ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкент тинч, пойтахтда "комендант соати" ўрнатилмайди, дея интернетда тарқалиб кетган миш-мишларга изоҳ берди жума куни Тошкент шаҳар ИИББ раҳбари ўринбосари, полковник Азизхон Умархонов.
Ҳужжатда Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Хусусан, Тошкент шаҳрида эндиликда туну-кун уч сменали патрул хизмати йўлга қўйилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Ушбу хабарлардан сўнг ижтимоий тармоқларда Тошкентда "комендант соати ўрнатилармиш" деган гап-сўзлар тарқалиб кетди.
ИИББ раҳбари ўринбосари бу миш-мишларни қатъий инкор этди.
"Ҳеч қанақа "комендант соати" ўрнатилмайди. Худога шукр, бизда тинчлик ҳукм сурмоқда. Пойтахт ички ишлар бош бошқармаси қуролдан узоқлашмоқда. Эндиликда ходимларимизга жанговар қурол (тўппончалар) ўрнига электрошокерлар берилади", — дея аниқлик киритди полковник ва бўлаётган ўзгаришларнинг барчаси Тошкент аҳолиси ҳамда меҳмонларга қулайлик яратиш учун амалга оширилаётганини қўшимча қилди.
Яқин-яқингача пойтахт маъмурияти кечки соат 22.00 дан сўнг фуқароларни уйдан чиқмасликка, яъни ухлашга мажбурларди — дам олиш, кўнгилочар, овқатланиш масканлари ёпиларди.
Мамлакатга сайёҳ ва туристларни кенгроқ жалб этиш сиёсатининг бир қисми сифатида ушбу тақиқлар олиб ташланди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўзларига хос босиқлик билан мазкур жараёнга тезлик билан мослашмаган кўринади. Қарорда уларнинг янги яшаш тарзига мослаштириш белгиланган.