ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. "Artel", "Imzo" корхоналари муассиси Жаҳонгир Абидович Артикходжаев Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
"2018 йил 26 апрел 15-00 да Тошкент шаҳар ҳокимлигида бош вазир иштирокида навбатдан ташқари 35-сессияда, Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига Артикходжаев Жаҳонгир Абидовичнинг номзоди кўрсатилди. Депутатлар ушбу номзодни бир овоздан тасдиқлашди. Артикходжаев Жаҳонгир Абидович Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди", — дейилган хабарда.
Артикходжаев Жаҳонгир Абидович 1957 йил 2 январда Тошкентда туғилган. 1991-1996 йилларда Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Мутахассислиги иқтисодчи. 2015 йил "Дўстлик" ордени билан мукофотланган. Тошкент шаҳар "Артел Инжиниринг" МЧЖ директори лавозимида ишлаб келган.
Аввалроқ, 2012 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган Раҳмонбек Усмонов ўз вазифасидан озод этилгани, у Автомобиль транспорти агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида хабар бергандик.