ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Унга асосан республикага олиб кириладиган шакар божхона тўловларидан озод этилди.
"15 сентябрдан бошлаб шакарқамиш ёки қандлавлаги шакари ва қаттиқ ҳолатдаги кимёвий жиҳатдан тоза сахароза учун импорт божхона божининг ноль даражаси белгилансин", — дейилган президент қарорида.
Ўзбекистон президенти Давлат божхона қўмитасига импорт қилинаётган ижтимоий аҳамиятга молик товарларни ўз вақтида ва тўсиқсиз божхона расмийлаштирувини таъминлаш вазифасини топширди.
Бугунги кунда Ўзбекистонга шакарни энг кўп етказиб берувчи мамлакат Россиядир. Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, унинг хом ашёси Бразилиядан валютага сотиб олинади. Шунинг учун шакарнинг нархи сезиларли қиммат бўлмоқда.