ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова Ўзбекистон ахборот агентлиги мухбирига арзон кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олишда фирибгарликларга йўл қўйилган ҳолатлар бўлганини тасдиқлади.
"Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қурилаётган арзон уй-жойларни тақсимлаш жараёнини ўрганишга оид текшириш ўтказилди. Бу жараёнда Шайхонтоҳур, Чилонзор, Учтепа, Миробод ва Яккасарой туманларида расмий ҳужжатларни сохталаштириш, яъни иш жойи ва ойлик маошига оид ҳужжатларда ёлғон маълумотлар акс эттириш каби ҳолатлар аниқланди", — деган у.
Таъкидланишича, Шайхонтоҳур, Чилонзар ва Яккасарой туманларида бу борада мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Тегишли комиссиялар масъуллари уй-жой ажратиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда зиммасига юклатилган масъулиятли вазифани тўлақонли бажармаган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Спутник Ўзбекистон мухбири ушбу масала юзасидан Бош прокуратура матбуот-хизмати билан боғланганида, прокуратура вакили бу масала бўйича туман прокуратурасига мурожаат қилиш лозимлигини таъкидлаган эди.