ТОШКЕНТ, 30 янв - Sputnik, Галия Ибрагимова, София Мелничук. Беньямин Нетаньяху АҚШдан эндигина қайтиб келгач, Москвага йўлланди. У Владимир Путин билан учрашувда араб-исроил келишуви бўйича "аср келишуви" тафсилотларини ошкор қилмоқчи. Россия Ташқи ишлар вазирлиги аллақачон аниқ ишора берди: Фаластин томони билан келишув бўлмаса, битим амалга ошмайди. Бироқ, Нетаньяхунинг яна бир мақсади бор - бу жуда нозик масала.
"Исроилнинг энг катта дўсти"
Путин ва Нетаньяху ўтган ҳафта Иерусалимда Холокостни ёд этиш тадбирларида кўришишган. Аммо АҚШда ишлаб чиқилган ва шу кунларда эълон қилинган Фаластин - Исроил келишув режаси, Исроил бош вазири яна Россия президенти билан учрашиш учун яхши сабаб деб ҳисоблади.
Нетаньяху Вашингтон ва Тель-Авивнинг тинчлик ташаббусларини Москва томонидан баҳоланиши дунёда бу ташаббусларни қабул қилинишига таъсир қилиши мумкинлигига умид қилади. Аммо энг муҳими, Фаластинликлар ҳар доим араб дунёсида нуфузга эга бўлган Россиянинг фикрига қулоқ солишлари мумкин.
Бироқ, Кремль Дональд Трамп маъмурияти тақдим этган келишувга хозирча ўта вазмин муносабат билдирмоқда. Россия президентининг Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари бўйича махсус вакили, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Богданов бирон бир хулосага келиш жуда эрта эканлигини айтди.
"Биз тўғридан-тўғри музокараларни бошлашимиз керак (Фаластинликлар билан – муҳаррир изоҳи) ва ўзаро мақбул муросага эришиш керак. Вашингтоннинг фикрлари низонинг барча томонларига қанчалик мос келишини билмаймиз", - деди Богданов Россия позициясини билдириб.
Москвада таъкидланганидек, ЕИ, АҚШ, Россия ва БМТдан ташкил топган Яқин шарқдаги низоларнинг тартибга солиш "Квартети"нинг фикрларига эътибор қаратиш лозим. Брюсселнинг ўзи ушбу режани тайёрлашда қатнашишга қарши эмасди. Бироқ, Трамп воситачиларнинг ёрдамидан воз кечди. Ҳужжатни унинг маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер тузган. У, ўз навбатида, асосан Исроилнинг позициясини инобатга олди.
"Дунёда исроилликлар ва фаластинликларни яраштиришдан бошқа мураккаброқ нарса йўқ. Аммо мен майда масалаларни ҳал қилиш учун президент бўлмадим. "Аср келишуви "иккала томон учун ҳам фойдалидир ва бу тинчлик томон қўйилган улкан қадамдир", - деган эди АҚШ президенти узоқ кутилган режа тақдимотида.
"Сиз Оқ уйда ўтирганлар ичида ўзингизни Исроилнинг энг яқин дўсти эканлигингизни намоён қилдингиз", деган эди Нетаньяху.
Битимнинг моҳияти
181 саҳифадан иборат "аср келишуви" матни сиёсий ва иқтисодий қисмлардан иборат. Ҳужжатнинг сиёсий қисми "икки халқ учун икки давлат" тамойилига асосланади: Фаластин Исроил билан бирга дунё харитасида пайдо бўлади.
Ҳужжатда Иерусалим Исроилнинг бўлинмас пойтахти бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, Яҳудий давлатининг суверенитети Иордан водийсининг муҳим қисмига тарқалиши мумкин.
Трамп, "аср келишуви" араблар учун фойдалидир, чунки Шарқий Иерусалимни Фаластинларнинг пойтахти деб тан олинишини назарда тутади. "Келишувга" илова қилинган ҳудудий бўлиниш харитасига кўра, гап Исроил томонидан қурилган ажратиш девори ташқарисидаги кварталлар хақида кетмоқда.
"Келишув имзоланган тақдирда, Фаластин ҳудудлари бугунги кунда улар назорат қилаётган ҳудудлардан икки баравар кўп бўлади", - дея тушунтирди Трамп.
Ғарбий Соҳил ва Ғазонинг бўлинган ерлари, америкаликларнинг фикрига кўра, туннеллар орқали уланиши мумкин. Ушбу ҳудудлар устидаги ҳаво бўшлиғини Фаластинликлар назорат қилади, лекин аввал улар Фаластинни қуролсизланган давлат сифатида тан олишлари керак.
