ТОШКЕНТ, 22 янв – Sputnik. Ўзбекистонда Бельгия билан ҳамкорликда умумий қиймати 110 миллион евро бўлган шакар заводи қурилади, деб хабар қилмоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Янги завод Бельгиянинг De Smet S.A. Enginners & Contractors (DSEC) компанияси билан ҳамкорликда қурилади. Қурилиш учун керак бўладиган маблағнинг 85 млн евроси Бельгия томонидан 25 млн евро эса Ўзбекистон томонидан киритилади. Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 500 тоннани ташкил қилади.
Шакар заводи қуриш ҳақидаги келишув Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Д.Хакимовнинг DSEC компанияси директори М.деАкоз ва молия директори Ж.деКлерк билан бўлиб ўтган учрашувидан кейин маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекстонда бир неча йил олдин ҳам икки йирк шакар заводлари қурилган эди. Бири Хоразм вилоятида иккинчиси – Тошкентда. Лекин кейинчалик ушбу заводлар хом ашё қимматлиги ҳамда олиб келиш мушкуллиги туфайли самарали ишлай олмаган эди.
Маълумот учун: шакар саноати катта миқдорда хом ашё талаб қилади. Чунки хом ашёдан тайёр маҳсулот чиқиш коэфиценти ўртача 10/1. Иккинчидан, катта миқдорда сув ва иссиқлик энергия манбаи керак бўлади. Шунинг учун шакар саноати дунёнинг фақат бир неча мамлакатларида самарали ишлаши мумкин.
DSEC – Европанинг шакар, мой, биоёнилғи ва биокимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи заводларни лойиҳалаштириш ва қуриш билан шуғулланадиган йирик компанияларидан биридир. Компания обороти 200 млн евро. Шу вақтга қадар компания дунёнинг 30 мамлакатида 50та йирик лойиҳаларни амалга оширган.