Тошкент ҳавосини яхшилаш йўли борми – иқлимшунос билан суҳбат

© SputnikЭркин Абдулахатов.
Эркин Абдулахатов. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.11.2023
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкентда зудлик билан яшиллик даражасини ошириш ҳамда биноларни “шамол гули”га қараб жойлаштириш керак, дейди иқлимшунос Эркин Абдулахатов.
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Тошкентда ҳаво ифлосланишининг асосий сабаблари ҳамда экологик вазиятни яхшилаш услублари ҳақида Ўзбекистон Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти докторанти, иқлимшунос-эксперт Эркин Абдулаҳатов Sputnik мухбирига сўзлаб берди.

Ҳаво ифлослиги бўйича Тошкент 20-25 ўринларда

Тошкентда ҳаво сифатини мониторинг қилиш Ўзгидромет томонидан ўтган асрнинг 70 йилларида бошланган. У вақтларда асосан ПМ 100 дан каттароқ бўлган чанг, кўзга кўринадиган заррачалар мониторинг қилинган. Республиканинг 25 та шаҳрида 65 та мана шундай постлар мавжуд ва бу ҳозир ҳам давом этмоқда.
Бугунги кунда Ўзгидромет аста-секин янги асбоб-ускуналар сотиб олиб, ҳаво сифатини замонавий стандартлар асосида ўлчай бошлади. Айни дамда бунда асбоблар Тошкентнинг 2 та нуқтасида ишламоқда, Республика бўйлаб яна 8 та шаҳарда датчиклар ўрнатилмоқда.
Бутун дунёда ҳаво ифлослиги унинг таркибидаги майда заррачалар ПМ 2.5 ПМ 10 миқдори билан белгиланади. Соч толасида 40 баравар кичик бўлган ушбу заррачалар махсус асбоблар ёрдамида ўлчанади ва маълумотлар онлайн равишда "Air quality index" платформаси узатилади. Бу платформа 110 тага яқин шаҳарларнинг рейтингини юритади. Айтиш жоизки, дунёда ҳаво ифлослиги ўлчанмайдиган ва ушбу рейтингга киритилмаган йирик шаҳарлар ҳам талайгина.

Тошкент ҳаво ифлослиги бўйича камдан-кам ҳолатларда топ-20 таликка киради. Куз ва қишда тез-тез, бешинчи, олтинчи ва ҳатто биринчи ўринларга чиқиб олади, лекин бу қисқа даврга хос кўрсаткич. Йил давомида биз 110 та шаҳар орасида ўртача 25-ўриндамиз. Охирги 7 йиллик кузатувларга кўра, Тошкент 20, 25 ва 18-ўринлар оралиғида тебраниб турибди.

Халқаро платформада 5 та ранг бор. Булар: яшил – хавфсиз, сариқ – кам сезиларли, тўқ сариқ – ўртача сезиларли, қизил – кучли сезиларли, бинафша – ўта хавфли. 2021 йил 4-7 ноябрда Тошкентда бинафша ранг кузатилган. Рейтингда 3 сутка давомида биринчи ўринда бўлганмиз.

Тошкент “иссиқлик оролига” айланмоқда

Биламиз, баҳорда кўп ёмғир ёғади, ерлар доим нам бўлади, асфальт қизимайди. Шуни ҳисобига баҳор ва ёз ойлари бошларида Тошкент шаҳри бир муддат энг тоза ҳудуд мақомини олади. Ёз ўрталаригача ҳаво исийди.

Ундан ташқари, пойтахтда яшиллик даражаси ҳам кескин камайиб кетган. Бундан 15 йил илгари шаҳар 20-30 фоизгача яшиллилик билан қопланган бўлса, ҳозир ушбу кўрсаткич 10-18 фоизга тушиб қолган. Дарахттлар, боғлар ва кўкламзорлар ўрнига шаҳар бинолар, йўллар, асфальт ва бетон билан қопланган, шаҳарсозлик ва қурилишлар ҳам фаол олиб борилмоқда.

Оқибатда ҳавонинг юқори иссиқлиги, асфальт қопламаларига, яшиллик билан ҳимояланмаган тупроқ қатламларига сингиб, ундаги намгарчилик даражаси янада камайтириб юборади. Сўнгги вақтларда ушбу ҳодисани ифодаловчи Тошкент “иссиқлик ороли” деган тушунча ҳам пайдо бўлган.
Хуллас, юқори иссиқлик оқибатида тупроқдан майда чанг заррачалари ҳавога кўтарилади. Бу жараён ёз-куз ойларида сўнгги 3-4 йилликда одатий бўлиб қолди. Ёмғирсиз мавсумларда шаҳар ҳавосида майда диспер заррачалар миқдори кескин ортмоқда. Баъзан шамол бўлмаган ҳолатда ҳам биз “рейтингда” 5,6-ўринларга чиқиб оляпмиз.
Прогнозларга кўра, эндиликда ҳарорат юқорилаб бораверади, шаҳар кенгаяверади, натижада чанг заррачалари ортишига гувоҳ бўламиз. Агар биз яшил иқтисодиёт тамойиллари асосида ўз ишларимизни режалаштирсак, мазкур жараёнларни анча камайтиришимиз мумкин.
Иқлим ўзгариши Тошкент атрофидаги ҳудудлар, хусусан Қозоғистон жанубидаги чўлларга ҳам таъсир қилмоқда. У ерда суғориладиган майдонлар ишдан чиқиши оқибатида шамол чўлдаги майда чанг заррачаларини ҳудудимизга олиб келмоқда.

