ТОШКЕНТ, 21 авг – Sputnik. Нафақат пора олиш, балки пора бериш ҳам бирдек жазоланади, дейилган ИИВ хабарида.
Хабарда айтилишига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам порахўрлик ва таъмагирлик каби салбий иллатларга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Хусусан, июль ойида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими К.Р. раҳбарият номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда фуқаро Р.А. қонунга хилоф эканлигини била туриб, жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўзига нисбатан тўпланган маъмурий ҳужжатларни рўйхатга олмаслик ва “Tiko” русумли автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига пора таклиф қилаётганлигини маълум қилган. Ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Р.А. ходимга 195000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланди.
Шу каби, фуқаро Б.А. ҳам унга нисбатан тўпланган маъмурий ҳужжатлар юзасидан ўзига қонунга хилоф равишда енгиллик яратиш ва “Spark” русумли автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқартириб бериш эвазига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими Д.Л.га 500000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланди.
Шунингдек, Хоразм вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ходими Р.Н. ўзининг иш юритувидаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан бўлган жиноят иши бўйича гумон қилинувчи Н.Т. унга жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш эвазига пора таклиф этаётганлигини маълум қилиб, ёзган билдиргиси асосида 2018 йилнинг август ойида ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Н.Т. ходимга 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги келгусида ҳам фуқаролар томонидан ходимларга қонунга хилоф эканлигини била туриб, пора таклиф қилинган ҳар бир ҳолатга нисбатан қонунда белгиланган тартибда муросасиз кураш олиб боради.