Владимир Корнилов
Турли махфий Россияга қарши назариялар муаллифларининг Кремлнинг у ёки бу можароларга катта эҳтимол билан алоқадорлигини англатувчи гап-сўзлари қачон тугайди, жуда қизиқ. Биз аллақачон highly likely ("катта эҳтимол билан" — Скрипаллар ишида), almost certainly ("деярли аниқ" - "вакцина ўғриланиши" муносабати билан ёғдирилган айбловлар) сингари ибораларни ўрганиб бўлдик. Энди навбатдагиси — probably ("эҳтимол")га кўникишимизга тўғри келади, деб ёзади РИА Новости муаллифи.
Бу гал The Washington Post туфайли Владимир Путиннинг шахсан ўзи АҚШ президентлигига номзод Жо Байденни дискредитация қилиш (обрщсизлантириш) бўйича махфий операцияга "probably, раҳбарлик қилаётгани"дан хабар топдик. Бу ҳақда нашр ЦРУнинг супер-махфий докладига таянган ҳолда хабар берган - ҳужжатнинг махфийлилик даражаси шу қадарки, WP журналистлари ундаги контекст билан бир неча шахсларнинг ҳикоя қилиб беришлари орқали танишишга муваффақ бўлишган.
Бундай парадоксал хулоса учун асослар ҳайратлантирмай қўймайди: маълум бўлишича, у аллақандай аналитиклар томонидан "очиқ, махфийликдан чиқарилган ва махфий разведка манбалари" асосида тайёрланган.
Докладнинг биринчи қаторида гўёки шундай дейилган: "Бизнинг фикримизча, президент Владимир Путин ва Россиянинг юқори мартабали амалдорларининг аксарияти хабардорлар ва, эҳтимол (худди ўша probably. — Муаллиф) ноябрдаги АҚШ сайловлари олдидан АҚШнинг собиқ вице-президентини обрўсизлантириш, АҚШ президентини қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ихтилофни келтириб чиқаришга қаратилган Россия таъсир операцияларини бошқарадилар".
Вице-президентни обрўсизлантираётган аслида кимлигини ҳам билиб олдик! Байденга, кулгили хатоликларга тўла, айтилгандан сщнг унинг саломатлиги ҳолати ҳақида ўйлашга мажбур этадиган нутқларни ким ёзиб бераётгани ҳам ниҳоят, ойдинлашди. Эҳтимол, шахсан Путиннинг ўзи шу кунларда Байденга "унинг нутқи якунида дунёда коронавирусдан 200 миллион киши ўлиши" ҳақидаги матнни тиқиштирган бўлса керак. Чунки Байденни бундан ортиқ даражада ҳеч ким обрўсизлантира олмас эди.
Американинг кўплаб ОАВлари Ички хавфсизлик вазирлиги томонидан гўёки "ички фойдаланиш учун" чиқарилган (ва шу пайтнинг ўзида кўплаб ахборот сайтларида пайдо бўлган) шунга ўхшаш ҳисоботга эътибор қаратдилар. Ҳисобот: "Россия, эҳтимол (бу сафар шунчаки likely, highlyсиз. — муаллиф.), 2020-йилдаги сайловларга таъсир ўтказиш учун америкалик номзодлар саломатлигини дискредитация қилмоқда", деган сарлавҳа билан чоп этилган эди. Эътибор беринг, "номзодлар" сўзи кўпликда қўлланилган. Энди эса, американинг аксарият масс-медиаларининг ушбу "сенсация" борасидаги сарлавҳалари билан солиштирсак - агар уларга ишонсак, гап "Байденнинг ментал соғлиғига қарши Россия томонидан уюштирилаётган ҳужум" ҳақида бормоқда.
Ва бу бюллетенларда эронлик ва хитойлик акторларнинг Дональд Трампнинг руҳий ҳолатига ўтказаётган ҳужумлари ҳам ёдга олинган бир вақтда рўй бермоқда. Аммо бу, ўзингиз тушунгандек, америка демократик ОАВларини мутлақо қизиқтирмайди. Американинг амалдаги президентини шизофреник деб аташ - бу умуман аралашувга кирмайди. Бироқ Байден ҳақида бундай гапириб бўлмайди.
Ҳар нега қарамай, Россия-Хитой-Эрон макри иш бераётган кўринади. Агар яқинда 2020-йил сайлов кампаниясининг энг муҳим штатларида ўтказилган сўровномага ишонсак, у ердаги сайловчиларнинг 51 фоизи Трампни президентликка "ментал яроқсиз" ҳисоблайди. 52 фоиз сайловчилар эса Байден ҳақида худди шундай фикрда. Яъни АҚШ президентлигига икки номзоднинг ақлий ҳолатини шубҳа остига олаётган америкалик сайловчиларнинг улкан миқдори, - бу "Россия дезинформацияси" натижаси, шундайми? Трамп ва Байден эса ўзларининг ажабтовур хатти-ҳаракатлари, юмшоқ қилиб айтганда, баҳсли иборалари билан бу ерда зинҳор ҳеч қандай рол ўйнамайди. Одатдагидек, ҳаммасига руслар айбдор. Probably.
Худди шу тарзда ўта даҳшатли даражада махфий бўлган ЦРУ доклади асосида WP чоп этган мақола ҳам — шунга ўхшайди.
Мақоланинг биринчи қаторида, АҚШ президентлигига номзоднинг дискредитацияси кампаниясига шахсан раҳбарлик қилаётган Путин ҳақида айтиб ўтилгач, гапнинг қолган қисми Украина парламенти аъзоси Андрей Деркач кирдикорлари ҳақида боради. У Петр Порошенко ва Жо Байден суҳбатлари аудиофрагментларини мунтазам равишда оммага эълон қилиши туфайли машҳур.
