Сергей Савчук. Бўлажак АҚШ президентлик сайловлари мавзусини четлаб ўтиш жуда қийин, чунки гап дунёнинг биринчи иқтисодиёти раҳбари, сайёра миқёсидаги пул босмахонаси эгаси ва энг кучли ядро потенциалига эга армия бош қўмондони сайлови ҳақида кетмоқда. Ёз ҳали давом этмоқда, аммо Американинг сиёсий майдонидаги эҳтирослар тобора қизиб бормоқда.
Сайловлар ушбу нотинч ва инқирозли йилда ўтказилиши билан Дональд Трампнинг омади чопмади. Чунки биринчи ярим йиллик натижалари унга қарши ишламоқда: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19га қарши курашида мағлубияти (150 мингдан ортиқ ўлимлар), ошиб бораётган ишсизлик даражаси (мартдан бери 22,6 миллион янги ишсиз), углеводородлар бозорларидаги инқироз (газ ва СТГ нархи 25 йил олдинги паст нархларга тушиши). Қўлида бундай карталарга эга бўла туриб, партияни ғалабага олиб бориш жуда қийин. Жо Байден бу борада мутлақо тоза ва ўз рейтингини ошириш учун бу салбий ички тенденциялардан фойдаланиши шубҳа йўқ.
Аммо яна бир муҳим жиҳат борки, у сайлов тароз палласи бирон бир томонга ағдариши тайин. Гап кўмир қазиб олишнинг пасайиши ҳақида кетмоқда.
Муҳимлик ҳақида гапираётиб, биз ҳеч ҳам муболаға қилмадик. Олдинги сайлов кампаниясида Хиллари Клинтон ва унинг сайловолди штаби таниқли шахслар ва санъаткорларга таянган. Голливуд ва медиа юлдузлари Клинтон хонимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлар, Трампни эса ирқчиликдан тортиб Россия махсус хизматлари билан яқин дўстликка қадар барча тасаввур қилиб бўладиган гуноҳларнинг маркази сифатида кўрсатдилар. Республикачилар жамоаси ақллироқ бўлиб чиқди ва ғалаба қозонди.
Амалдаги президент ўрта синфга таянган ва унинг устунларидан бири - кўмир касаба уюшмалари бўлди. Бутун эътибор альтернатив энергетикага қаратилган, қазиб олинадиган углеводородлар эса деярли инсониятнинг асосий муаммоси бўлиб қолган замонавий ахборот тренди фонида, АҚШнинг 25 штатида, яъни мамлакатнинг деярли ярмида, кўмир қазиб олиниши эътиборга олинмай қолиб кетди.
Агар овоз бериш харитасига кўмир конларининг харитасини таққослаб кўрсак, кўмир қазиб олинадиган ва Трампни қўллаб-қувватлайдиган ҳудудлар мукаммал даражада бир-бирига тўғри келади. Трампга Овал кабинет эшикларини америкалик кончилар ўз қўллари билан очиб берди, чунки малла сочли номзод саноатни йўқ қилишни тўхтатиш, ишлаб чиқаришни тиклаш ва иш беришга ваъда берган. "Trump digs coal!" (Трамп кўмир қазийди-таҳр.) шиори сайловчилар билан деярли ҳар бир учрашувда жаранглаган ва улар яхши бўлади деб ишонишган.
Миллий кўмир саноати ва Трампнинг президентлик амбициялари остидаги асосий бомбани аввалги Барак Обама ўрнатди. У қуёш батареялари ва бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқарувчиларнинг ваъдаларига ўч эди ва 2016 йил феврал ойида American Recovery and Reinvestment Act (Америка қайта тикланиш ва қайта инвестициялаш тўғрисидаги қонун-таҳр.)га имзо чекди, унга мувофиқ мамлакат бюджетидан углеродсиз энергияни рағбатлантириш учун 90 миллиард доллар ажратилди ва яна 150 миллиард доллар инвестициялар шаклида хусусий ва нофедерал яшил лойиҳаларга сарфланди.
