ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Вазирлар Маҳкамаси жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидаларини тасдиқланди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Янги қарор талабларига кўра, жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 2 минг АҚШ доллари эквивалентидан ортиқча миқдордаги нақд хорижий валюта унга декларация тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.
Бунда йўловчи божхона декларациясида олиб кирилаётган ёки олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади.
Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра эквиваленти 2 минг АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валюта декларацияланиши мумкин.
Ўзбекистон ташқарисига нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетиш жисмоний шахсларга эквиваленти 5 минг АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда рухсат этилади.
Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш:
резидентлар томонидан — Ўзбекистон Марказий банкининг рухсатномаси асосида амалга оширилади, ушбу рухсатномада олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади;
норезидентлар томонидан — Ўзбекистонга кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, ушбу декларацияда нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилган бўлиши лозим.
Резидент томонидан Ўзбекистон Марказий банкининг рухсатномасини ва норезидент томонидан Ўзбекистонга кириш пайтида тўлдирилган йўловчи божхона декларациясини ишлатиш бир маротаба амалга оширилади ва келгусида эквиваленти 5 минг АҚШ долларидан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.