ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон виза ва чегара бўйича муаммоли масалалар бўйича келишувга эришдилар.
"Тожикистон ва Ўзбекистон виза муносабатлари ва давлат чегараси участкаси — Фарход ГЭС жойлашган ҳудуд бўйича келишувга эришилган. Эришилган келишувларга асосан яқин орада Тожикистон ва Ўзбекистон "Фуқароларнинг ўзаро сафари тўғрисида"ги янги ҳужжатга имзо чекади. Унга кўра, икки давлат фуқаролари Ўзбекистон ва Тожикистонда 1 ой муддат виза олмасдан юриши мумкин", — дейилган Тожикистон телеграф агентлиги хабарида.
Бундан ташқари томонлар яқин орада йўловчи поезд ва автобус қатновлари ҳамда икки давлат ўртасида янги чегара назорат ўтиш нуқталари очишга келишиб олган.
Чегара масаласида, томонлар Фарҳод ГЭСи жойлашган ҳудуд Тожикистон ҳудуди деб тан олиниши, объект эса Ўзбекистон мулки ҳисобланишига келишишди.
Объектни Тожикистон томони қўриқлайди, унга техник хизмат кўрсатиш билан эса Ўзбекистон шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат ўртасида 25 йил ичида мунтазам равишда келишмовчиликлар бўлиб келган. Расмий Душанбе Ўзбекистон ҳукуматини темир ва автомобил йўлларини тўсишида айбласа, Тошкент, ўз навбатида, Роғун ГЭСи учун Тожикистон ҳукуматини танқид қилиб келганди. Хусусан, ГЭС қурилиши республиканинг қишлоқ хўжалигига жиддий зиён етказиши маълум қилганди. 2001 йилда биринчи бўлиб Ўзбекистон, кейинчалик Тожикистон икки давлат ўртасида виза тартиби жорий этишган.
Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев биринчи навбатда ташқи сиёсат йўналишида қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга киришди, шу жумладан Тожикистон билан мунозарали масалалар бўйича.