Унинг "Путин билан алоқалари" ҳали бу ҳеч нарса дегани эмас.
Америка ОАВлари "Деркач плёнкалари" ҳақида гап бошлаганларида улар фақатгина иккита далилга эга бўлишади, агар мумкин бўлса бу ҳақда қуйидагича айтиш мумкин: а) тўқсонинчи йиллар бошида у Москвада КГБ олий мактабини тугатган, демакки, ўз-ўзидан "Кремль агенти" ҳисобланади; б) у томонидан тақдим этилган ёзувлар "таҳрирланган". Бўлди, худди мана шу асосда демократик ОАВлар "плёнкалар"даги маълумотларни муҳокама қилишдан бош тортадилар, улар ҳақида эшитишган вақтларида эса қулоқларини беркитиб олишни одат қилишган. Ҳолат шунгача етиб бордики, Twitter "Деркач плёнкалари ҳақидаги" твит ёзган ва ундан Трамп иқтибос келтирган фойдаланувчининг учет записини шу ондаёқ блоклади.
Бу ерда ҳеч қандай цензура йўқ. Ахир "Кремль агенти" худди ўша Кремль буюртмасига биноан "дезинформацияни" тарқатяпти, дейилдику. Тегишли тартибда, бу маълумотларни текшириш буткул таъқиқланган.
Шу муносабат билан 2014 йилнинг июлида, Донбассда Малайзия "Боинг"и қулаганидан сўнг, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Валентин Наливайченко томонидан ўтказилган матбуот-анжумани ёдга тушади. Эртаси куни дунёнинг деярли барча етакчи нашрлари биринчи саҳифаларида у томонидан тақдим этилган "плёнкалар" ҳақида ёзилган эди.
Эътибор беринг, ўшанда ҳеч ким Наливайченконинг Москва КГБ Разведка институтида ўқигани ҳақида эсламаганди. Ғарбда ҳеч кимни аудиоёзувлар нафақат қайта таҳрир қилингани, балки шунчаки сохталиги ҳам асло ташвишлантирмаган. Шунчаки, MH17 Чернухинодаги аллақандай казаклар томонидан уриб туширилгани тўғрисидаги версия ўша вақтда ғарб журналистларини тўлиқ қаноатлантирарди.
Энди эса "Деркач плёнкалари" негадир уларга манзур бўлмаяпти - сабаби, бу сайловолди кампанияси вазифаларига мос эмас. Демак, бу ҳақдаги ҳар қандай маълумотни аёвсиз равишда цензуралаш жоиз.
Бу ёзувлардаги Порошенко ва Байден овозлари аслига мослигини ҳеч ким шубҳага олиш ниятида эмас. Аммо уларни муҳокама қилиш ва улардан иқтибос келтириш - ўта оғир гуноҳ. АҚШ медиа ҳамжамияти шу кунларда сенатнинг иккала қўмиталари томонидан тақдим этилган: "Хантер Байден, "Бурисма" ва коррупция" дея маънодор номланган ҳисоботга худди шундай муносабатда бўлди.
Доклад жуда салмоқдор бўлиб, америкалик мансабдорларнинг АҚШ олий раҳбарияти, шу жумладан, вице-президент Жо Байден ва Давлат котиби Жон Керрилар Украинага тегишли "Бурисма" газ компанияси коррупцион схемалари ва бу фирмада вице-президент ўғли Хантер Байденниг фаолияти АҚШга қандай муаммоларни келтириши мумкинлиги тўғрисида кўплаб маротаба огоҳлантирилганликлари ҳақидаги ажабтовур иқрорлардан иборат.
Агар Трамп ўз фарзандларининг коррупцион фаолиятлари ҳақида хабардор бўлиб, бунга гўё уларни шунга рағбатлантираётган сингари кўз юмганида эди, нашрлар уни қандай тепиб ташлаган бўлишларини тасаввур қилиш қийин. Аммо сенатнинг бу докладини ОАВлар келишилгандек эътиборсиз қолдиришди ёки бўлмаса шунчаки, "бу Россия дезинформация кампанияси", деб атаб қўя қолишди.
Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, АҚШ сенаторлари ҳам "Кремль агентлари". Ахир докладда "Бурисма" коррупцияси ва у ерда кенжа-Байденнинг фаолияти ҳақида тепага шахсан ҳисобот топширган мансабдорларнинг инкор этиб бўлмас фактлари ва кўрсатмалари келтирилган.
Бунга жавобан демократлар зудлик билан контр-ҳисоботини тайёрладилар ва унда оппонентлари далилларини йўқ қилиш, ёки ўта хиралаштиришга уриндилар. Ва бунда, табиийки, демократлар чиқарган асосий хулоса — сенат суриштируви "2020-йилдаги сайловларга Россия ҳужуми"ни акс эттираётгани бўлди. Яъни яна биз айбдормиз.
Бундан кўриниб турибдики, кенжа-Байденни Украинадаги коррупция ботқоғига ботган фирмага Россия тайинлаган, сўнгра катта-Байденга "Бурисма"даги коррупцияга доир айбловларни ўрганишга жазм қилган Украина Бош прокурори Виктор Шокинни қандай қилиб ишдан олишни ўргатган. Шундай экан, сенат ва Оқ уйдаги америкалик "Кремль агентлари" ҳаракатлари учун янги санкциялар ҳам ўзини кўп куттирмаса керак. Ахир Россиянинг айби, гарчи навбатдаги probably билан бўлсада, яна исботланди.