ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik, Дмитрий Матвеев. Россия — ўзбекистонликлар ташриф буюрадиган ягона мамлакат эмас. Ўзбекларни дунёнинг исталган бурчагида учратиш мумкин. Латвия пойтахтида ҳам анчагина ўзбеклар яшайди. Аксарият ҳолларда улар бу ерга таҳсил олиш учун келишади, чунки бу давлат Евроиттифоқ таркибида бўлиб, Латвия ўқув юртлари дипломлари бутун дунёда тан олинади.
Sputnik мухбири Ригада ўқиётган уч ўзбек талабаси билан учрашди.
Улар Рига марказидан унча узоқ бўлмаган, шаҳарнинг тарихий Эски шаҳар қисмида ижарага олинган хонадонда яшашади. Улар турли университетларда ўқишади, бир-бирлари билан эса Латвияга келиб танишишган.
Мурод
22 ёшли Мурод Тошкентда туғилган. Тўққизинчи синфни битиргач 2011 йилда Тошкент Давлат техника университети қошидаги компьютер технологиялари академик лицейига ўқишга кирган.
Мурод 2014 йилда Латвияга келади ва Ригадаги иқтисодиёт ва тадбиркорлик маъмурияти халқаро мактабига ўқишга киради. Аммо унга бу ерда ўқиш ёқмайди. "Бир семестр ўқиганимдан кейин уйга қайтдим", — дейди у.
Кейинроқ Мурод Москва ва Қозонда бўлади, аммо 2017 йилда яна ўқишни хоҳлаб қолади. У Рига Техника университетининг халқаро иқтисодиёт ва дипломатия факультетига ўқишга киради.
"Латвияни танлашимнинг бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, Латвия университетларига ўқишга кириш осон. Ўқиш нархлари ҳам қиммат эмас. Бундан ташқари, Латвия дипломлари Европа аккредитациясига эга", — дейди Мурод.
Университетда дарслар Мурод яхши биладиган инглиз тилида ўтилади. Латиш тилини сал-пал билади, лекин кўпинча рус тилида мулоқот қилади. Бу ерда рус тилини ҳамма билади.
Ҳумоюн
Ҳумоюн Муроддан уч ёшга кичик. Мактабни битирганидан сўнг "информатика" йўналиши бўйича касб-ҳунар коллежида ўқиган. Сўнгра Ригадаги Транспорт ва алоқа институтига ўқишга кирган.
"Ўқишга киришга узоқ тайёрландим, инглиз тилини ўргандим. Латвияни танлаганимнинг сабаби, бу ер таълим олганимдан кейин дунёнинг исталган жойида ишга киришимда муаммо бўлмайди", — деди йигит.
Шаҳбоз
Ўзбекистонлик учинчи талабанинг исми Шаҳбоз. У ҳам Тошкентда туғилган ва мактабни битиргач Тошкент тиббиёт коллежига ўқишга кирган. Аммо кейин тиббиёт унинг соҳаси эмаслигини тушунган.
У Болтиқбўйи давлатларига талабаларни юбориш била шуғулланадиган марказга боради.
"Марказга келдим, бу ерда ҳамма нарсани тушунтиришди, ҳужжатларни тахт қилдим ва Ригага учиб келдим", — дейди Ригадаги Иқтисодиёт ва маданият университетида ўқиётган Шаҳбоз.
Латвия ҳақидаги дастлабки таассуротлар
Ёшлар Ригага учиб келишганида уларда турлича таассуротлар пайдо бўлган. Шаҳбоз Латвия пойтахтига учиб келганида уни Baltic Center ўқув маркази вакиллари кутиб олиши керак бўлган. Аммо йигитча Рига аэропортида адашиб қолган ва Нью-Йоркка учиб кетишига бир баҳя қолган.
"Аэропорт шаҳар ташқарисида бўлгани учун кўзимга биринчи бўлиб ташланган нарса қорли майдон бўлди. Ўшанда 21 январ эди. Мен ҳатто Латвиягамас Россияга келиб қолдим деб ўйлаганман", — эслайди Шаҳбоз.
Улар 15 дақиқадан кейин Рига марказига етиб келишади ва Шаҳбоз Латвия пойтахтининг тунги гўзаллигига гувоҳ бўлади. У ўша куни Ҳумоюн билан танишади. Беш кундан кейин эса улар сафига Мурод қўшилади.
Мурод 2014 йилда бу ерга келганида унга осон бўлган, чунки Ригада у билан илгари Ўзбекистонда ўқиган дўстлари бўлган.
Йигитларга Эски шаҳар жуда ёқади. Улар дам олиш кунлари шаҳар айлангани чиқишади.
Латвиядаги ўзбеклар юрт қуёшини соғинишади
Мурод Ригада ноябрдан мартгача яшаш қийинлигини, бу вақтда бу ерда қиш бўлиши ва қуёш деярли кўринмаслигини айтди. "Биз жанубликлармиз, бизда қуёш тафти етишмаслигидан тушкунлик бошланади", — деди у.
Тил борасида эса талабалар муаммога дуч келишайди, улар русча яхши гапиришади, Ригада эса рус тилини ҳамма билади. Университетларда дарслар инглиз тилида ўтилади, йигитлар инглизчани ҳам Ўзбекистонда яхши ўрганишган.
"Ригада рус тилини ҳамма билади, лекин кўпчилик бу тилда гапиришни истамайди", — дейди Мурод.
Ригада хориждан келган талабалар ишлаш имкониятига ҳам эгалар. Шаҳбознинг айтишича, ўзбекистонликлар турли кафе ва суши-барларга ишга жойлашишади. Маҳаллий қонунчиликка кўра, ўқиш визаси билан келган хорижликлар расман ҳафтасига 20 соат ишлаши мумкин.
Латвияда иш берувчилар мигрантларни алдаш ҳолатлари деярли учрамайди ва хорижликлар Россиядаги сингари меҳнат патенти олишлари шарт эмас.
Йигитлар келгусида дипломат ва иқтисодчи бўлишади
Мурод дипломатия соҳасида ишлашни орзу қилади. "Икки давлат ёнма-ён бўлса ҳам иқтисодий муносабатларсиз ҳеч қандай алоқа бўлмайди. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон. Бир давлат иккинчисида мавжуд ресурсларга эҳтиёжи бор ва аксинча. Мен айнан иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш билан шуғулланаман", — дейди у.
Ҳумоюн ижтимоий фанлар ва менежмент йўналишида ўқимоқда. У ёшлигидан бизнес яратиш ва уни бошқаришга қизиқади. Йигитча олган билимларини келгусида бизнес соҳасида қўллаш ниятида.
Шаҳбоз ҳам менежмент факультетида ўқийди. "Менга бошқарув, янгилик киритиш ёқади. Кейинги пайтда бизнес-статистика — чораклик ҳисоботлар, маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишга қизиқиб қолдим. Келгусида олган билимларим ватанимда асқотади деб ўйлайман", — дейди у.