ТОШКЕНТ, 22 июл - Sputnik. Беруний туманида 21 июлдан 1 августгача кучайтирилган тартибда карантин қоидалари жорий қилинди. Бу ҳақда туман аъборот-хизмати хабар бермоқда.
1 августга қадар туман миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:
- кун давомида туман миқёсида ҳаракатланиш, шунингдек, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Ушбу бандда назарда тутилган чекловлар махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 июлдаги 34-сон йиғилиш баёни билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга 21 июльдан 1 августга қадар ходимларни ишга жалб этмаслик, имконият доирасида масофадан ишлаш, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилади.
Туман атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси Қўриқлаш бошкармаси 2-алоҳида отряди ва туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади.
Туман Давлат солиқ инспекцияси "Шаббоз деҳқон бозори" МЧЖ билан биргаликда сотувчи ва ҳаридорлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бозор фаолиятини 2020 йил 1 августга қадар ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари соат 07:00 дан 10:00 гача ташкил қилиш белгиланди.
Фуқароларга зарурий ҳоллардагина тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун кўчада карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилади.
Фуқароларнинг карантин даврида жорий этилган тартиб ва қоидалар ҳамда "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзига зид равишда сабабсиз уйдан ташқарига чиқиши, жамоат жойларида бўлиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Супермаркет ва бошқа йирик дўконларда санитария-эпидемиологик назорат янада кучайтирилиши, ушбу объектларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37°С ва ундан юқори бўлган ёҳуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ушбу мажмуаларга киритмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш, шунингдек, объектга киришда фуқароларни бепул тиббий қўлқоп билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилади.
Аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳудудлардаги озиқ-овқат дўконлари карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият олиб боради.
Туман ҳудудига кириб-чиқувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш, халқаро ва маҳаллий транзит юк автомашиналарининг туман ҳудудидаги аҳоли пунктларига кирмасдан, тўхтамасдан айланма йўллар орқали ўтишини таъминлаш йўлга қўйилди. Туман Санитария эпидемиологик осойишталик маркази, туман фавқулодда вазиятлар бўлими билан биргаликда туман ҳудудида кенг миқёсдаги дезинфекция ишларини олиб бориш белгиланди.
Туманда COVID-19 ни юқтириш ҳолати 1 июль куни қайд этилган ва бугунги кунда вирусни юқтирганлар сони 44 нафарни ташкил этмоқда. 21 хонадон карантинга олинган.