ТОШКЕНТ, 24 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. 2019-2020 ўқув йилидан Ўзбекистон янги таълим стандартларини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда жума куни ХПК сессиясида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.
Вазир замонавий мактаб ўқув дастурлари тўлалигича замон талабларига мос ҳолда кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади.
"Афсуски, амалдаги ўқув дастурлари кўпроқ болаларнинг ёд олиши учун мўлжалланган. Замонавий дунё мутлақо бошқача талабларни қўймоқда. Биз ахборот технологиялари даврида яшамоқдамиз. Агар илгари ўқитувчи ахборот маркази бўлган бўлса, бола ўзи учун керакли барча маълумотни ўқитувчидан олган бўлса, айни дамда ўқувчининг ахборот оладиган манбалари кўп - булар Интернет, телевидение ва бошқа турдаги оммавий ахборот воситалари. Шундай экан, эндиликда ўқитвчиларнинг асосий вазифаси тўғри билим олишни ўргатиш бўлиши керак", - деди Шерматов.
Таъкидланишича, айни вақтда Ўзбекистон Таълим вазирлиги ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти билан ишни бошлаган.
"Улар бизга ўз экспертларини берган. Шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлардан ҳам мутахассисларни жалб этганмиз. Экспертлар гуруҳи таълим стандартларимизни тўлиқ қайтадан кўриб чиқишади. Кейин ушбу таълим стандартларидан дарсликлар ва дарсликларга қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилади. Таълим стандарти ўзгариши дарсликларнинг ҳам ўзгаришига олиб келади", - деди вазир.
Шерматовнинг айтишича, дарсликлар масаласида "қайтадан велосипед ихтиро қилиш"нинг ҳожати йўқ.
Жаҳонда инглиз тили, математика, физика ва бошқа фанлардан жуда кўплаб яхши дарсликлар мавжуд. Уларни Ўзбекистон учун адаптация қилиш мумкин, деди Халқ таълими вазири
Шерматовнинг айтишича, янги таълим стандартларига ўтиш, бу катта меҳнат ва вақт талаб қиладиган жараён. Шу боис у босқичма-босқич амалга оширилади ва ушбу ўзгаришлар кейинги ўқув йилидан жорий этилишни бошлайди.