ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасида Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси тузилди.
"Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин", — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорида.
Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Давлат бюджетининг мудофаа-саноат комплексини ривожлантиришга белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлари ҳамда Қўмитага тўланадиган воситачилик ҳақи, жумладан, қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника етказиб бериш, ҳарбий-техник хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган импорт контракт (воситачилик шартномаси) қийматининг 1 фоизи ҳамда мудофаа саноати комплекси корхоналари ишлаб чиқарган ҳарбий ва икки хил мақсадда ишлатиладиган маҳсулотларни сотиш бўйича тузилган импорт контракт (воситачилик шартномаси) қийматининг 1 фоизи ҳисобига шакллантирилади.
Бундан ташқари, бўшайдиган ҳарбий-техник мулкни ташқи бозорга сотиш бўйича тузилган контракт қийматининг 30 фоизи ва Қўмита томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган фаолият соҳаларини лицензиялашдан тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда жамғарма ҳисобига тушади.
Жамғарма маблағлари мудофаа саноати комплексини қўллаб-қувватлаш, унинг салоҳиятини ривожлантириш ва ошириш, шунингдек, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник мулкни ишлаб чиқиш ҳамда модернизациялаш тадбирларини молиялаштиришга, мудофаа саноати соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга йўналтирилади.
Жамғарманинг Қўмита раиси раҳбарлик қиладиган Кенгаши Жамғарма маблағларини бошқариш органи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилганди.
Янги тузилма давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан шуғулланади.
Қўмита Ўзбекистон Қуролли кучлари тизимини қурол-яроғ, ҳарбий техника, озиқ-овқат ва бошқа моддий буюмлар билан таъминлаши белгиланган.
Янги ташкил этилган қўмита таркибига учта давлат корхонаси – "Ўзмахсусимпекс", "Шарқ" ДУК ва Чирчиқ авиасозлик таъмирлаш заводи киритилган.