Дарахтлар ёмғирдан кўкармайди

Олдинги йилларда дарахт экилган ва у ўзидан ўзи кўкариб кетаверган. Биз бу ёмғир кўп ёққанидан деб, ўйлаганмиз. Лекин ҳозир ёмғир кўпроқ ёғяпти. Масалан, Тошкентда ўтган асрнинг 60-80-йилларида йиллик ёғингарчилик 350 мм атрофида бўлган, хозир бу 444 мм. Олдинлари республиканинг катта қисмида дарахт экилганидан сўнг биринчи йил сув берилган, иккинчи йилдан сув бериш шарт бўлмаган. Дарахтлар илдизи ерости сувларига уланиб кетган. Афсуски, ҳозир дарахт экилса, камида 5 йил давомида уни суғормасангиз, қуриб қолади. Дарахтларни йўқотишимиз ерости сувларини тубга томон қочирди.
Катта катта дарахтлар кесиб ташланди, фильтр вазифасини бажарадиган ҳеч нарса қолмади. Тупроқ унумдор қатлами шунчаки йўқотиляпти. Буни эса қайта тиклашни иложи йўқ.

Пойтахтда биз тезроқ яшиллиликни кўпайтиришимиз керак. Қисқа вақт оралиғида буни 25-30 фоизга чиқаришимиз керак. Яшиллилик асосий ечим сифатида қараляпти. Нафақат Тошкент, балки унинг атрофидаги ҳудудларда буларни амалга оширишимиз керак.

Дарахтни суғоришда энди ўтмишдаги усуллардан фойдаланмаслигимиз керак. У даврлардагидек иқлимни, сувни ўзи йўқ бизда. Ҳозир биз замонавий суғориш технологияларидан фойдаланишимиз керак, экилган дарахтларни узоқ вақт давомида парвариш қилиш керак. Яна бир масала, шаҳар атрофидаги, умуман минтақадаги ерларнинг чўллашишига, тупроқлар деградациясига йўл қўймаслик керак.

Шамол гули — шаҳарсозликда асосий омил бўлиши керак

Бизда шаҳарсозлик қурилишида эътибор берилмайдиган энг асосий масала бу шамол гули ёки “роза ветров”. Кун давомида шамол гули қайси томонга эсаётганига қараб биз бинолар лойиҳасини ишлаб чиқишимиз керак. Бунга эътибор берилмагани оқибатида бинолар орасида “циркуляция” ҳосил бўлмаяпти. Шаҳар аҳолиси димиқиб қолмоқда.
Шамол гули (роза ветров), одатда, кундуз куни текисликдан тоққа қараб, кечқурун тоғдан текисликка қараб эсади. Яъни, кун кечида Тошкент шаҳри атрофидаги саноатлашган Чирчиқ, Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен шаҳарларидаги завод, фабрикалар чиқараётган ҳавони ифлослантиручи моддалар, тинч об-ҳаво ҳолатида, кечқурун бизга кириб келади. Статистикада ҳам Тошкентда айнан кечқурун кундузга нисбатан рейтингда ифлосланиши юқори бўлади.
Ҳозирги кунда Тошкентда совет даврига нисбатан шамол гули кескин ўзгариб кетган. Бизнинг қурилиш нормаларимиз эса ҳали ҳамон 70-80 йилларда фақат Тошкент шаҳри учун қилинган шамол гули схемаси асосида амалга ошириляпти. Тошкент шаҳри учун қилинган схема Ангрен, Бекобод, ҳаттоки тоғли станциялар учун ҳам ишлаяпти. Аслида тоғли станциялар учун шамол гуллари буткул бошқача.

Ҳозир шамол гули йўналиши кўпроқ шарқ томон эсаяпти. Бу шаҳарсозликда энг асосий омил ҳисобланади. Буни билмасдан туриб, биз шаҳарда чанг масалаларини камайтришга қаратилган чора-тадбирларни ишлай олмаймиз.

Шамол гули йўналишига қараб, биз қайси ҳудудда қайси пайтда ифлосланиш кўпайиб ёки камайиб бораётганини билиб олишимиз мумкин.
Мисол учун, Бишкекда мазкур ишлар амалга оширилди. Биламизки, уларда газ етишмовчилиги сабабли иситиш учун кўмир ёқилғисидан фойдаланилади. Кўмир эса ўзидан жуда катта ифлослантирувчи моддаларни чиқаради ва шаҳар ҳар йили куз-қиш мавсумида рейтингда биринчи, иккинчи ўринга чиқади.
Бунинг учун уларнинг экологлари, депутатлари келишиб, завод фабрикаларнинг иш режимини ўзгартиришди. Кечқурун завод камроқ ифлослантирувчи моддалар чиқарса, ҳаво ифлосланиши кескин камайган. Улар шамол гули эсишига қараб заводда иш тартибини белгилашди.
Биз ҳам шамол гули кириб келиш мониторингини тўғри юрита олсак, натижага эришамиз.
Янгиликлар лентаси
0