтирди мутахассис.
Кузатув пунктларидан ҳаво ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар Ўзгидромет томонидан қабул қилинади ва ҳамма учун очиқ платформада эълон қилинади. Бу ерда республика шаҳарлари, жумладан, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш индексидаги ўзгаришларни онлайн кузатиш мумкин.
Ўзгидромет метеорологик кузатувлар, об-ҳаво прогнози ва атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги билан бир қаторда, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш учун манфаатдор органлар ва аҳолини тегишли маълумотлар билан таъминлайди.
Масалан, “Ўзгидромет” Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда “Ахоли саломатлигига аэроген хавфини ва хаво ифлосланишининг даражасининг интеграл бахолаш максадида Узбекистонда хаво сифатини мониторинг килиш учун миллий ахборот платформаси ва мобил иловасини ишлаб чикиш” ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Лойиҳа доирасида халқаро тажриба ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб, республика атмосфера ҳавосининг ифлосланишининг глобал индексларига (AQI) интеграциялашуви учун майда чанг зарралари таркибини ҳисобга олган ҳолда Атмосфера ҳавоси сифати миллий индексини ишлаб чиқади.
Шу билан бирга, Марина Плоценнинг сўзларига кўра, Ўзгидромет атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторингини модернизация қилиш устида ишламоқда.
Мутахассислар “Zamin” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда “Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Унинг доирасида атмосфера ҳавосининг ифлосланишини назорат қилувчи саккизта автомат станция харид қилинган.