ТОШКЕНТ, 25 окт - Sputnik, Дилшода Раҳматова. 2018 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича янги қарорни имзолаган эди.
Ҳужжатдан хулоса қилиш мумкин эди-ки, Ўзбекистон, хусусан, унинг пойтахти - Тошкент шаҳрида хавфсизлик масаласида кўплаб давлатларга ўрнак бўлаётганига қарамай, ҳукуматни мавжуд вазият тўлиқ қаноатлантирмаяпти.
Шунингдек, қарорда 2018 йил якуни бўйича бундай амалиёт республиканинг бошқа ҳудудларида жорий этилиши мумкинлиги айтилган эди.
17 октябр куни имзоланган қарорга кўра, эндиликда Самарқанд шаҳрида ҳам "Хавфсиз шаҳар" концепциясини жорий этиш кўзда тутилган.
"2018 йил 27 июл куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши талабларидан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳрида бошланган жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича янги тизимни Самарқанд шаҳрида ҳам жорий этиш <...> мақсадга мувофиқ деб ҳисобланади", - дейилади вилоят ҳокими томонидан имзоланган ҳужжат матнида.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати шунингдек, вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан давлат органлари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирлар натижасида жиноятчиликка қарши курашиш борасида маълум натижаларга эришилгани ҳақида тўхталган.
Хусусан, 2018 йилнинг 8 ойи давомида барча соҳалар бўйича қайд этилган жиноятлар 3010тани ташкил этиб, ўтган йилги (4779) кўрсаткичга нисбатан 1769тага камайган.
Шундан, ўта оғир турдаги жиноятлар 157та (ўтган йил 205та) бўлиб, 48тага камайган. Оғир турдаги жиноятлар эса 404та қайд этилиб, 146тага (505) камайган.
Шу билан бирга вилоятдаги 1086та маҳалладан 723тасида (66,5 %ида) 3010та турли жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган.
Эндиликда, "Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати" деб номланган янги тизимга мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла ва барча жамоат ташкилотлари томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ҳамда оқибатлари жойларда ўрганилади, муҳокамаси ташкил этилади, жиноят содир этган шахсла аниқланиб, уларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланади.
Шу муносабат билан Вилоят прокурори Фарҳод Зуфаровга, вилоят ИИБ раҳбари Азиз Тошпўлатовга Самарқанд шаҳар сектори раҳбарларига Самарқанд шаҳрида "Хавфсиз шаҳар" концепциясини амалда татбиқ этиш, бу борада судлар, маҳаллий давлат бошқаруви идораларининг яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилган.
Самарқанд вилояти ииб раҳбари Тошпўлатовга ички ишлар органлари, давлат органлари ва муассасаларнинг ахборот тизимларини, видеокузатув тизимлари, қонун бузилишини қайд этиш тизимлари, қўриқлаш объектлари, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши чора кўриш ва огоҳлантириш тизимлари, шунингдек, ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш вазифаси юклатилган.
Эндиликда шаҳарда ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи навбатда, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг патрул гуруҳлари ҳодиса содир бўлган жойга максимал тезликда етиб боришини таъминлаш кўзда тутилган.
Хавфсиз шаҳар концепциясини Тошкентдан кейин Самарқандда жорий этилишининг ўзига яраша сабаби бор.
Самарқанд вилояти республикадаги энг кўп ўта оғир жиноятлар содир этилаётган ҳудудлардан бири саналади.
Мазкур тадбирни жорий этишдан мақсад эса Самарқанд шаҳрининг туристик жозибадорлигини ошириш ва бу ерга ташриф буюрувчи туристлар хавфсизлигини тўлиқ таъминлашдан иборат.