Айнан Обама даврида миллий кўмир саноати тез фурсатларда ёмонлаша ва қисқара бошлади. 2011 йилда АҚШ йилига 1,1 миллиард тонна кўмир қазиб чиқарган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 896 миллионгача қисқарди ва Америка 2016 йилги сайлов йилини 739 миллион тонна билан якунлади.
Дональд Трампга тан бериш керак: у ўз сайловолди ваъдаларини бажаришга ҳаракат қилди. Кейинги йилга келиб кўмир конлари ва очиқ конларда 775 миллион тонна қазиб олинди, қора олтин экспорти эса икки баравар кўпайди - 51 миллиондан 97 миллион тоннагача. Дарвоқе, Пенсильвания кўмирини Украинага етказиб бериш айнан даврга тўғри келади.
Аммо кейин жараён секинлашиб, вазият яна ёмонлаша бошлади. 2018 йилда энди 755 миллион тонна қазиб олинди, 2019 йилда эса - 705 миллион тонна, яъни атиги бир йил ичида ишлаб чиқариш 7 фоизга камайди. Бу 1978 йилдан бери энг ёмон кўрсаткич бўлди, Американи Жим Картер бошқарган, СССРда ҳокимият тепасида Леонид Брежнев бўлган.
Аммо бу рақамлар ортида асосий нарса кўринмайди - одамлар тақдири.
Сўнгги беш йил ичида Канзас ва Арканзасда кўмир қазиб олиш бутунлай тўхтатилди, Вайоминг, Ғарбий Виргиния ва Пенсильванияда (умумий ишлаб чиқаришдан 60 фоиздан ортиғини таъминлаган учта йирик кўмир штати) қазиб олиш ўртача 20 фоизга қисқарди. Аризонада Navajo кўмир электр станцияси ёпилди, у билан бирга эса Kayenta кони ҳам ёпилди, натижада уч юздан ортиқ кончилар ишсиз қолди ва ушбу иншоотлар жойлашган хопи хиндулар резервацияси бюджети бирданига 12 миллион долларга, яъни 80 фоизга қисқарди.
Аммо, АҚШ Энергетика вазирлигининг таркибий қисми бўлган Energy Information Administration (Энергетикага оид маълумотлар маъмурияти – EIA – таҳр.) келгуси йилда ишлаб чиқариш тикланишига ва ҳеч бўлмаганда ўтган йилги кўрсаткичларга қайтишига ишончи комил. Прогноз 2021 йилда табиий газ нархи шу қадар кўтариладики, унда энергия ишлаб чиқариш учун кўмирдан фойдаланиш яна иқтисодий жиҳатдан самарали бўлишига таянмоқда. EIA мутахассислари қандай дастлабки маълумотларга таянаётгани тушунарсиз, аммо бундай мардонавор тахминлар шунчаки фуқаролар мақсадли тоифасини ўз хоҳиш-иродасини намойиш этиш арафасида тинчлантириш учун маъмурий ресурсдан фойдаланишга жуда ўхшайди.
2020 йилнинг барча ишлаб чиқариш жабҳаларидаги натижалари аввалгилардан ҳам баттар бўлиши умуман аён. COVID нафақат нефт ва газ ишлаб чиқарувчиларининг режаларини, балки барча мамлакатлар бюджетларини ҳам шафқатсиз равишда бузди ва иқтисодиёт қанчалик катта ва углеводород бозорларига боғлиқ бўлса, зарар шунча катта бўлади.
Бугунги кунда АҚШда рекорд даражадаги 560 миллион тонна нефт тўпланди, уни ҳеч кимга сотиб бўлмаяпти. Сланец газ қудуқлари ишчилари сони 3 бараварга камайди ва бу 1975 йилдан бери энг паст кўрсаткичдир.
Бундай диспозиция Трампнинг иккинчи муддатга қайта сайланишига ҳеч қандай ёрдам бермайди, ахир олдинги кампаниянинг технилогияларидан энди фойдаланиб бўлмайди. Мамлакатга кўмир ва иш жойлари керак, Дональд Трамп эса ўзининг твиттерида постларини ва Американинг буюклиги ҳақидаги чексиз мантрани таклиф қилиши мумкин холос.