"Келишув" шунингдек, Исроилга қўйиладиган бир қатор талабларни ҳам назарда тутади. Асосийси Фаластиннинг мустақиллигини тан олишдир. Тўрт йил ичида Ғарбий соҳилда янги турар-жойлар қурилиши тўхтатилиши керак.
Келишувнинг иқтисодий қисми Ғарбий Соҳилда, Ғазо секторида, Миср, Иордания ва Ливанда амалга ошириладиган лойиҳалар атрофида қурилган. Инвестициялар ҳажми 50 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу маблағлар, Вашингтон ҳисоб-китобларига кўра, фаластинликларга Форс кўрфазидаги араб монархиялари томонидан берилади. "Келишув" муаллифлари, шунингдек, хусусий капитал ёрдамига ҳам умид қилишмоқда.
"Иерусалим сотилмайди"
"Келишув" тўғрисидаги маълумотлар нашр этилишидан на олдин ва на кейин ҳам, ҳеч бир мамлакат Фаластиндаги потенциал лойиҳаларга сармоя киритишга тайёрлигини билдирмади. Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги аксарият давлатлар ушбу ҳужжатни танқид қилишди.
"Иерусалим сотилмайди, Фаластинликларнинг ҳуқуқлари сотилмайди ва савдо қилинмайди. Сизнинг келишувингиз фитна, ва у қабул қилинмайди", деб ғазабланди Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос.
"Трамп ва унинг "аср келишуви"нинг ўрни тарих ахлатхонасида. Ҳужжат ёзилган сиёҳга ҳам арзимайди", деди Сами Абу Зуҳри, Ғазо секторини бошқарувчи Ҳамас ҳаракати вакили.
Эътироз билдириш учу, фаластинликлар норозилик намойишларига чиқишди. Ғазо секторида митинглар ҳужжат тақдим этилишидан бир неча кун олдин бошланди.
Туркия ва Эрон ташаббусни кескин танқид қилди. Миср ва Иордания "ҳужжатни синчковлик билан ўрганишга" чақирди. Европада ҳам қарашлар иккига бўлинди. Германия, Франция, Швеция америкаликларнинг тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлади, аммо муаммога нисбатан бир томонлама - Исроил тарафдори бўлган нуқтаи назарни қоралади.
Англия "келишувни" ни қўллаб-қувватлади. "Ишлаб чиқилган режа тўғри йўналишда муҳим қадамдир", деди Борис Жонсон.
Исроиллик аёлни қамоқдан чиқариш
Нетантяхунинг Москвага келишига яна бир сабаб бор. Бир кун олдин исроиллик сиёсатчилар Бош вазир ватандоши Наама Иссахарнинг озод қилинишида шахсан иштирок этишни режалаштираётганини истисно қилмади.
Кузда Шереметево аеропортининг транзит зонасида 26 ёшли исроиллик аёл ҳибсга олинган. Унинг юкидан тўққиз грамм гашиш моддаси топилган ва етти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бу воқеа жамоатчиликда катта шов-шувга сабаб бўлди.
Иссахарнинг онаси Россия Президентига қизини авф этиш илтимоси билан мурожаат қилди. "Ҳаммаси яхши бўлади", деб Путин унга ваъда берди.
Якуний қарор яқин кунларда қабул қилиниши керак. Бир неча кун олдин унинг онаси Россияга келди ва бир кун ўтгач, Исроил бош вазирининг Москвага ташрифи маълум бўлди.
Москва ушбу ҳужжатга ишонмайди
"РИА Новости" билан суҳбатлашган экспертлар "аср келишуви" Путин ва Нетаньяху музокараларининг асосий мавзуси бўлиб қолиши тўҳтамига келди. Аммо улар Москванинг АҚШ-Исроил ташаббусига шубҳа билан қарашлари ўзгариши даргумон дея огоҳлантирган.
"Бу мутлақо қабул қилиниши шубҳали ҳужжат. Бу Фаластинликларнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан белгиланган Иерусалимнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқларини бузади. Америка режаси халқаро ташкилотларда маъқулланмади, Фаластин розилигини олмади. Араб Давлатлари Лигаси Бош котиби келишувда фаластинликларнинг ҳуқуқлари бузилганини тан олди,"- РИА Новости билан суҳбатда Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий раҳбари Виталий Наумкин.
