ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги "Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини маъқулладилар.
Мажлисда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадаходжаев ушбу Мудофаа доктринаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб қўйилган вазифаларни ижро этиш доирасида тайёрланганини қайд этди.
Ҳужжат республиканинг қонун ҳужжатларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланади, мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳозирда юз бераётган ҳарбий низолар хусусиятидан келиб чиқади, шунингдек мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг истиқболдаги устуворликларини, Қуролли Кучларни тайёрлаш, ташкил этиш ва қўллаш асосий принципларини ҳамда йўналишларини белгилаб беради.
Шунингдек ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка таҳдидлар кўлами ўзгаришига, ҳарбий-сиёсий вазият шарт-шароитларига ҳамда ҳозирги ҳарбий низолар хусусиятига, Ўзбекистоннинг ҳарбий тузилмани ривожлантириш вазифалари ва йўналишларига қараб Мудофаа доктринасининг айрим қоидаларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлик киритилиши ва тўлдирилиши мумкин.
Муҳокама давомида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси ҳарбий соҳадаги миллий хавфсизликни таъминлашга доир расмий қарашлар, принциплар ва ёндашувлар тизимини ўзида ифодалашини таъкидладилар.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.