Андрей Веселов
Рауль Кастро ўзидан бор ваколатларни сокит қилиб, давлат раҳбарлигини собиқ комсомол етакчиси Мигель Диас-Канельга топширди. Кубада раҳбарлик курсиларини 1959 йилги инқилоб ва фуқаролар уруши билан бевосита боғлиқ бўлмаган янги авлод эгалламоқда. Кастро даври мероси зиддиятларга бой. Улкан ютуқлар бисёр, аммо жиддий муаммолар ҳам етарли. РИА Новости мухбири Фидель ва Рауль Кастро ҳукмронлиги натижалари ҳақида билиш, шунингдек, Кубани эндиликда нималар кутаётганини тушунишга ҳаракат қилиш учун Гаванага саёҳат қилди.
Хосе Марти номидаги аэропортда божхона назоратида — аёллар. Тўрсимон колготкаларда, калта формали юбкаларда, жимжимадор тилла (ёки тилла суви югуртирилган) тақинчоқларда. Божхона бўлинмаси раҳбари ҳам аёл.
"Бунда инқилобимизнинг хизмати катта. Маъмурият, сиёсат, полиция ва ҳатто махсус хизматларнинг ҳам тенг ярми аёллар, — дейди адвокат ва собиқ шаҳар депутати Эстебан Крус. — Рауль Кастронинг қизи — Мариэла — таниқли феминист. Яширмайман, бошида бизнинг раҳбарларимиз "эркакча" кайфиятда эди, аммо вақт ўтиб ҳаммаси изга тушди. Кубада аёлларни қадрлашади ва ҳурмат қилишади, уларни тенг кўрадилар. Ва бунда Мариэланинг ҳиссаси катта".
"Гигиена ҳаммасидан устун"
"Бу ерда энг зўр тиббиёт мавжуд. Дунёдаги энг зўр тиббиёт! Ҳатто Совет Иттифоқида бўлгандан ҳам яхшироқ. Гарчи биз ҳаммамиз Москвадан ўрганган бўлсак ҳам", — деб ҳикоя қилади Кристина Гонсалес, участка даволовчи-шифокори.
У муболаға қилмаяпти. Куба ҳукуматининг халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан тан олинган энг асосий хизмати — тиббиётдир. Бепул, очиқ ва феноменал даражада сифатли.
БМТ Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари Куба тиббиёт моделини намунавий, дея атайдилар. Шу тариқа, Куба ОИВ ва сифилисни юқтирган оналардан вируссиз фарзандлар дунёга келадиган биринчи мамлакатга айланди. БССТ Бош директори Маргарет Чан ўзининг баёнотида орол "бутун дунёга намуна кўрсатаётгани" айтган эди.
Статистик маълумотлар таажжубга солади. Оролда гўдаклар ўлими Ер шарининг Ғарбий қисми бўйича энг паст, умр давомийлиги эса қўшни давлат Қўшма Штатларникидан кўра кўпроқ. Дарвоқе, Штатлар тиббиёт соҳасига жуда катта маблағ сафарбар этгани билан халқаро рейтингларда Кубадан ортда туради. Мисол учун, Bloomberg агентлиги рейтингизда Куба на 31-ўринда бўлса, АҚШ — 34-ўринда.
"Мен сизга айтсам, америкаликлар бизга даволанишга келишади. Яъни чўнтаги суғурта пулини кўтара олмайдиганлари", — дейди Гонсалес. Шунингдек, Лотин Америкасидан ҳам мижозлар кўп. Баъзида эса бошқа мамлакатлар ҳукуматлари таклифлари билан кубалик шифокорлар хорижда ҳам ишлашади.
"Шундай қилиб, тиббий миссияларнинг бирида Боливияда Марио Тераннинг кўзини операция қилишган, — деб ҳикоя қилади Крус. — Ўша Че Геварани отиб ташлаган Боливия армияси сержантини. Кесалик чоғида унда кўз касаллиги аниқланган, у кўр бўлиб қолиши мумкин эди. Теран бизга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Майли, кўрсин!"
"Мен одамларни биламан. Муаммолар менга таниш. Шу жумладан, яширин ҳолдаги муаммолар ҳам", — деб тушунтиради Гонсалес.
