ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Самарқанд вилояти ҳокимлигида ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Қайд этилишича, вилоятда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан унча оғир бўлмаган жиноятлар 7,9 %, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 2,7 %, босқинчилик 18,5 %, номусга тегиш 16,4 % ва безорилик 20,8 %га камайган. Шунингдек, аёллар, ёшлар ва муқаддам судланганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг камайиши кузатилган.
Аммо Булунғур, Қўшработ, Оқдарё, Пахтачи, Паст Дарғом ва Жомбой туманларида бу каби жиноятлар сезиларли равишда ошган. Вилоят бўйича оғир ва ўта оғир жиноятлар 31,5, ўғирлик 10,1, фирибгарлик 8,4, талончилик 50, транспорт воситасини олиб қочиш 17,4, гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар 7,8 фоизга кўпайган.
Шунингдек, вилоятда тезкор-қидирув бўйича чора-тадбирлар етарли даражада амалга оширилмаган. Содир этилган умумий жиноятларнинг 22,6, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 32,6 %и фош этилмаган. Қидирув тадбирлари самарали ташкил этилмаганлиги сабабли ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган шахсларнинг 34,9 %и ушланмаган.
Йиғилишда вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари тингланди ва иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди.