Олимпия шаҳарчаси: баланд девор ортидаги жаннат
Москванинг жанубий-ғарбий қисмида спортчилар учун махсус шаҳарча қуриш тўғрисида қарор 1974 йилда, Халқаро Олимпия қўмитаси СССРга ўйинларни ўтказиш ҳуқуқини берганида қабул қилинди. Москвадаги мавжуд меҳмонхоналар спортчилар ва сайёҳлар оқимига бардош бермаслиги аниқ эди. Ҳатто ўндан ортиқ меҳмонхоналар ва меҳмонхона мажмуаларини қуриш тўғрисидаги қарор ҳам вазиятни енгиллатмади. Олимпия шаҳарчасининг қурилиши 1977 йилда бошланди.
Дастлаб, бўлажак спорт шаҳарчаси учун бир нечта лойиҳалар кўриб чиқилди. Улардан бирига кўра, Москва меҳмонлари учун уйлар юмалоқ шаклда бўлиши керак эди. Шунингдек, Олимпия шаҳарчасини жойлаштириш СССР пойтахтининг шарқида Измаилово туманида режалаштирилган эди. Бироқ, шаҳарчани жанубий-ғарбда, “Лужники” спорт мажмуасига яқинроқда қуришга қарор қилинди. Шунингдек, бинолар билан тажриба ўтказмасликка ва уни стандарт ҳолда қуришга қарор қилинди. Бўлажак Олимпия шаҳарчаси ўрнида учта қишлоқ аҳоли пункти жойлашган эди - Тропарёво, Никулино ва Никольское. Ушбу қишлоқларнинг ёғоч уйлари бузиб ташланди. Тропарёвода фақатгина қишлоқ ибодатхонаси омон қолди.
“Олимпия шаҳарчасининг ўзи ўша йиллар учун одатий кичик даҳа эди, - дейди тарихчи Амирам Григоров. - Аммо айрим истаснолар билан. Уйлар барча жиҳозлари - мебеллар, телевизорлар, светильниклар билан бирга фойдаланишга топширилган. Баланд спортчилар - баскетболчилар, волейболчилар – учун махсус одатдагидан узунроқ кроватлар ўрнатилган”.
Ҳаммаси бўлиб қирққа яқин бино қурилган. Улардан ўн саккизтаси ўша пайтлар учун улкан 16 қаватли турар-жой мажмуалари бўлган. Дирекция, маданий марказ, савдо маркази, тўрт минг кишига мўлжалланган ошхона ва машғулотлар базаси учун алоҳида бинолар жиҳозланган. Кейинчалик Дирекция биноси концерт залига эга маданий марказ - Москва мудофааси музейи бўлиб қолди. Ошхонанинг биноси бир мунча вақт автоматик телефон станцияси бўлди, кейинчалик у бузиб ташланди.
“Шунингдек, Олимпия шаҳарчасида доим ишлайдиган фаввора кўзда тутилган эди, - дейди Амирам Григоров. - Аммо уни тугатишга улгишмади ва у ишга туширилмай қолиб кетди. Ҳатто Олимпиададан кейин ҳам. Фаввора Олимпия шаҳарчасининг марказида жойлашган эди. Унинг атрофида магазинлар, дискотека ва кафе бор эди. Бу кафега кириш пуллик бўлиб, унга кириш ўша пайтда жуда баланд ҳисобланган икки рублни ташкил этган. Бироқ, унга киришга пул тўлаган меҳмон “Воронеж-2” ускунасида тайёрланган икки дона сут коктейлини бепул оларди.
Совет фуқароларининг аксарияти учун Олимпия шаҳарчасига кириш тақиқланган эди. У девор билан ўралган, назорат пунктида эса қаттиқ назорат ўрнатилган.
“Олимпия шаҳарчасининг спорт ахборот хизмати ходимининг хотиралари сақланиб қолган, - дейди Амирам Григоров. - Спортчилар келмай туриб, совет фуқаролари камёб маҳсулотларга тўла ошхонада тушлик ва кечги овқат қилишлари мумкин эди. Ассортиментда краблар, йогуртлар, қадоқланган шарбатлар бор эди. Буларнинг барчаси бир марталик идишларда бериларди. Олимпия шаҳарчасининг ишчилари пластик қошиқ ва пичоқларни сувенир сифатида уйларига олиб кетишарди. Улгиганлар ўша пайтга энг зўр ҳисобланган стоматологларга кўриниб олишган – улар импорт материаллари билан ишлаган. Магазинларда ҳаридлар фақат спортчиларга руҳсат этилган”.
Олимпия шаҳарчасида доим совет эстрада юлдузлари концертлар бериб туришган. Барлар ҳам совет одамларининг тасаввурини ҳайратга солган. У ерда виски ёки қуруқ мартини татиб кўриш мумкин эди.
“Космос” меҳмонхонаси: совет юқори технологиялари
ВДНХнинг асосий киришига яқин жойлашган, Мир шоҳкўчасидаги ҳашаматли меҳмонхона Олимпиададан бир йил олдин очилган. Унинг 1979 йил 18 июл кунги очилиш маросимида халқаро миқёсдаги супер юлдуз Джо Дассен чиқиш қилди. Дарҳақиқат, ўша йилларда СССР учун “Космос” меҳмонхонаси ақл бовар қилмайдиган ҳодиса бўлди. Меҳмонхона Югославия қурувчилари томонидан француз лойиҳасига асосан қурилган.
“Совет амалиётида биринчи марта бинода уч камерали ойна пакетлари пайдо бўлди, - дейди архитектура тарихчиси Анна Броновицкая. – Бутун фасад бўйича сенсорлар тизими бино қисмлари ва хоналардаги ҳароратни бошқарган. Ундан ташқари меҳмонхонада тоза чойшабларни етказиб берувчи симли тизим ишлаган, биринчи бор калитлар ўрнига карталар пайдо бўлди. Дарвоқе, ушбу карталар ёрдамида меҳмонхона ичида тўловларни амалга оширса бўлар эди. Совет Иттифоқида биринчи боулинг ҳам шу ерда ишлаган”.
Бино ярим доира шаклига эга бўлиши бежиз эмас, халқ орасида у “ярим стакан” деб номланган. Дастлабки режага кўра, меҳмонхона ВДНХнинг ярим доира шаклидаги кириш қисмини акс эттириши керак эди.
“Бироқ, меҳмонхонани кўргазма қаршисига қуришнинг иложи бўлмади, - дейди Анна Броновицкая. – Жануб томондан бу майдон 1935 йил Бош режасига асосан қурилган Космонавтлар кўчасига тиралган. Космосни эса “Мир” шоҳкўчасига зичлаштириш режасидан воз кечилди. Шунинг учун бино ёнбошга жилдирилди, бу билан ортидан симметрия чизиғини ҳам тортиб кетди.
Измайлово: бой тарихга эга гигант
1980 йилда, Олимпиада учун маҳсус, дунёдаги энг йирик меҳмонхона мажмуаларидан бири “Измаилово” очилди. Қурилиш етти йил давом этди. Меҳмонхона мажмуасининг сиғими беш минг хонани ташкил этади.
“Меҳмонхона ўша пайтлар учун ҳашаматли бўлган. Бу жуда жиддий функционализмдир. Тан олиш керакки, “Измайлово” меҳмонхоналари ўзининг юқори сиғимлилиги билан жуда катта катта ёрдам берди. Олимпиада пайтида у ерда бутун бошли делегациялар жойлашган”, - дейди Амирам Григоров.
90-йилларда деярли бутун меҳмонхона мажмуаси Черкизовский бозорига хизмат кўрсатиш билан шуғулланди. Хоналар омборлар ўрнига ишлатилди. Вазият савдо дўконлари ёпилгандан кейин ўзгарди. Энди “Измаилово” меҳмонхона мажмуаси бинолари турли мулк эгаларига тегишли. Уларнинг барчаси меҳмонхона сифатида ишлашни қайтадан бошладилар.
Марказий сайёҳ уйи: айёр осмонўпар бино
Олимпиада-80 учун Олимпия шаҳарчаси яқинида Москвадаги энг баланд меҳмонхона - Марказий сайёҳ уйи барпо этилди. Ленинский шоҳкўчасининг жанубий-ғарбий чеккасида, баландлиги 138 метр, 35 қаватли осмонўпар қурилди.
“Меҳмонхона нафақат қаватлари бўйича энг катта бўлган, - дейди архитектура тарихчиси Анна Броновицкая, - Унинг стилобати (ертўла қисми - таҳр.) ҳам Москвадаги энг узун бўлиб 128 метрни ташкил этади. Стилобат шоҳкўчага парралел тушган, лекин меҳмонхона минораси 45 даража бурчакка бурилган”.
Тарихчининг сўзларига кўра, бу ташқи эффект учун эмас, балки амалий сабабларга кўра қилинган. Минора деразалари “шимол-жануб” ўқига йўналтирилган, бу меҳмонларни эрталаб ёки кечқурун деразадан қиздирган қуёшдан холи қилган.
“Бинонинг тепасидан томоша қиладиган ҳеч нарса бўлмаган, - деб тан олади Броновицкая. – Айнан Тропарёво Эльдар Рязановнинг “Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг” фильмида зерикарли, одатий қурилиш намунаси сифатида кўрсатилиши бежиз эмас. Аммо баландикда барибир нафас бўғилган. Шунинг учун архитекторлар бундай хавфли қадамга бориб, энг юқори қаватида ресторан жойлаштиришди”.
“Катта очиқ пандус машиналарга тўғридан-тўғри иккинчи қаватга, рўйхатдан ўтиш жойига кириб боришга имкон берган, - дейди Анна Броновицкая. - Аммо Олимпиададан кейинла пандус ёпилди ва бошқа ишламади. Хоналар ўта содда эди – мисол учун, хоналарда ванналар йўқ эди. Аммо шунга қарамай, кинотеатр, концерт ва спорт зали, кафе, барлар, ресторанлар, кутубхона, бассейн ўрнатилган эди”.
