Меҳнат бозорида Россия ОТМлари филиаллари битирувчиларига талаб қанчалик юқори?
11:59 17.08.2021 (янгиланди: 18:34 05.04.2023)
© Sputnik / Рамиз БахтияровФилиал Российского химико-технологического университета имени Д. И. Менделеева (РХТУ) в Ташкенте
© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда Россиянинг қатор олийгоҳлари фаолият юритади. Бугунги кунда бу филиал битирувчилари ҳаётда ўз ўринларини қанчалик топа олишмоқда?
ТОШКЕНТ, 17 авг – Sputnik. Россия олий таълим муассасаларининг Ўзбекистонга кириб келиши 2002 йилда бошланган эди. Ўшанда илк қалдирғоч сифатида Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ўз фаолиятини йўлга қўйди. Бирин-кетин Ломоносов номидаги МДУ (2006 йил) ҳамда Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (2007 йил) филиаллари ташкил этилди. Сўнгги тўрт йилда эса кескин ўсиш юз берди ва жами Университетлар сони 12 тага етди. Бугунги кунда Россия билан ҳамкорликда йигирмадан зиёд йўналишларда мутахассислар тайёрланмоқда. Меҳнат бозорида бу мутахассисларга талаб қанчалик юқори? Sputnik мухбири бу саволга жавоб излади.
Муваффақиятлар калити – устозлар берган билимда
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, жорий 2020-2021 ўқув йили учун мамлакатдаги Россия олий таълим муассасалари филиалларида 2180 та квота ажратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг 34 та олий таълим муассасасида россиялик ҳамкасблар билан қўшма таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрланмоқда. Яна бир эътиборли рақам – ҳар йили 200 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик ёшлар Россия федерал бюджети ҳисобидан грант асосида ушбу мамлакат олий ўқув юртларига қабул қилинади.
Меҳнат бозори тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Беҳзод Тагаевнинг сўзларига кўра, “...улар (битирувчилар – таҳр.) ҳали ўқишни тугатмасдан аввал иш билан бандлиги таъминланади”.
Ана шундай муддатидан олдин иш жойини топган ёш мутахассислардан бири – И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали битирувчиси Муроджон Усмонов.
“Ўқишни 2014 йилда тамомлаган эдим. Йўлланма бўйича Бухоро геофизика экспедицияси филиалида оддий техник лавозимида иш бошладим. Тўрт йил деганда Саноат хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ва экология хизмати бошлиғи лавозимига кўтарилдим. Маошим ҳам шунга яраша... Курсдошларим орасида кимдир ишсиз қолиб кетгани ёки ҳаётда ўз ўрнини топа олмагани ҳақида эшитмаганман. Муваффақиятларимиз калити – устозларимиз берган билимда. Махсус фанлар бўйича Россиядан ўқитувчилар келиб имтиҳон қабул қилишган. Талаблар жуда юқори – улардан “аъло” олиш осон эмас...”, - дейди Усмонов.
Ўзбекистон Марказий банки Ижро аппарати бошқармаси бошлиғи Шоҳрух Ғайбуллаевнинг сўзларига кўра, у 2016 йилда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиалини тамомлаган. Ўша йили Марказий банкка ишга қабул қилинган.
“Шўъба мудири, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи каби лавозимларда ишладим, бугунги кунда Ижро аппарати бошқарма бошлиғиман. Илмий фаолиятим ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Ҳозир сунъий интеллект ёрдамида катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш устида иш олиб бораяпман. Бу иқтисодий самарадорликни ошириш, харажатларни камайтиришда қўл келади. Амалиётда қўллаб кўрдим – дастлабки натижалар чакки эмас.Университетда фидойи ўқитувчилар қўлида таълим олиш бахти насиб этган. Диплом иши ёзаётганимда устозим кеч соат саккиз-тўққизгача мен билан ўтириб ишлар эди... Ўзбекистонда банк соҳасини рақамлаштириш, соҳага сунъий интеллектни олиб киришни орзу қиламан”, - дея режалари билан ўртоқлашади у.
