ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Россиянинг таниқли такси хизмати "Яндекс. Такси" апрел бошида Ўзбекистонда иш бошлаган эди. Ўтган давр мобайнида янги хизмат ҳайдовчиларни ишга қабул қилишда давом этмоқда.
"Яндекс.Такси" хизмати вакиллари Sputnik мухбирига ҳайдовчиларни ишга қабул қилиш ва автомобил техник ҳолатини текшириш қандай амалга оширилаётганини айтиб берди.
Бугунги кунда “Яндекс.Такси” Ўзбекистонда ҳайдовчилар билан тўғридан-тўғри эмас, рўйхатдан ўтган таксопарк ва диспетчер хизматлари билан ишламоқда. Ҳайдовчи ўз автомбили билан “Яндекс.Такси”га уланиши учун компаниянинг маҳаллий ҳамкорларидан бирига мурожаат қилиши керак. Маҳаллий ҳамкорлар рўйхатини taxi.yandex.com сайтидан топиш мумкин.
“Ҳайдовчиларни танлаб олиш Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади. Бизнинг ўз талабларимиз ҳам бор – масалан, ҳайдовчилик тажрибаси уч йилдан кам бўлмаслиги керак, судланмаган бўлиши керак. Автомобилларни дастлабки кўздан кечириш ҳам ҳозирча маҳаллий ҳамкорлар томонидан амалга оширилмоқда. Лекин бизнинг ўз технологияларимиз ҳам бор, масалан ДКК (Масофадан туриб сифат текшириш)”, — деди компания вакили.
“Ҳар неча кунда бир маротаба ҳайдовчи, буюртмада бўлмаган вақтда, "Яндекс.Таксометр" орқали автомобилни саккиз нуқтадан суратга тушириб компанияга юборади. Келажакда суратлар сони 15тага етиши мумкин.
Фотосуратлар дастур орқали амалга оширилади ва компьютер ёрдамида автоматик равишда кўздан кечирилади. Хусусан, машининг тозалиги, шикастланмаганлиги ва бошқа параметрлари текширилади. Камчиликлар аниқланганда, ушбу ҳайдовчига буюртма бериш бермасликни дастурнинг ўзи ҳал қилади. Мунозарали вазиятларда автомобилни компания ходими шахсан кўздан кечиради ва қарор қабул қилади.
Биз, албатта, автомобилларни ва хизмат сифатини кўз билан ҳам текширамиз. “Яширин мижоз”ларимиз ҳам бор, яъни компания ходимлари мижоз сифатида автомобилдан фойдаланишади ва унга баҳо беришади.
Ҳозирча Ўзбекистонда фақат “Яндекс.такси” фақат “Эконом” тариф бўйича ишга тушган. Келажакда “Комфорт” ёки “Бизнес” тарифлари киритилганида ва автомобилларга қўйиладиган талаблар кучайтирилганда, уларнинг барчасини ходимлар шахсан кўздан кечириб танлаб олишади. Танлаш жараёнида салонда ҳеч қандай ҳид бўлмаслигига ҳам алоғида эътибор берилади”, — дейишди компания вакиллари.
Россиялик такси агрегатори келажакда Тошкентда "Яндекс.Такси" маркази очишни режалаштирган. У ерда компания ходимлари ҳайдовчиларга "Яндекс.Таксометр" дастури, карта ва навигаторлардан фойдаланишни ўргатишади. Шунингдек ҳайдовчиларнинг харидорлар билан хушмуомалалигига, шаҳар кўчаларини билиш-билмаслигига ҳам баҳо берилади.
Ҳайдовчилардан олинадиган комиссия масаласига келсак, айни дамда "Яндекс.Такси" барча ҳисоб-китоблар фақат таксопарклар билан олиб борилмоқда. Комиссия миқдори, турли мамлакатларда турлича бўлиб, 5-20%ни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда “Яндекс.Такси” 4 апрелдан иш бошлаган эди. Бу ерда тақдим этилган “Эконом” тариф бўйича энг кам тўлов 2000 сўм. Сафар 3 километрдан ошган тақдирда қўшимча ҳар бир километрига 1000 сўмдан, шаҳар ташқарисида 1500 сўмдан олинади.