ТОШКЕНТ, 20 ноя – Sputnik. Шакар — бу албатта инсон учун ўта муҳим озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Сиз уни чой ёки кофе билан ичмасангиз-да, шакарсиз алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар, қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева сабзавотларни консервация қилишнинг иложи йўқ. Шакардан, шунингдек, фармацевтика саноатида ҳам кенг фойдаланилади.
Катта миқдорда мева-сабзавотлар етиштириладиган Ўзбекистонда, уларни консервация қилиш эҳтиёжи ҳам туғилади, албатта. Шу туфайли куз мавсумида шакарга талаб кескин ошади.
Шакар, худди буғдой каби, стратегик аҳамияга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатидан ўрин олган. Ҳар қандай мамлакат ўз шакар саноати бўлишини орзу қилади. Лекин мамлакатда шакар учун хом ашё бўлмаса-чи?
Хом-ашё базаси
Иқтисодий нуқтаи назардан, шакар саноатини ривожлантириш учун, биринчи навбатда мамлакатда етарли ва ишончли хом-ашё базаси мавжуд бўлиши керак. Яъни мамлакатда қанд лавлаги ёки шакар-қамиш етиштирилиши керак.
Дунё статистикасига кўра, бугунги кунда шакарнинг 88% шакар-қамишдан, 12% қанд лавлагидан олинди.
Шакар-қамиш – асосан экваторга яқин бўлган, тропик иқлимли мамлакатларда етиштирилади. Бу Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, Таиланд, Покистон.
Қанд лавлаги эса – асосан Европа иқлим шароитида етиштирилади. Унинг учун +8 +20 даражали об-ҳаво ва катта намлик керак. Бугунги кунда дунёнинг етакчи қанд лавлаги ишлаб чиқарувчи давлатлари бу — Франция, Россия, Германия, Украина, АҚШ ва Туркия.
Қанд лавлаги ёки шакар қамиш хом-ашёсини бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга олиб келиб ундан шакар ишлаб чиқариш мумкин, лекин бунинг учун арзон транспорт воситаси керак, масалан – денгиз транспорти. Хом-ашё ҳажми олинадиган шакар ҳажмидан 6-7 баравар кўп бўлади. Иккинчидан қанд лавлаги ҳам шакар қамиш ҳам ўсимлик хом-ашёси бўлиб, улар маълум ҳароратда сақланиши керак ва уларнинг муддати ҳам чекланган.
Ишлаб чиқариш
Дастлаб, қуйидаги видеолавҳа билан танишайлик. Ундан шакар ишлаб чиқариш жараёни Белоруссиядаги йирик шакар заводи мисолида кўрсатилган.
Шакар ишлаб чиқариш – катта миқдорда электр энергияси, иссиқлик энергияси (газ ёки кўмир) ҳамда сув ресурслари талаб қиладиган жараён. Ундан ташқари шакар заводлари – мавсумий ишлайдиган корхона. Яъни, шакар заводлари йилнинг 4 ойида шакар ишлаб чиқариш билан шуғулланар экан холос. Чунки қанд лавлаги ҳосилини сақлаш муддати айнан шунча экан.
Собиқ Иттифоқ ҳудудида энг катта қанд лавлаги ҳосили Грузия ва Украинада олинган экан. Ундан ташқари СССР катта миқдорда шакарни Кубадан сотиб олгани ҳам маълум.
Россияда охирги бир неча йил давомида шакар саноати кескин ривожланиб бормоқда. 2008 йилда 29,1 млн тонна қанд лавлаги етиштирилган бўлса, 2011 йилда — 46,2 млн тонна, 2016 йилда эса қанд лавлаги ҳосили 48,3 млн. тоннани ташкил қилди. Россия 2011 йилдан бошлаб катта миқдорда шакар экспорт қила бошлади, жумладан Ўзбекистонга ҳам.
Ўзбекистонда йиллик шакар истеъмоли миқдори одам бошига 19 кгдан тўғри келар экан. Бугунги кунда Ўзбекистонда иккита шакар заводи ишламоқда: “Хоразм-шакар” ва “Ангрен-шакар”. Уларнинг умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига 700 минг тоннани ташкил қилса-да, хом-ашё етишмовчилиги туфайли заводлар тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Шу сабабли Ўзбекистонга қўшимча шакар импорти керак.
Дунё тажрибаси ва статистика
Дунёда энг йирик шакар хом-ашёси етиштирувчи мамлакатлар (млн.т) Бразилия – 734, Ҳиндистон – 342, Хитой – 115, Таиланд – 95, Покистон – 55, Мексика – 49, Филлипин – 34 ва АҚШ – 26.
Энг йирик шакар экспортерлари ҳам (млн.т): Бразилия – 35, Ҳиндистон – 27, ЕИ – 13.8, Таиланд – 11.5, Хитой– 9.8, АҚШ – 7.4, Мексика – 6, Покистон – 5.2, Россия – 5.2 ва Австралия – 4.8.
Бундан кўриниб турибдики, шакар хом ашёси етиштирувчи ва шакар экспорт қилувчи мамлакатлар рўйхати деярли бир хил. Яъни жаҳон тажрибаси шакарни унинг хом ашёси етиштириладиган мамлакатда ишлаб чиқаришни тасдиқлайди. Хом-ашёни бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ташиб у ерда шакар ишлаб чиқариш, аксарият ҳолларда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди ва хом-ашё еткизиб бериш кафолати ҳам кам.
Дунё иқтисоди ривожланишининг асосий тамоийили бўлган халқаро меҳнат тақсимоти ҳам айнан шуни тасдиқлайди. Ҳар бир мамлакат ўзининг жуғрофий, табиий ва бошқа имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, иқтисоднинг энг самарали соҳаларни ривожлантириши керак.
Материални тайёрлашда ISO.org, Wikipedia, sugar.ru каби очиқ манбаалардан фойдаланилди.