ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев 13-июн куни бўлиб ўтган ХПК сессиясида Toshkent City лойиҳаси ҳақида тўхталиб ўтди. Ўзбекистон пойтахти қоқ марказида қад ростланадиган замонавий халқаро ишбилармонлик маркази "Москва-Сити"дан қандай жиҳатлари билан фарқланиши хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
Ҳоким шунингдек, Toshkent City нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёдаги энг улкан лойиҳалардан бири бўлишини қайд этди.
Тошкентдаги "Ўқчи" ва "Олмазор" маҳаллалари жойлашган ҳудуд ўрнида бунёд этилаётган Toshkent City халқаро ишбилармонлик марказини тимсоли йўқ улкан лойиҳалар қаторига киритиш мумкин.
"Одамлар кириб ҳам яшаши ҳам ишлаши, яъни ҳам социал ҳаёти ва иш жойи бир жойда бўлган, қолаверса савдо нуқталари ҳам бир ерда бўлган ягона бу сингари катта мажмуа Марказий Осиёда йўқ",- деб Тошкент шаҳри раҳбари.
2020 йилга келиб Toshkent City халқаро бизнес марказининг биринчи босқичи қурилиши ўз якунига етади. Toshkent City лойиҳаси Ўзбекитон президенти ташаббуси билан қурилмоқда. Қурилиш ишлари учун Тошкент шаҳрининг қоқ марказидан 80 гектар ер ажратилиб, ўша ердаги турар-жой биноларини қисман бошқа ерга кўчириш таклифи берилган эди. Саккиз ойлик қилинган ишлар бўйича дунёнинг олтита компаниялари билан биргаликда мастер-план ишлаб чиқарилиб, шундан Туркиянинг Tabanlıoğlu Architects компаниясининг мастер-плани Ўзбекистон президентига ва кўпчиликка маъқул келди. Шундан сўнг инвесторларни жалб қилиш бўйича ишлаб бошлаб юборилди.
Бугунги кунда "Шаҳар ичидаги шаҳар" дея эътироф этилаётган Toshkent City бўйича лойиҳаларни Ўзбекистон ишбилармонлари Германия, Жанубий Корея, Буюк Британия каби давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширишмоқда.
"Бу жуда катта мега-лойиҳа", — деб таъкидлади ҳоким ва нега оспонўпар бинолар қурилмаганлиги хусусида тўхталар экан, "Тошкентнинг сейсмик ҳудудда жойлашганини ҳисобга олиб, 40 қаватли бинолардан юқорисига тавсия берилмаганини, аммо келажакда 50 қаватли қурилишлар ҳам бунёд этилишини" маълум қилди.
Ҳозирги кунда барча лотларда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳокимнинг сўзларига кўра, биринчи лотда Конгресс-холл, Хиллтон отел қурилади. "У ишга тушди, котловандан чиқди, биринчи қавати бўлди, қолган лотларимизнинг ҳам ҳамма инвесторлари топилди, пули тўланди, қисман ва тўлиқ шаклда ишлар бошлаб юборилди", — деди Артикходжаев.
Тошкент ҳокими Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ўйлаган ғояси МДҲ давлатлари орасида лол қолдирувчи ғоя бўлишига ишонади. Қурилиш ишлари ҳам ўз вақтида якунланишига шубҳа қилмайди.
"Биз ўзбеклар меҳнаткаш халқмиз, "Москва-Сити"нинг қурилишида ишлаган одамларнинг кўпи ўзбек, Остонанинг қурилишида ҳам — ўзбек, Сочининг қурилишида ҳам — ўзбек, Дубайда катта биноларни қураётган ҳам — ўзбек. Биз ўзбеклар — меҳнаткаш халқмиз, менинг фикримча тез орада қурилиш ишлари битади ва Toshkent City ўзига яраша сенсецион шаҳар тамойилини қозонади", — деди ўз фикри якунида Артикходжаев.