Фаластинликларнинг фикрларини эшитиш учун эксперт ФАТХ (ҳарбийлаштирилган ташкилот ва сиёсий партия) ва Хамас ҳаракатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
"Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини бошқарадиган ушбу ташкилотлар энди ўзаро келишиб олишлари ва америкаликларнинг режаси бўйича умумий нуқтаи назарни келишиб олишлари керак. Шундагина уларга қулоқ солиниши мумкин. Аммо муаммо шундаки, Фаластин ичидаги бўлиниш ушбу қийин вазиятда уларнинг манфаатларини илгари суришга тўсқинлик қилмоқда."- таъкидлади Наумкин.
Исроилга энг унумдор ерлар, Фаластинга эса - анклавлар
Яқин шарқ бўйича мутахассис, сиёсатшунос Нурлан Гасимовнинг таъкидлашича, битим Ғарбий соҳилнинг катта қисмини Исроил назорати остига ўтказишни назарда тутади.
"Хозирда ушбу ҳудуд учта зонага бўлинган: А,В ва C зоналари. А зонаси Фаластинликлар томонидан бошқариладиган ерларнинг 17 фоизини ўз ичига олади. Б зонаси Фаластинликлар ва исроилликлар томонидан биргаликда бошқарилади. Ва энг катта С зонаси ҳудуднинг деярли 60 фоизини ўз ичига олади ва бутунлай Исроил томонидан назорат қилинади. Шу билан бирга, унумдор ерлар C зонасида жойлашган. Аммо асосийси шундаки, барча тоза сув захиралари шу ерда тўпланган. Исроил 1993 йилда Ослода Фаластинликлар билан низони ҳал этиш тўғрисида келишув тузятганда, бу ерларда яшашга мос жойларга одамларни жойлаштириш учун, харитани ўзига мақбул ҳолда чизган. Трамп "аср келишуви" бу ерларни тўлалигича сўзсиз Исроил тасарруфига ўтишига мўлжалланган. Бундан келиб чиқадики, фаластинликлар ҳатто тоза сувга ҳам имқониятидан маҳрум бўлади", - тушунтиради Гасимов.
Трамп Фаластин давлатини яратишни таклиф қилган ҳудудлар, сиёсатшуноснинг фикрига кўра, анклавларга бўлинган.
"Асосан, бу А ва Б зоналарига тегишли бўлган ерлар. Аммо сиз уларни кўприклар ва туннеллар билан боғласангиз ҳам, Исроил уларни исталган вақтда осонликча тўсиб қўйиши мумкин. Бундан ташқари, давлат маъмурияти нуқтаи назаридан бўлинган ҳудудларни бошқариш қийин. Бу ҳудудларда ҳар қандай иқтисодий лойиҳаларни ривожлантириш ҳам осон кечмайди. Бу камчиликни фаластинликлар ҳам, исроилликлар ва америкаликлар ҳам тушунишади ", - дея тушунтиради Гасимов.
"Аср келишувими" ё сайловолди кампания ?
Мутахассиснинг фикрига кўра, тартибга солиш режаси Исроил ва АҚШдаги ички аудитория учун ҳам мўлжалланган. "АҚШда президентга импичмент қилиш жараёни давом этмоқда. Исроилда учинчи сайлов яқинлашмоқда. Бу вазиятда Трамп ва Нетаньяхуга "аср келишуви" ёрдамида "ўнг электоратни" сафарбар қилиши фойдалидир", дея аниқлаштирди мутахассис.
Ксения Светлова, Кнессетнинг собиқ депутати ва Исроилнинг Герцлия фанлараро институти эксперти, муҳокама қилинаётган ташаббус Нетаньяхунинг сайловолди кампаниясининг бир қисми эканлигига қўшилади.
"Нетаньяху Кнессетдаги йиғилишдан олдин АҚШга учиб кетди. Парламент аъзолари бош вазирга коррупция айблови сабабли, суд дахлсизлигини бериш масаласини кўриб чиқмоқдалар. Ҳозирда дахлсизликдан маҳрум қилиниши унга жуда зарарли. Кўп исроилликлар фикрича бош вазирнинг АҚШ ёки Россияга ташрифларини тасдиқлайдиган шошилинч ҳолатлар йўқ. Бундан ташқари, "аср келишуви" бир ярим йил олдин шаклланган ва ҳар доим қолдирилган ", деб эсга солади Светлова.
Гасимов фикрича, Нетаньяху дарҳол Путиннинг кўмагига эриша олмайди. "Иккала раҳбар ҳам жуда яхши муносабатларга эга бўлишса-да, Путин Исроил бош вазирига Фаластинликларнинг нуқтаи назарини ҳисобга олиш муҳим деган фикрни етказади. Нетаньяху Москвани тез қўллаб-қувватлашига эриша олмайди", - дея тахмин қилади эксперт.