ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Ўзбекистонда Халқ қабулхоналари ходимлари учун махсус малака ошириш курслари ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимида янги сифат босқичи бошланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2019 йил 1 февралдан Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.
Малака ошириш курслари 5 кунлик ўқув-амалий машғулотларидан иборат бўлиб, унда Президент Администрациясининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча Халқ қабулхоналарининг мудирлари 10 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўз билим ва малакасини оширмоқда.
Малака ошириш курсларида Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш тартиби, "Hudud" ахборот тизимини қўллаш чоралари каби турли мавзулар кенг ўрганилмоқда.
Машғулотларда "ақлий ҳужум", кичик гуруҳларда ишлаш, жамоавий муҳокама, тақдимот каби интерфаол усуллардан фойдаланишга аоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ – жамоани шакллантириш ва унинг самарали ишлашини ташкил қилиш, тайм-менежментни амалда қўллаш – ҳар бир сониядан унумли фойдаланиш, аҳоли муаммолари билан ишлаш учун ҳар томонлама кучли тайёрланиш, аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш усуллари каби мавзуларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Малака ошириш курсининг илк машғулотида бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида ўзлари масъул бўлган ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради.
Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган малака ошириш курслари тингловчилари Олмазор тумани 3 сектор штабида ишларнинг ташкил этилиши юзасидан сайёр амалий семинарда ҳам иштирок этдилар. Семинарда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг секторларда йўлга қўйилган вертикал механизми, энг чекка ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳудудларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш каби мавзулар Олмазор тумани 3-сектор штаби фаолияти мисолида ўрганилди.
Малака ошириш курсларидан асосий мақсад эса – аҳоли муаммоларини тўлиқ қамраб олиш, уларга тезкор, самарали ва ҳаётий ечим топиш, халқ ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўришига эришишдан иборат.