Бадантарбия ва олимпия марказлари: спорт соҳаси бўйича топшириқлар берилди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел совещание по развитию спорта
Шавкат Мирзиёев провел совещание по развитию спорта - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мирзиёев жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

ТОШКЕНТ, 21 сен – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказиб, мутасадди раҳбарларга  топшириқлар берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

“Биз халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшган спортчиларимиз билан фахрланамиз. Шу билан бирга, олий спортда эришилган ютуқлар билан чегараланмасдан, оммавий спортга ҳам катта эътибор беришимиз керак,” – деди Шавкат Мирзиёев. 

Аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғуллантириш ишлари яхши йўлга қўйилмагани, дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёшдаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди. 

Бундан ташқари, жойлардаги бўш турган хусусий объектлар негизида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш учун имтиёзли хизмат кўрсатувчи спорт марказларини ташкил этиш талаб этилади.

Шу боис Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ёшлар иттифоқи, тегишли вазирликлар билан биргаликда таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари ҳамда бўш турган объектларда спорт секцияларини очиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни кўриши зарурлиги таъкидланди. 

Раимбой Шержанов, Исполнительный директор отделения Федерации Кураша Узбекистана Хорезмской области  - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентдаги халқаро турнир - кураш дунёвий спорт эканини исботлади - Шержанов

Туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида спорт мусобақалари сонини кескин кўпайтириш, ғолиб ва совриндорларни Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан пуллик мукофотлар билан рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди. 

Аҳоли, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб қилиш учун “Алпомиш” ва “Барчиной” тестларини мусобақа тарзида ўтказишни ҳамда уч даражадаги кўкрак нишонлари билан тақдирлашни жорий қилиш вазифаси қўйилди. 

Корхоналар, таълим муассасалари, истироҳат боғларида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотларини ўтказиш эътибордан четда қолиб кетгани қайд этилди. Бундай машқларнинг инсон саломатлиги учун фойдалилигини тарғиб қилиш мақсадида доимий кўрсатув ва ижтимоий роликлар тайёрлаб, телевидение орқали намойиш этиш лозимлиги таъкидланди. 

“Мамлакатимизда спортни оммалаштириш бўйича беш йиллик миллий концепция ишлаб чиқиш зарур. Аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, соғлом турмуш кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиб, одамларнинг умрини узайтириш концепциянинг асосий йўналиши ва натижаси бўлиши керак,” – деди президент.

Йиғилишда федерацияларнинг иши сустлиги сабабли от спорти, сузиш, қиличбозлик, ўқ отиш ва жамоавий спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда яхши натижаларга эришилмаётгани танқид қилинди.

Шу боис Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ташкил этилаётган олимпия тайёргарлиги марказларини 2020 йилга қадар фойдаланишга топшириб, уларда Хитой тажрибасини қўллаш, яъни спортчиларнинг марказда доимий истиқомат қилиб, мақсадли тайёргарлик кўриш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Мутасадди раҳбарларга  барча спорт федерациялари фаолиятини танқидий ўрганиб, уларнинг ишини, айниқса, селекция йўналишини тубдан яхшилаш, раҳбар кадрларнинг масъулиятини ошириш топширилди. 

Малакали мураббийлар камлиги, хусусан, қишки спорт турлари бўйича мутахассислар етишмаслиги қайд этилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига мураббийлар тайёрлашни такомиллаштириш, уларга лицензия бериш механизмини соддалаштириш вазифаси қўйилди. 

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев и президент Египта Абдул-Фаттахом ас-Сиси - Sputnik Ўзбекистон
Спорт, таълим ва инвестиция: Ўзбекистон ва Миср 12та ҳужжат имзолади

Болалар спорти иншоотларини барпо этиш, қурилишда замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилда 56 та спорт объектини қуриб, фойдаланишга топшириш, ушбу мақсадларга 362 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Лекин 10 сентябрь ҳолатига кўра, атиги 113 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари орқада қолмоқда. 

Тегишли вазирлик ва ташкилотларга спорт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини ўз вақтида якунлаш, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2019 йилги манзилли дастурини шакллантириш бўйича топшириқ берилди. 

Йиғилишда 2020 йил Токиода ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон спортчиларининг кўплаб лицензияларни қўлга киритиши ҳамда муносиб иштирок этиши учун тайёргарликни кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди.  

Янгиликлар лентаси
0