ТОШКЕНТ, 7 сен - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон президенти соврини учун 1-халқаро турнирда дунёнинг 40га яқин давлат вакиллари иштироки - ўзбек курашига, Ўзбекистонга нисбатан катта ҳурмат ва эътиборни англатади, деди Sputnik мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Кураш Федерацияси Хоразм вилояти бўлинмаси ижрочи директори Райимбой Шержанов.
Шержанов суҳбат давомида пойтахтда ўтказилган ушбу турнирга кўтаринки кайфият, ғурур билан етиб келганини таъкидлади.
"Байрам устига байрам, хурсандчилик устига хурсандчилик бўлаяпти. Улуғ, беқиёс байрамимиз - Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тўйини нишонлаётган кунларда Жакартадан келган катта хушхабарлар мана шундай кайфиятни бизга бахш этди. Ўзбекистоннинг забардаст ўғиллари, қизлари юртимизнинг элимизнинг байроғини 5-ўрингача сарбаланд кўтаришининг ўзи Ўзбекистоннинг нақадар ўсиб бораётганидан дарак беради", - деди фахрий меҳмон.
Асли касби инженер-механик бўлган, аммо кураш тушиш бобосидан мерос қолган Райимбой Шержанов бугунги хурсандчилиги боисини қуйидагича изоҳлади.
"Нега хурсанд бўлмаслигимиз керак? Ўзбекда яхши сўз бор, "Қорни тўқ одам ашула айтади, усти бут одам кураш тушади", деган. Ўзбекистонимизнинг халқининг қорни ҳам тўқ, усти ҳам бут. Шунинг учун спортга алоҳида эътибор берилаяпти", - деб таъкидлади суҳбатдош.
Шержанов, шунингдек, курашнинг Осиё ўйинларига киритилиши ўзбек халқига фахр-ифтихор бағишлаганини таъкидлаб ўтди.
"Ўзбекнинг мардонаворлиги, ўзбекнинг тантилиги, ўзбекнинг олижаноблиги, ўзбекнинг бутун қирралари мана шу курашда жам бўлган. Эътибор берсангиз, ўзбекнинг бутун борлиғидан келиб чиққан бу кураш. Беш қитъадаги 102 мамлакатда Федерациялар очилиб, ишлаб туришининг ўзиям курашнинг бутун жаҳон спорти эканлигидан далолат беради. Бир қадам турибди катта олимпиадага. Осиё ўйинлари кичик олимпиада ҳисобланади. Бунда ҳамма курашни севиб томоша қилди, олишди, қатнашди. Энди навбат олимпиадага", - деди у ва кураш олимп ўйинларидан ўрин эгалласа, армони қолмаслигини қўшимча қилди.
Тошкентда бўлиб ўтган халқаро кураш турнири ҳақидаги тассуротлари билан бўлишар экан, Шержанов кураш ўз асосий вазифасини тўлиқ бажарганини ҳамда асосий натижа - дунёвий спорт тури эканлигини исботлаганини қайд этди.
"Мана кўриб турибсиз, юзлаб ёшлар бугун турнирни томоша қилгани келди. Курашнинг ўз олдига қўйган вазифаларидан бири бу - тарбия. Рақибни ҳурматлаш, тантилик, олижанобликнинг ўзи мужассамлашганми курашда, демак, бу спорт турининг ўз олдига қўйган мақсадига бугун эришдик.
Нега деганда, қаранг, 40га яқин мамлакатдан курашчиларнинг келишининг ўзи бизнинг курашга нисбатан, Ўзбекистонимизга нисбатан катта ҳурмат, эътиборни англатади. Қирқга яқин мамлакат вакилларининг келиши, мен ўйлайманки - бу бошланиши. Ҳали полвонлар 100га яқин мамлакатлардан келиб, мана шундай даврада, мана шу гиламларда кураш тушишади. Нега деганда Ўзбекистоннинг қалби ҳам очиқ, кураши ҳам очиқ, қалби ҳам тўқ, кураши ҳам тўқ", - деди суҳбатдош.