ТОШКЕНТ, 17 июл – Sputnik. Ўзбекистон ўзига керакли бўлган дориларнинг 21%ини ишлаб чиқаради, қолган 79 % - импорт қилинади. Бу ҳақида кеча президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда маълум бўлди.
Фармацевтика корхоналарининг аксарияти оддий формулали дори-дармонларни ишлаб чиқариш билан чекланмоқда. Шу боис импорт қилинадиган маҳсулотлар улуши 79 %ни ташкил этади. Бу ҳали фойдаланилмаётган улкан салоҳият мавжудлигидан далолат беради, - дейилган хабарда.
Шавкат Мирзиёев фармацевтика соҳасининг илмий ривожланишини таъминлаш, кадрлар салоҳиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, янги корхоналар ташкил этишни ва қўшимча эркин иқтисодий зоналар ва илғор ривожланиш ҳудудларини яратишни, корхоналар ўртасида кооперацияни чуқурлаштириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва унинг рақобатдошлигини ошириш вазифасини қўйди.
Айни пайтда фармацевтика саноатида умумий қиймати 630 миллион доллар бўлган 93 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, шундан 355 миллион доллари хорижий инвестициялардир. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш 5,5 минг иш ўрни яратилишини таъминлайди.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика саноатида 202 та корхона фаолият юритмоқда. 2019 йил якунида бу тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 170 миллион долларни, экспорт 22,1 миллион долларни ташкил этган.