ТОШКЕНТ, 31 июл - Sputnik. Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган сана ҳам етиб келди. Ҳуқуқий ахборот канали ушбу муносабат билан бу йилги имтиҳонларни ташкил этиш жараёни ҳақида маълумот берди.
2018 йил 3 апрелда "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Ҳукумат қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра тест синовларига кириш учун рухсатнома (ДТМ) 29-31 июль кунлари қабул комиссияси томонидан берилади.
Бу йил тест синовлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шакли учун 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.
Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда киритилади.
Абитуриент тест синовлари бошланганидан сўнг бинога тегишли ҳудудга киритилмайди.
Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.
Абитуриент учун мазкур сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, унга бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.
Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.
Абитуриентлар танлаган таълим йўналишига қараб тегишли равишда бир, икки ёки учта фан мажмуаси бўйича тест синовини топширади.
Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30 тадан тест топшириғини ўз ичига олади.
Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт белгиланади.
Абитуриент қуйидаги ишларни амалга оширишга мажбур:
тест топшириқлари китоби ва унга мос рақамли жавоблар варақаси рақамлари мослигини текшириш;
тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;
жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;
тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойга фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзо қўйиш;
жавоблар варақаси рақамини абитуриент рухсатномаси ва титул варақасининг тегишли жойига тўғри кўчириб имзо қўйиш;
титул варақасида кўрсатилган махсус код ва таълим муассасаси кодини жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойга тўғри кўчириб ёзиш ва тегишли доирачаларни бўяш.
Абитуриент қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:
жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдириш;
жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик;
жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;
белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.
Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан («А», «В», «С», «D») муқобил жавоблар берилади.
Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас). Агар, жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу тест топшириғига балл берилмайди.
Қуйидаги ҳолларда абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:
тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;
тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.
Қарорда яна бир муҳим нарса белгиланган яъни тестга шпаргалка, телефон ва ҳ.к. олиб киришга уринган абитуриент ўша заҳоти тестдан четлатилади.
Авваллари телефон олиб қолиниб, уни номерланган конвертга солиб, абитуриентни ўзи тестга киритиб юборилар эди. Эндиликда, олиб киришга уринишнинг ўзиёқ далолатнома тузиб, четлатишга сабаб бўлади.
Абитуриент Олий таълим муассасига ўқишга кирган ёки кира олмаганлигини тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали билиб олиши мумкин бўлади.