ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Артикходжаев ва Тошкент шаҳрининг 11та туман ҳокимлари билан жонли мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот давомида ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимига блиц-саволлар билан мурожаат қилди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Артикходжаев 2018 йил 26 апрел Тошкент шаҳар ҳокимлигида бош вазир иштирокида навбатдан ташқари 35-сессияда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган эди.
Тошкент шаҳар ҳокими иш вақти нечадан ва нимадан бошланади?
"Ҳозирги кундаги иш вақтимиз эрталаб соат 7.00дан бошланади. Ишни ишдан чиқиб ишхонага келгунга қадар йўлни кузатишдан бошлайман. Иш вақти кечаси 12 ёки бирларда тугайди, вазиятга қараб. Ишлаяпмиз, лекин шу иш вақти ҳам камлик қилаяпти", — деди Артикходжаев.
Тошкент шаҳрининг қайси кўчалари сизга кўпроқ ёқади, деган саволга у "Амир Темур шох кўчаси", дея жавоб берди.
Бизнесдан кетдими йўқми?
Ҳоким бўлиб тасдиқлангач, Ўзбекистонда машҳур бўлган "Artel", "Imzo" корхоналари муассиси Артикходжаевнинг бизнесдан кетган-кетмаганлиги масаласи ҳам бугун кўпчиликни қизиқтиради. Қудратходжаев томонидан берилган шу турдаги саволга Артикходжаев: "Албатта, бизнесдан четландим. Аммо ҳокимиятда бизнес юритиш ниятим бор", деди ҳоким ва "яъни ҳокимиятни фақат пул ишлатувчи эмас, балки пул топувчи органга айлантириш нияти бор"лигини маълум қилди.
"Бўладиган даромадларни халқимизга ишлатиш ниятимиз бор, албатта", — деб қўшимча қилди Тошкент раҳбари.
"Artel", "Imzo" тендерларда имтиёзларга эга бўладими?
Собиқ тадбиркор ўзи муассиси бўлган корхоналарга келажакда Тошкент шаҳрида бўладиган қурилиш ишларида қандайдир имтиёзлар берадими, деган саволга Артикходжаев олдин ҳам бунақа ишлар билан шуғулланмаганлигини ва бундан кейин ҳам шуғулланмаслигини маълум қилди.
"Халқимизнинг ўзининг ихтиёрида, маҳсулотларимиз сифатли бўлса, рақобатга дош бера олса, олишлари мумкин", деди у.
Тадбиркор сифатида ишни нимадан бошлаган?
"Artel", "Imzo" сингари нозик технологиялар асосида ишлайдиган машҳур ишлаб-чиқариш корхоналарига раҳбар бўлгунга қадар йўлни сартарошхона ширкати эгасилигидан бошлаганини маълум қилди.
"Ўша вақтда кооператив фирмалар очилган давлатимизда, мен кичикрок сартарошхона ва пойабзал тузатиш устахоналари ширкатини очганман", деди Артикходжаев.
Хоббингиз, деган саволга жавобан "Халққа хизмат қилиш ва бир одамга бўлса ҳам фойдам тегиши. Бунинг учун қанча меҳнат керак бўлса, шунча меҳнат қилишга тайёрман", дея таъкидлади.
Ўз командасида кимлар бўлишини хоҳларди?
Ишни яқинда бошлаган ҳоким ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун атрофида қандай инсонларни кўришни исташи тўғрисидаги савол ҳам кўпчиликни қизиқтиради.
Артикходжаев бу саволга жавобан шундай деди: "Ҳокимларга маслаҳат берувчилар кўп бўлар экан, буни ишга киргач яна бир карра амин бўлдим. Мен ҳам маслаҳат бериб, ҳам ўша ғояни ўзи амалга оширадиган одамлар командамда бўлишини хоҳлайман".
Ҳоким бўлиб тайинлангач, ишни нимадан бошлашни лозим топган?
Артикходжаев ишни нимадан бошлашни лозим топганлигидан ташқари, Тошкент шаҳри олдида турган қатор муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
Ҳокимнинг сўзларига қараганда, ишни ўзи ишлаётган тузилма билан танишишдан бошлаган. "Бу система қандай йўлга қўйилгани билан танишиб, бизнес билан ҳокимият тизимининг умуман бошқачалигини ҳис қилдим. Мен учун бу тизим янги бир ҳаёт, янги бир иш бўлди", — деди у.
Муаммолар ҳақида сўз очар экан, Ўзбекистон пойтахтининг Бош режаси (Генплани) йўқлигини таъкидлаб ўтди. "Узоқ ва яқин стратегияси йўқ. Яъни 10 йилдан кейин нима бўлади, беш йилдан кейин-чи? Йигирма йилдан кейин Тошкентни қандай кўрамиз?, бу саволларга жавобан аниқ стратегик режа қилинмаган эди шу пайтгача. Кейин ҳокимият фақат хизмат кўрсатувчи органга айланиб қолган. Супуриш-сидириш, қурилиш ва бошқа ишлар… Яъни ўзи алоҳида бир пул топиб, янада пулни кўпайтириб, у ерда бизнесни, яъни хусусий корхоналар билан биргаликда, шерикчиликда ишлашни ривожлантирмаган экан. Комуннал, йўл-транспорт соҳалари эскириб кетганлиги диққатимни тортди. Буларнинг барчасини янгитдан кўтариш керак", — деди ҳоким.
Шунингдек, Артикходжаев туманларнинг ўзини маркази йўқ бўлиб кетганлигини аниқлаганини қўшимча қилди.
"Ҳамма эътибор марказга, туманларда эса марказ йўқ бўлиб кетган".
Тошкент ҳокими улгуржи бозорларни шаҳар ичидан четга олиб чиқилиши ҳақида ҳам сўз очди.
"Дунёнинг ҳеч бир жойида йўқ-ки, улгуржи бозор билан савдо расталари бир жойда бўлса", деди Артикходжаев ва бундай номутаносибликка барҳам беришини маълум қилди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, улгуржи бозорлар келажакда шаҳардан 80 км четроққа кўчирилиши мумкин.
Тошкент раҳбари аҳолининг яшаш жойига қараб, спорт мажмуалари, боғча ва савдо дўконлари ва бошқа ижтимоий объектлар тўғри тақсимланмаганлигига эътибор қаратди.
"Мисол учун битта туманда 200 минг аҳолига спорт мажмуалари 10та бўлса, бошқа туманда 300 минг аҳолига бундай мажмуалар сони 3тани ташкил қилади. Яъни бу шаҳардан ёки тумандан бир-бирига қатнашлар орқали тирбандликнинг юзага келтириши, камига одамларнинг сарсон бўлиши — бунга ўхшаш кўплаб муаммолар бор ва буларнинг барчасини дейлик 3 ёки 5 йилда тўғриласа бўлади режалаштириш орқали ҳал этиш мумкин. Ва бугунги кунда биз ҳатто 5 ойда тўғирласа бўладиган муаммоларни кўриб, ўрганиб чиқаяпмиз", — деди Артикходжаев.
Охирги ўқиган китоби: Рашид ал Мактумнинг "My Vision"("Менинг қарашларим") китоби.
Интернет ҳайҳётининг бир бўлаги.
Иш кабинетида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг портретлари бор.
Артикходжаев Жаҳонгир Абидович 1975 йил 2 январда Тошкентда туғилган. 1991-1996 йилларда Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Мутахассислиги иқтисодчи. 2015 йил "Дўстлик" ордени билан мукофотланган. Тошкент шаҳар "Артел Инжиниринг" МЧЖ директори лавозимида ишлаб келган.