ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Ўзбекистон Ўрта Осиёда таълим хабига айланиши керак, таълимни ислоҳ қилиш концепцияси моҳияти шундан иборат, деди Sputnik мухбирига Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдухакимов.
"Таълим хаби бу нима дегани? Ўзбекистон фақат ўзидаги ёшларга таълим хизматини кўрсатиш билан чекланиб қолмай, керак бўлса, регионда энг кучли олий таълим даргоҳлари пайдо бўлиши ва чет элдагилар келиб айнан шу ерда таҳсил олишлари керак", - дея изоҳ беради Абдухакимов.
"Бу ҳам даромад нуқтаи назаридан ҳамда келажакда бошқа давлатларда Ўзбекистонга хайрихоҳ бўлган ёшлар нуқтаи-назаридан бизни манфаатларимизга тўғри келади", - таъкидлайди у ва чет мамлакатларда ўзбек диаспоралари ҳам борлигини, Ўзбекистон уларга ҳам олий таълим бериши кераклигини қўшимча қилади.
"Бошқа давлатларда бундай амалиёт бор. Мисол учун, Россияни оладиган бўлсак, йилига қанча ёшларни ўқишга таклиф этади. Нега биз қилмаймиз шу ишни? Албатта, қилишимиз керак. Мана мисол учун, Ўзбекистон Сурхондарёда ўз бюджетидан Афғонистонлик ёшлар учун ўқишга имконият яратган экан, бу лойиҳани нега хаб сифатида ривожлантирмаслигимиз керак?", - дейди суҳбатдош.
Ўзбекистон бунинг учун йирик донор-давлатлар: Япония, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар грантларини олиб, республика жанубида бир нечта олий таълим масканларини ташкил этиши ва афғон фуқароларига олий таълим бериш имкониятларини кенгайтирмоғи лозим, дея ўз фикрини давом эттиради Абдухакимов.
"Афғонистонлик ёшлар маълум бир касб-кўникмаларга эга бўлса, эртага улар тоғда автоматлар билан югурмайди, балки даволайди, болаларга билим беради, ўқитувчи бўлади", - дейди у ва Ўзбекистонда бундай улкан ишларни амалга ошириш учун имконият борлигини қўшимча қилди.
Абдухакимовга кўра, Ўзбекистон айни вақтда олий таълим тизимида рақобатбардош муҳит юзага келиши учун улкан ишлар устида ишламоқда, хориждан малакали мутахассислар жалб қилинган ва яқин келажакда республика олий таълим тизимида "улкан ишлар" амалга оширилиши, янги қарор лойиҳаси чиқиши кутилмоқда.