2009 йилда Марказий Сайёҳ Уйи реконструкция қилинди ва ҳозирда жуда қулай жойга айланди, шу билан у Совет индивидуаллигидан холи бўлди.
Матбуот маркази: Кўринмас симметрия
ХХ асрнинг 70-йилларининг охиригача Зубовский бульваридаги “Садовое” айланси замонавий бинолар билан қурилмаган эди. Ҳудуда “Провиантские склады”нинг етарлича катта биноси (ҳозирги Москва музейи) ҳукмронлик қилган. Олимпиада матбуот марказининг биноси жуда замонавий (1980 йил меъёрлари бўйича) қурилган. Мамлакат обрўси кўп жиҳатдан журналистлар учун қулайликларга ҳам боғлиқ эди.
“Кабинетлар энг замонавий техникалар билан жиҳозланган (замонавий ёзув машиналари), - дейди архитектура тарихчиси. - Жонли эфир телемониторлари, қулай конференц-заллари, иш учун қулай жойлар, кафе, ресторанлар жойлаштирилди. Кўплаб москваликлар орзу қилган афсонавий валюта бари фаолият юритган. Шунингдек бу ерда Москвадаги энг катта фотолаборатория жойлашган эди, почта, телеграф, телетайп ва факс ишлаган”.
Дарвоқе, Зубовский бульвари, 4-уйдаги бино “Провиантские склады” билан бирга ягона ансамблни ташкил қилади, буни кўпчилик пайқамайди. Агар улар пастга қараб кенгаядиган уч ёпиқ ҳажмни ифодаласа, унда матбуот маркази биносидан бу ҳажмлар ҳудди ички ҳовлиларни ташкил этгандай ташқарига чиқарилиб туради.
“Матбуот марказининг ўз меросхўри бўлган, - дейди Анна Броновицкая. - Бинога Олимпия ўйинларидан сўнг дарҳол Совинформбюронинг ҳуқуқий вориси ва СССРнинг асосий халқаро жарчиси бўлган “Новости” Ахборот Агентлиги (АПН, Агентство печати "Новости"-таҳр.) кўчиб ўтди. Агентлик омад кулиб боқди. 70-йилларнинг бошларида уни янги ўзлаштирилган чекка жойларга – Ленин шоҳкўчаси ва Обручев кўчаси кесишмасига кўчиришмоқчи эдилар. Табиийки, бу ҳар бир халқаро журналист ишлашни орзу қилган агентликнинг обрўсига тўғри келмайди”.
Ҳозирда бу бинода "Россия сегодня" Халқаро ахборот агентлиги жойлашган бўлиб, унинг муҳим таркибий қисми Sputnik агентлиги ҳисобланади.
Халқаро савдо маркази: Совет-Америка биноси
1980 йилда Совинцентр биноси очилди, ҳозирда у Халқаро савдо маркази деб аталади. У америкаликлар билан биргаликда қурилган. АҚШдан Владимир Лениннинг ўзи билан шартномалар тузган миллиардер Арманд Ҳаммер чиққан. Меъморлар гуруҳини Москва бош меъмори Михаил Посохин бошқарган. Америка томонидан ўз офис ва меҳмонхона бинолари билан таниқли Welton Becket компанияси чиққан.
"Ушбу компаниянинг портфелида юқори даражадаги диққатга сазовор жой - Флорида штатидаги Disney World меҳмонхонаси бор эди, - дейди архитектура тарихчиси Анна Броновицкая. – Айнан Арманд Ҳаммер бўлажак қурилиш учун жой танлаган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу Краснопресненская соҳилидаги темир йул ҳовлиси эди. Шу ернинг ўзида, дарёнинг нариги бетида, 1926 йилда Ҳаммернинг ўзи асос солган қалам фабрикаси жойлашган”.
Қурилиш Совет ва Америка қурувчилари томонидан амалга оширилган.
“Халқаро савдо марказининг лойиҳаси ўша пайтда Москвадаги аксарият бинолардан кўра яхшироқ амалга оширилган, - деб таъкидлайди Анна Броновицкая. – Қиммат импорт материалларига палапартиш муносабатда бўлишга ҳеч қанақасига йўл қўйилмаган. Пўлат каркас, ёнғинга чидамли қоплама панеллар, алюмин боғловчилар ва қорайтирилган ойналар – буларнинг ҳаммаси Москвада биринчи бор пайдо бўлган.
Совинцентр ўша пайтда мисли кўрилмаган ҳодиса бўлди. Йигирма қаватли минорада хорижий компанияларнинг ваколатхоналари жойлашган эди. Унинг ёнига 600 хонадан иборат меҳмонхона, шунингдек Москвада доимий истиқомат қилган чет элликлар учун апартаментлар мажмуаси қурилган эди. Кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари Олимпиада кунларида айнан шу мажмуада жойлашишган.