ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни "Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" қарорни имзолади.
Президент қарори билан жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган қуйидаги чекланган меъёрлари тасдиқланди:
Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда — 2000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида;
Ўзбекистон Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда — 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида;
Ўзбекистон Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда — 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдорида;
халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар манзилига келаётган товарлар учун бир календарь ой мобайнида — 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдори белгиланди.
Жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлари доирасида товарлар олиб кирилганда уларни ёзма декларациялаш талаб этилмайди.
Шунингдек, жисмоний шахслар 3 000 АҚШ долларигача қийматдаги товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан олиб чиқишлари мумкинлиги белгиланди.
Аммо, айрим турдаги товарлар учун олиб чиқишнинг қуйидаги меъёрлари тасдиқланди:
гуруч — 3 кг.гача, нон маҳсулотлари — 5 кг.гача, гўшт ва гўшт маҳсулотлари — 2 кг.гача, шакар — 2 кг.гача, ўсимлик ёғи — 2 кг.гача, шунингдек янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалар — 40 кг.гача.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган олиб кириш меъёрлари ҳам белгиланди. Хусусан: алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво — 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари — 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар — 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари — 65 гр.гача.