Яна бир “Плеханов”ни тамомлаган Малика Раҳимова ҳозирда "ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” ходимидир. У университетни икки йил олдин қизил диплом билан битирган. Кейин “Лукойл”га иш юритувчи бўлиб кирган.
“Ҳозир етакчи ҳисобчиман. Компания доирасида ўтказилган илмий-техник ишланмалар танловида қатнашиб, иккинчи босқичга ўтдим. Агар ғолиб чиқсам, имкониятлар янада кенгаяди. Умуман, ҳаётда ва ишда эришаётган барча ютуқларим учун Университетимиздан миннатдорман. У ерда изланувчан ёшлар учун барча шароитлар муҳайё. Дунёнинг кўзга кўринган мутахассисларидан маърузалар тингладик, таълимдаги энг илғор инновациялардан фойдаландик. Менга филиалимиз директори, академик Қаландар Абдураҳмоновнинг ўзи илмий раҳбарлик қилган эди”, - дейди Раҳимова.
Дарвоқе, мақола давомида Россия олий ўқув юртларига ҳар йили грант асосида 200 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар қабул қилинаётгани ҳақида айтган эдик. Янги 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон учун квота қарийб икки баравар оширилди ва 405 ўринга етди.
Бундан ташқари, ҳар йили Россиянинг 50 га яқин университетларидан делегациялар ташриф буюриб, ўз олий ўқув юртларидаги таълим имкониятлари юзасидан тақдимотлар, кўргазмалар ҳамда бўлажак абитуриентлар билан учрашувлар ўтказади. Яна 1 500 нафарга яқин ўзбекистонлик эса кўчма қабул комиссиялари орқали ўқишга қабул қилинади.
Тошкент шаҳридаги “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали ижрочи директори, педагогика фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Олимовнинг сўзларига кўра, тўрт йил илгари республикада болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш 27 фоиз эди, бугунги кунда 60 фоиздан ошган.
“Ўз навбатида, педагог кадрларга бўлган талаб ҳам кучайди. Шунингдек, сўнгги йилларда боғчалар ва мактабларда рус тилидаги гуруҳлар сони кўпайиши натижасида рус тили ўқитувчиларига ва рус гуруҳлари учун тарбиячиларга эҳтиёж юқори бўлмоқда. Филиалимиз 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб педагогик таълим, педагогика ва ижтимоий психология, махсус педагогика, лингвистика (рус тилини ўқитиш назарияси, методикаси ва маданиятлараро коммуникация) каби йўналишларда кадрлар тайёрлашни йўлга қўяди. Юксак савияли ва юқори маҳоратга эга мутахассисларни етиштириш учун мактабгача таълим ташкилотларида олий маълумотли кадрлар салмоғини ошириш; педагогларларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш бўйича узлуксиз семинарлар, тренинглар ва ўқув курсларини ташкил қилиш; таълим ва тарбия жараёнига инновацион методларни ва хорижий тажрибаларни жорий этишга эътиборни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайман”, - дейди Олимов.
Умуман олганда, Россия ОТМларида таҳсил олаётган ўзбекистонликлар сони 2018-йилдаги 26 500 дан 30 264 нафарга етди. Улар машинасозлик, энергетика, жумладан атом энергетикаси, ахборот технологиялари, қурилиш, тиббиёт, геология, кимё ва биотехнологиялар каби йўналишларда таҳсил олишмоқда. Бу соҳалар мамлакат тараққиёти учун қанчалар аҳамиятли экани ҳақида ортиқча сўзга ҳожат бўлмаса керак.
Меҳнат бозори тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, сўнгги 11 йил давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш, қурилиш, алоқа ва ахборот, молия ҳамда суғурта йўналишлари энг кўп ҳақ тўланадиган соҳалар бўлиб келмоқда.
Билимга асосланган иқтисодиётни барпо этиш олий таълим сифати ва етишиб чиқаётган мутахассисларнинг малакаси билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистонда ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етди. Бу мавзуда гапирганда, ўсиб бораётган рақамлар, жумладан, Россия университетлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари ҳисобига шаклланаётганини ҳам назарда тутамиз, албатта.