ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 14 октябрь куни Россия етакчи ОАВлари Sputnik, "Говорит Москва" ва "Комсомольская правда" вакиллари саволларига жавоб берди.
Қорабоғ муаммоси
Қорабоғ муаммоси борасида айни дамда биринчи босқич келишувга эришилган. Унга кўра, Қорабоғнинг 5та туманида жанговар ҳаракатлар тўхтатилиб, тинчлик ўрнатилиши керак.
2-босқичда Қорабоғнинг юридик мақоми белгиланади ва 3-босқичда ушбу ҳудудга тинчликпарвар кучлар ёки ҳарбий кузатувчилар киритилади. Россия ҳарбий кузатувчилар киритиш тарафдори.
Афсуски, ҳозирги кунда Озарбайжон Қорабоғни кучи билан бўлса ҳам эгаллаб олишга тайёрлигини билдирмоқда. Туркия эса уларга ёрдам беришга тайёр.
Бизнингча, Қорабоғ муаммоси фақат тинчлик йўли билан ҳал қилиниши мумкин. Фақат томонлар розилиги ва сиёсий келишув орқали узоқ муддатли тинчлик ўрнатилиши мумкин. Ҳарбий куч ёрдамида ҳал қилинган ҳар қандай муаммо вақт ўтиши билан яна қайта янгиланаверади. Буни тарих бир неча бор намойиш қилган.
Туркия борасида
Россия ҳеч қачон Туркия бизнинг стратегик иттифоқчимиз демаган, чунки у бизнинг ҳамкоримиз.
Ҳозирги кунда Туркия ўз ҳудудидан ташқарида бўлган бир неча сиёсий можароларга Ливияда, Кипрда ва бошқа жойлардаги аралашаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Лекин бу уларнинг сиёсий амбициялари ошганини англатмайди. Улар ўз манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Асосийси - ҳаммаси халқаро қонун доирасида бўлиши керак.
Сурияда биз Туркия билан муваффақиятли ҳамкорлик қилдик. Ушбу ҳамкорликка мувофиқ аксарият ҳудудларда тинчлик ўрнатилди. Бунда Туркия томонидан ўз ниятларининг очиқлиги ва қонунийлиги таъминланди.
Умуман кўплаб Яқин Шарқ мамлакатларининг Сурияда манфаатлари бор. Улар қаторида Туркия, Эрон ва Қатарни санаб ўтиш мумкин.
Лекин Сурияда ҳозир муаммо туғдираётган ягона давлат бу – АҚШ. Улар ушбу давлат ҳудудида сепаратист курдларни қўллаб- қувватламоқда. Бошқаларга Суриядан нефть харид қилишни таъқиқлаган ҳолда, курдларга ноқонуний нефть савдосига рухсат берган.
Ислом дунёсида ҳам етакчилик учун ўзига хос кураш кетмоқда. Туркия, Саудия Арабистони, Покистон ва Индонезия – ҳозир энг йирик давлатларга айланган.
БМТнинг Исроил тузилиши ҳақидаги конвенциясида айтилишига кўра, бир вақтнинг ўзида Фаластин давлати ҳам ташкил қилиниши керак эди. Ҳозир бўлса Исроил давлати бор, Фаластин эса – йўқ. Биринчи навбатда Исроил ва Фаластин орасида тинчлик ўрнатиш керак. АҚШ бўлса бу ерда ҳам норозилик уруғларини сочди. Исроил пойтахти кўчирилиши билан мусулмонлар ўзларининг масжидига кириши чекланди.
Европа сиёсати ўзгармоқда
ЕИ Навальнийнинг сохта заҳарланиши борасида Москвада уларга ҳисоб беришини талаб қилмоқда. Лекин Москва Брюссель олдидан ҳеч нарсага жавоб беришга мажбур эмас. Бизнинг ўз Конституциямиз, ўз қонунларимиз бор.
Яқинда Германиянинг етакчи “Ақл марказлари”дан бири – Германия янги шарқий сиёсат йўналишига ўтганини эълон қилди. Уннинг асосий мазмуни шундай: Россия янгича дунё тартибининг муҳим масаласи борасида НАТО билан ҳамкорликдан воз кечди. Бу ушбу давлат раҳбарияти орасида кийфиятлар ўзгарганидан дарак беради, деди Лавров.
Иқтисодий ҳамкорлик борасида – буни иқтисодий операторларнинг ўзлари ҳал қилиши керак, даромад келтирадиган лойиҳалар ишласа иккала томон учун ҳам яхши бўлади.
Афсуски, яқин орада Европа билан муносабатлар яхшиланиши кутилмаяпти. ЕИ раҳбарияти орасида русларни ёмон кўрадиган камчиллик (Болтиқбўйи ва Польша) овози баланд жарангламоқда. Париж яқин кунларгача биз билан ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эди. Кўрамиз бу нималарга олиб келади.
Россия бу империями?
Россиялик таниқли режиссёр Карен Шахназаров ўз чиқишларида Россияни империя деб атайди ва буни яхши деб ҳисоблайди. Сиз буни нима деб изоҳлайсиз?
Кареннинг фикрига кўра Россия бу – империя. СССР ҳам империя бўлган. Бугунги дунёда фақат империя ёки иттифоқ кўринишидаги давлатларнинг келажаги бор.
Алоҳида кичик давлатлар рақобатга чидай олмайди. Ушбу нуқтаи назардан қараганда ЕИ ҳам империя, АҚШ ҳам империя ва Хитой ҳам империя.
Ҳақиқатдан ҳам БМТнинг 193та аъзоси бўлса уларнинг барчаси йирик ва кучли мамлакат бўла олмайди. Ривожланиш доирасида куч чўққилари ёки бир неча давлатларни бирлаштирган куч марказлари пайдо бўлди.
Аслида империя – бу оддий халқ тилида айтилган соддалаштирилган тушунча. Унда манфаатларини ўз чегараларидан узоққа тарқата оладиган давлатлар назарда тутилади. Балким келажакда буни ифодаловчи аниқроқ термин пайдо бўлар.