ТОШКЕНТ, 7 сен - Sputnik. Лондон Разведка бош бошқармаси собиқ агенти Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг Солсберида заҳарланиши юзасидан пайдо бўлган янги маълумотлар туфайли Москвага қарши санкцияларни кенгайтириш масаласини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда БМТдаги Британиянинг доимий вакили Карен Пирс баёнот қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
"Биз ҳамкасбларимиз билан қандай қарор чиқарса мақбулроқ бўлишини муҳокама қиламиз", - деган Пирс.
Сиёсатчи шунингдек, Солсберидаги ҳодисадан кейин Британиядан ташқари 28 мамлакат ва НАТО россия дипломатларини чиқариб юборганини қўшимча қилди.
Шу билан бирга "Катта еттилик"нинг қатор мамлакатлари, хусусан, Франция, Германия, АҚШ ва Канада Британиянинг "Скрипал иши юзасидан" чиқараётган хулосаларига тўлиқ ишонишлари тўғрисида қўшма баёнот қилганлар ва бу ҳужжат немис ҳукумати томонидан оммага эълон қилинган.
Яъни бу давлатлар Скрипалларни заҳарлаганликда гумон қилинаётганлар Бош разведка бошқармаси ходимлари эканликларига ишонишларини билдиришган.
Бу мамлакатларга кўра, улар "махфий разведка агентларини коллектив чиқариб юборишган" ва бу билан разведкачилар фаолиятининг олдини олган. Бундан ташқари, ҳужжатда россияликларни заҳарлаш операцияси "катта эҳтимол билан юқори ҳукумат даражасида санкцияланган"лиги таъкидлаб ўтилган.
"Ёлғон коктейли"
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ўз навбатида Москва Хавсизлик Кенгаши мажлисида Скрипаллар билан боғлиқ чалкаш ҳодисага ойдинлик киритадиган далилларни эшитмаганлигини маълум қилди.
"Бугунги чиқишларда биз яна россиялик махсус хизмат агентларининг қотилликларини қонуний асослаш учун тайёрланган қотил-агентлар, уларнинг кимёвий заҳарловчи моддалардан фойдаланиш бўйича ўтказадиган машғулотлари, Россияда жанговар заҳарловчи моддалар ишлаб чиқарилаётгани, киберҳужумлар, Македонияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш ва яна бошқа кўплаб ёлғонлар гулдастасини тингладик. Мен исботи йўқ бу ёлғон коктейлининг тўлиқ рўйхатини санаб ўтирмайман", - деб айтган дипломат.
Шу билан бирга, Небензя суриштирув ишларини охирига етказиш Лондоннинг режасида йўқлигини таъкидлади.
Доимий вакил Хавфсизлик кенгашидаги ҳамкасбларига "Россияда тутқич бермас Джо ҳақидаги мутойиба жуда оммалашганини" тушунтирди.
"Унинг қўлга тушмаслиги сири, уни ушлашнинг иложи йўқлигида эмас, балки у ҳеч кимга керак эмаслиги ва ҳеч ким уни излашни хоҳламаслигида. Менинг наздимда, шунга аниқ аминманки, бизга мана шундай, Москвадан келган буйруқ бўйича ҳаракат қилган икки нафар "тутқич бермас Джоларни" тақдим этишган", - деди Небензя.
Дипломат БМТ Хавфсизлик кенгашидаги навбатдаги спектакл акти худди илгаригилари каби ўйлаб топилган ва асоссизлигини қайд этди.
"Бизнинг британиялик ҳамкасблар жуда қулай позицияни эгаллашган: айблов эълон қилинди, айбдорлар - Россия эканлиги айтилди. Айбланувчиларнинг ҳақиқий исмлари номаълум. Лекин уларнинг ГРУ ходимлари эканлиги гўёки маълум. Уларнинг ГРУ ходими эканлигини исм-шарифи номаълум бир вақтда қандай қилиб аниқлаш мумкин - биз учун катта жумбоқ", - деди россиялик дипломат.
Скрипал ишининг Суриядаги ҳолат билан боғлиқлиги
Бундан ташқари, Небензя британия ҳукуматининг баёноти Сурияда тайёрланаётган кимёвий қурол иштирокидаги провокациядан олдин рўй бергани тасодиф эмаслигини айтиб ўтди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Скрипаллар билан боғлиқ ҳодисадан Суриянинг Дума шаҳрида кимёвий қуролдан фойдаланилган инсценировкадан бир кун аввал ОЗХО аъзоси бўлган Россиянинг обрўйига путур етказиш мақсадида фойдаланилган.
"Биз бугун ўхшаш картинани кузатмоқдамиз. (Буюк Британия бош вазири, - таҳр.) Тереза Мэйнинг 5 сентябрдаги чиқиши янги сиёсий мавсум, таъбир жоиз бўлса кенг муҳокамада бўлган Идлибдаги вазият ва у ерда "Оқ каскалар" билан ҳамкорликда тайёрланаётган, биз бу ҳақда кўп бора огоҳлантирган кимёвий провокация олдидан рўй берди", — деб қўшимча қилди дипломат.
"Лондонга ҳамкорлик қилишга тўғри келади"
Россиянинг БМТдаги доимий вакили, Буюк Британия буни хоҳлайдими-йўқми, аммо Скрипал иши бўйича суриштирув ўтказишда Россия билан ҳамкорлик қилишига тўғри келишини алоҳида қайд этиб ўтди.
"Бизнинг британиялик ҳамкасбимиз, биз параллел оламда яшаётганлигимиз ҳақида гапирган эди. Эҳтимол, кимдир биз бошқа сайёрада яшашимизни хоҳларди ҳам, лекин мустамлака қилинган сайёралар ҳали йўқ. Шу боис, битта сайёрада яшашимизга тўғри келади. Мана шу сайёрада сиз буни хоҳлайсизми-йўқми, биз ҳамкорлик қилишимизга тўғри келади. Ва биз сизнинг олдингизга қўйган, сони 40дан ошган саволларга жавоб беришга ҳам", - деб таъкидлади Небензя.
Дипломат саволларнинг аксарият қисмига жавоблар ҳамон йўқлигини эслатиб ўтди.
Британиядаги заҳарлаш
Жорий йилнинг тўртинчи март санасида Британиянинг Солсбери шаҳрида ГРУ собиқ офицери Сергей скрипал ва унинг қизи Юлия заҳарланди. Бу катта халқаро можарони келтириб чиқарди. Лондон бу ишда Россиянинг қўли борлиги ҳақида баёнотлар билан чиқди, Москва бу айбловларни қатъий инкор қилиб келмоқда.
Россия бир неча бор ҳамкорликда ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказишни таклиф қилган, аммо Лондон бу ташаббусларни жавобсиз қолдирган ва Скрипалларни Москва томонга кўрсатмаган.
Россия ТИВ шунингдек, Британия бош вазири тереза Мэйнинг ёлғонларини фош этди. Мэй заҳар Россияда тайёрланганини айтган эди. Аммо Портон-Даун лабораториясида буни инкор этишди.
Сал кейин Лондон "Скрипалларни заҳарлашда гумонланаётган" икки шахснинг фотосуратларини оммага эълон қилди ва улар ГРУ офицерлари — Александр Петров ва Руслан Бошировлар эканлигини таъкидлади. Москвада ушбу исмлар "ҳеч нарса англатмаслигини" айтишди ва Британияни яна бир бор манипуляциялардан ҳамкорликка ўтишга чақиришди.