"Кимдир кўп чекади, кимдир кўп ичади. Биз касалликларни бошидаёқ "қўлга оламиз", — дея давом этади аёл. — Агар мисол учун, қон босимининг ошиб кетиши (гипертония) хавфи мавжудлигини илғасак — жисмоний машғулотлар ва парҳез ёзамиз. Шу тариқа операциянинг олдини олиш мумкин. Биз оддий нарсалар ҳақида ҳам тинимсиз гапирамиз. Ҳаттоки, шахсий гигиенанинг нақадар муҳимлиги ҳақида. Бу ҳақиқатда кўпгина касалликлар ва унинг асоратларининг олдини олишда ёрдам беради".
Катта ҳурматга эга ғарблик экспертлар Куба тиббиёти хизматларини тан олиб турган бир вақтда, Америка ва Европа таблоидлари "енг шимариб" мамлакатдаги очлик ва иқтисодиёт соҳасида давлат монополияси ҳақидаги асотирларни тарқатишда давом этмоқда. Бу ёлғон. "Ейишга нарса йўқми? Мана мевалар, мана сабзи, қаранг! Ҳаммаси бор", — дейди Рикардо Парра, шаҳар бозоридаги сотувчи.
Рикардонинг амакисининг кичик фермаси бор. Йигитнинг ўзи уй ишларида ёрдам беради, савдода туради ва университетга киришга тайёргарлик кўрмоқда. Оролда кичик тадбиркорликка рухсат берилган. Расман — 2016 йилнинг май ойидан, аслида эса бизнес ундан олдинроқ ривожлана бошлаган. Давлат ерлари фермерларга 2008 йилдан берила бошлаган.
"Ҳужжатлар ва бюрократияга — минимум", — дейди Рикардо.
Шу билан бирга Куба режали иқтисодиётдан воз кечгани йўқ ва хусусий тадбиркорларни стратегик соҳаларга қўймоқчи эмас. Ферма, сартарошхона ва тамаддихона бўлса. бошқа гап — марҳамат. Компартия бунга қарши эмас.
Эски нарсалар ороли
Кубадаги дўконларда нарсалар турлари ривожланган мамлакатлардагига нисбатан анча одми. Вазият аста-секин ўзгармоқда, аммо сифатли нарсалар танқис. Бу ҳолат кубаликларга ўз шахсий мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни, нарсаларни созлаб ва таъмирлаб ишлатишни ўргатди. Оқибатда, Кубада винтаж нарсалар ва раритет техникалар қўриқхонаси вужудга келди.
Диего Мора — қўли гул уста. У ҳамма нарсани созлай олади — жиҳоздан тортиб, қаҳва тайёрлайдиган ускунагача. Аввалига бу иш у учун эрмак эди, кейин эса дўстлари, танишлари, танишларининг танишлари мурожаат қила бошлашди. Ва мана, йигирма йилдан ошиқ вақтдан буён у профессионал рестовратор-универсал бўлиб ишлаб келмоқда.
"Эски нарсаларда жон ва сеҳр бор. Бу стол ортида сизнинг катта бувангиз, бувангиз ва отангиз ўтирган экан, сиз ҳам бажонидил ўтиришни истайсиз, — деб ҳикоя қилади Мора. — Яна бир афзал томони бор. Эски нарсалар — ҳақиқий, улар узоқ вақт хизмат қилади. Янги мебеллар худди картондан ясалгандек. Баъзан менга янги бир нарсани таъмирлашга олиб келишса, ундан воз кечаман. Илгарилари ҳаммаси техника ишлаши, хизмат қилиши учун қилинган бўлса, ҳозир тезроқ ишдан чиқиши ва сиз янгисини олишингиз учун қилинмоқда".
Ҳамма нарсани ҳам созлашни иложи бўлмайди. Кўҳна Гавананинг яна бир кўриниши — барбод бўлган, авария ҳолатидаги бинолардир. "Биринчидан, уйни таъмирлаш — стулни таъмирлашдан кўра қимматроқ, — кулади Мора. — Иккинчидан, қўшни давлатларда ҳам — худди шу ҳолат".
Инфратузилма билан боғлиқ муаммолар мавжуд. "Илгарилари свет тез-тез ўчарди, ҳозир бундай ҳолатлар камроқ", — деб ҳикоя қилади россиялик Олег. У Куба маъмурияти буюртмаси билан маҳаллий подстанциялар учун электр етказиш ишлари билан шуғулланади.
"Тан олиш керак, улар муаммони бартараф этишга ҳаракат қилишмоқда. Лекин кўп нарсани ўзгартириш керак. Аслини олганда, ҳаммасини ўзгартириш керак", — қўшимча қилади у.
