ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегациянинг Душанбега ташрифи натижаларига кўра томонлар давлат чегарасининг энг баҳсли қисми – Фарҳод ГЭСи тўғони бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар бермоқда.
Душанбе ва Тошкент Фарҳод ГЭСи жойлашган ҳудуд Тожикистон ҳудуди деб тан олиниши, объект эса Ўзбекистон мулки ҳисобланишига келишишди.
Объектни Тожикистон томони қўриқлайди, унга техник хизмат кўрсатиш билан эса Ўзбекистон шуғулланади.
Фарҳод ГЭСи Сирдарё вилоятида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри яқинида жойлашган гидроэлектростанция бўлиб, у электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга қатор суғориш каналларини сув билан таъминлайди.