ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Республика бўйлаб фаолият юритаётган дорихоналарда коронавирус пандемияси фонида дори воситалари нархи ошиб кетди. Ҳатто, ҳаётий муҳим саналган дори препаратлари нархи ҳам. Дорихоналар ҳатто белгиланган устамаларни (20 фоиз ўрнига) 93 фоизгача қўллашгани фош бўлмоқда. Жамоатчиликнинг бу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда қолдираётган эътирозлари асосида Sputnik Ўзбекистон мухбири суриштирув ўтказди.
Ҳукумат кўрган чоралар
Бугунги пандемия вақтида коронавирусга қарши курашиш, аҳолининг ушбу касалликка чалинишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни қўллаш Ўзбекистон республикаси олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Шундан келиб чиқиб, давлат раҳбарининг топшириғи асосида Ўзбекистон аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш, кундалик эҳтиёж маҳсулотлари тақчиллигининг юзага келиши ва нархлар кўтарилиб кетишини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Жумладан, карантин шароитида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга 1197 қисқа рақами ёки Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 71 203 01 21 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкинлиги маълум қилинди (Аммо негадир ҳозирда ушбу рақамлар иш фаолиятида эмас).
Дори дефицити
Covidдан даволанаётган беморлар шифохоналарда бепул дори воситалари билан таъминланаётган экан, нега аҳолининг айрим қисми шахсан дорихоналардан дори сотиб олишга мажбур бўлмоқда, деган ўринли савол туғилади. Бу юзасидан бир қанча дорихоналарда бўлиб, келаётган харидорларнинг ўзларига мурожаат қилинганда, улар айни кунда Covidни тузатадиган дориларнинг танқислиги вужудга келаётгани, туман поликлиникалари тўлиқ етказиб бера олмаётгани боис, ўзлари сотиб олишга мажбур бўлаётганликларини айтишади.
Масалан, ўзини М.Усмонова дея таништирган харидорнинг айтишича, унинг оиласида ўн киши истиқомат қилиб, аввал оиланинг фақат бир аъзоси Covidга чалинади. Сўнг у орқали оиланинг бошқа аъзоларига ҳам вирус юқиб, тест-таҳлил натижаларидан сўнг, ушбу оила туман поликлиникаси ходимлари назорати остида уй шароитида ётиб даволанишга мажбур бўлади.
Аммо поликлиника ходимлари Covidни тузатувчи дориларнинг "тугаб қолганини" ва мазкур оиланинг ҳар бир аъзосини махсус қутидаги бепул дори воситалари билан таъминлай олмаслигини маълум қилади.
"Бизга атиги уч қути Covid га қарши дорилар тўплами топширилди холос. Аслида битта бемор тўлиқ тузалиб оёққа туриши учун, унинг ўзига бир қути дори воситаси керак. Биз эса уч қути дорини бутун бошли оила бўлиб қабул қилдик, шунинг учун, на тузалдик ва на қайта дори билан таъминландик", – деди аёл.
Ўзини Ф.Исмоилов дея таништирган харидор ҳам айнан шу мазмунда сўзлайди: у қизи ва рафиқасининг Covidга чалиниб, уйда ётиб даволанаётгани, айрим дори воситалари етмай қолгани боис қиммат нархда дорихонадан сотиб олишга мажбур бўлаётгани, баъзи дориларни эса дорихоналарнинг ўзидан ҳам топиб бўлмаётганини айтади.
Кимга аза, кимга тўй
Нега бугун дорихоналарнинг "қинғир бизнеси" эркин бўлиб қолди? Умуман, дорихоналарга четдан келтирилаётган ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиб сотувга қўйилаётган дори воситаларини нархлаш тартиблари қандай?
Шу юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Лочинбек Худоёровга мурожаат қилдик.
Унинг айтишича, "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор 1-бандига мувофиқ, четдан олиб келинадиган, ҳамда мамлакат ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситаларини сотишда (уларни етказиб беришдаги иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар) улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун эса улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўйиш мумкин экан.