Бунинг сабаби — республиканинг ёпиқлигида. Аммо бу ерда оға-ини Кастроларнинг заррача ҳам айби йўқ. Гаванани қурол кучи билан ўзига бўйсундира олмаган Вашингтон тотал иқтисодий блокадани ўрнатган эди. Куба билан савдо қиладиган ҳар қандай давлат санкциялар остида қолиши мумкин. Оқибатда, орол деярли изоляцияда қолди. Олис СССР билан алоқалар у учун "Ҳаёт йўли"га айланди.
"Биз ёпилганимиз йўқ. Биз мулоқот ва савдо қилишни истар эдик. Лекин бизга бу учун имкон беришмади. 1990-йилларда Москва биздан юз ўгирганида, америкаликлар санкцияларни кучайтирди. Улар беш-етти йилдан кейин бизни таслим бўлади, деб ўйлашган эди, — дейди Крус. — Аммо биз чидадик! Натижада Оқ Уй ортга чекинди. Обама даврида улар босимни сусайтирдилар".
Бир мамлакат — икки тизим
Куба тарихи АҚШга нисбатан кўрсатилган афсонавий мардонавор қарама-қаршиликлар билан чамбарчас боғлиқ. Кичик бир орол дунё гигантига қаршилик кўрсата олди. Катта авлод бундан бошқача фахрланади.
1960 йилда кубаликлар Чўчқалар бўғозида АҚШдан келган десанчиларнинг ҳужумини қайтарганларида, Николас Родригес 19 ёшда бўлган. У Куба полициясининг батальонларидан бирида хизмат ўтар эди. "Мен шунчаки қўлимда милтиқ ушлаганча, отар эдим", — дея эсга олади у.
"Биз ўзимизга хос, алоҳида дунёимизга эгамиз. Ва шахсан мени ҳаммаси қониқтиради", — хотима қилади Родригес.
Муаммолар фақатгина Кубанинг социалистик дунёси атрофни ўраб турган капиталистик ҳақиқатга тўқнаш келганда бошланади.
Америкаликлар оролни забт этолмади, кубаликларни санкциялар билан синдира олмади, аммо мамлакатнинг хўжалик ҳаётида ҳозирда дарз юзага келди. Ҳукумат туризм орқали маблағларни ўзига жалб қилмоқда. Шу боис Кубада иккита иқтисод юзага келган. Биттаси — оддий, иккинчиси — туристик. Ҳаттоки валюта ҳам иккита: оддий песо, ва чет элликлар учун конвертация қилинадиган. Бир доллар учун бу ерда битта конвертация қилинадиган ёки 25та оддий песо беришади. Бу эса иқтисодий шизофрения ҳиссини туғдиради.
Энрике Лабос — сальса ўқитувчиси ва таксичи. Рақсдан у сайёҳларга дарс беради ва уларни ўзининг ялтироқ эски кабриолетида олиб юради.
"Мен иккитасини биламан, улар чет элликларга худди итларга қарагандек қарашарди. Отелда ишлар эди улар. Бундай пулларни кўрганларида, кўзлари ёнарди, — деб ҳикоя қилади Лабос. — Ва улар мамлакатдан кетишга қарор қилишди. Ўйлашдики, у ерда дарҳол бойиб кетадилар. Лекин улар ҳозир ҳеч ким. Майамида идиш ювишади".
Лабоснинг ўзи кетишни хоҳламайди. "Менга Кубада ёқади. Мен бу ерда яшашни истайман, шу ердаги нарх-наво ва кафолатни хоҳлайман. Аммо маош чет эл фуқаролариникидек бўлиши керак", — кулади у.
"Иккита иқтисод муаммоси — янги давлат раҳбари мана шу муаммо билан шуғулланиши керак бўлади, — дейди ишонч билан Крус. — Бу икки бўлакни бир-бирига улаш керак. Ва бу ерда оддий ечим, афсуски. йўқ. Дунёдан ёпилиб бўлмайди. Бу ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўл. Лекин ҳаддан зиёд тез очилиш ҳам хавфли, ҳаммасини барбод қилиб, қўлдан бой бериш мумкин".
Ҳозирча Кубанинг янги раҳбари Мигель Диас-Канель мамлакат аҳолисига "социалистик йўлдан қайтмаслик" ва "Кастро ва Че Гевара йўлидан боришда" давом эттириш ваъдаларини бермоқда.