ТОШКЕНТ, 22 июл - Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимлиги 20 июл куни юз берган тартибсизликлар бўйича расмий маълумот берди.
Эслатиб ўтамиз, сал олдин маҳаллий ОАВларда Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида экинлари сувсиз қолган аҳоли Нукус-Тошкент йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар эълон қилинган эди.
Ҳокимлик тартибсизликлар Беруний тумани ҳудудидаги Қуролпа аҳоли манзили ҳудудидаги катта йўл бўйида содир бўлганини тасдиқлаган. Айтилишича, можаро томорқаларга сув етиб бормаслиги ва 10 кун давомида Найман каналига сув келмаганлиги туфайли юзага келган.
"Тартибсизликлар жойига Беруний тумани ҳокими ва мутасадди раҳбарлар ўз вақтида етиб келди. Шу ернинг ўзида қисқа вақт давомида масала ўз ечимини топди. Найман каналига сув етказиб берилди", - дейилади хабарда.
Ҳокимлик аҳолининг норозилиги ўринли эканлигини тан олган ҳолда, шу ўринда яна бир нарсани ҳисобга олиш зарурлигини қўшимча қилган.
"Беруний тумани қишлоқ ҳўжалиги бўйича 13 та ҳудудга бўлинган бўлиб, бир вақтнинг ўзида бу ҳудудларга сув бериш мушкулдир. Бу бўйича навбатма-навбат суғориш тизими жорий қилинган. Ҳозирги кунда куннинг иссиқлиги ҳам экинларнинг тез сувсизланишини келтириб чиқармоқда. Бундай ҳолат содир бўлганда тинч ва муроса йўли билан вазиятни тушунтирсак ва тушунсак мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозирги дунёда юз бераётган пандемия шароитида тинчлик, саломатликнинг ўзи катта неъматдир. Биргина ўйламай қилган ҳаракатингиз сизу бизнинг тинч-тотувлигимизни кўралмаётган ўзгача фикр эгаларига қўл келиши мумкин", - дейилади хабарда.
Ҳокимлик ижтимоий тармоқлардаги ёлғон, асоссиз ва бўрттирилган воқеликларга ишониб қолмасликни, расмий маълумотлар ҳокимлик сайтида эълон қилиб борилишини қўшимча қилган.