Агар дорихоналар томонидан бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта лицензия талаблари ёки шартлари бузилса, шу жумладан, дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилган бўлса, лицензияловчи орган томонидан дорихона лицензиясининг бекор қилинишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг бўлим бош инспектори Баҳодир Салимов ҳам дорихона ва уларнинг филиаллари томонидан белгиланган савдо устамасидан ортиқ миқдорда нарх қуйиб сотилиши савдо қоидаларини бузиш ҳисобланиши ва бу ўз навбатида маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкинлигини айтади.
Хусусан, "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг 164-моддаси 1-қисмига мувофиқ, Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш — фуқароларга 223 минг сўмдан 1 млн 115 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса — 1 млн 115 минг сўмдан 1 млн 561 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги (яъни 22 млн 300 минг сўмдан 66 млн 900 минг сўмгача) қийматда бузиш — фуқароларга 1 млн 115 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача миқдорда, мансабдор шахсларга эса — 1 млн 561 минг сўмдан 3 млн 345 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги (яъни 66 млн 900 минг сўмдан 111 млн 500 минг сўмгача) қийматда бузиш, — фуқароларга 2 млн 230 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса — 8 млн 920 минг сўмдан 17 млн 840 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 189-моддасида, товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги (яъни 111 млн 500 минг сўмдан юқори бўлгани) қийматда бузиш — 66 млн 900 минг сўмдан 133 млн 800 минг сўмгача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
"Анча миқдор деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган доирадаги, кўп миқдор деганда эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади. Жумладан, ЖКнинг 189-моддасига кўра, товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади" - дейди инспектор.
Департамент ходимига кўра, дори воситалари нархининг сунъий оширилиши ва ноқонуний савдосига йўл қўймаслик борасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида жами 149 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, шундан 36 ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, 113 ҳолатда эса маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлари юритилган. Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида эса жами 2 млрд 674 млн сўмдан ортиқ дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ашёвий далил сифатида олиниб, келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Тошкентдаги 2455 нафар дорихона мансабдор шахслари расман огоҳлантирилган.
Шу билан бир қаторда, нархлар динамикаси ва нарх шаклланиши механизмларини ўрганиш, устамаларга риоя этилишини таҳлил ва назорат қилишда иштирок этиш ҳамда нархларни барқарорлаштириш юзасидан асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш бевосита Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига юклатилган.
Aгар фуқаролар томонидан дорихоналарнинг дори воситалари ва тиббий буюмлари нархларининг асоссиз равишда оширилганлиги аниқланса, Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг 1159 ишонч телефони ёки Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 71-233-10-07 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.
Нафси ҳакалак отган дорифурушлар
Бугунги кунда дори-дармон воситаларини харид қилаётган истеъмолчилар ҳуқуқлари билан бевосита Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги шуғулланади.
Агентликнинг матбуот-хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаеванинг маълумот беришича, жорий йилнинг 23 июл санасидан 9 октябригача 3 мингта дорихоналарда мониторинг кузатувлари ўтказилганда, 30 та дорихонада белгиланган устамаларнинг (20 фоиз ўрнига) 93 фоизгача қўлланилганлиги фош бўлган.
Натижада 17 та ҳолатда яроқлилик муддати ўтган, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш, 18 ҳолатда лицензиясиз фаолият ва бошқа камчиликлар аниқланиб, қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган жами 28 та дорихонага иш қўзғатилган ва ортиқча олинган 2 миллион 800 минг сўм пул маблағи истеъмолчиларнинг ўзларига қайтарилган.
"Ўтган давр мобайнида Агентлик ва унинг худудий тузилмалари томонидан дори воситалари нархлари ва дорихоналарда мавжуд эмаслиги юзасидан истеъмолчиларнинг 224 та аризалари ўрганиб чиқилди. Яна аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида @dorinarx_bot телеграмм боти ишга туширилди. Эндиликда ҳар бир истеъмолчи ушбу бот орқали дори-дармонларнинг ҳақиқий нархлари тўғрисида тезкор маълумот олиш имкониятига эга бўлади", - дейди Тоғаева.