ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Самарқанд марказидаги Кўксарой майдонида шаҳар МФЙларида «Хавфсиз ҳудуд посбонлари» жамоатчилик тузилмасини ташкил этишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги.
Маросимда вилоят ички ишлар бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги, «Маҳалла» жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раҳбарлари ва вакиллари иштирок этишди.
Маросимда қайд этилишига кўра, янги жамоатчилик тузилмасида бор куч ва билими билан жамият тинчлиги, осойтишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фаол хавфсиз ҳудуд посбонлари келгусида ички ишлар органларига ишга қабул қилиниши, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшларга тўлов шартномаларини тўлашда имтиёз ва имкониятлар берилиши қайд этиб ўтилди.
“Жамоатчилик назорати бор жойда ҳар қандай жиноятчилик, ҳуқубузарликнинг олдини олинади, Шу боис, айни пайтда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида жойларда «Хавфсиз ҳудуд посбонлари» тузилмаси ташкил этилмоқда”, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов.
Самарқанд шаҳри маҳаллаларида илк бор ташкил этилаётган янги тузилмага 3105 нафар ёшлар жалб қилинди. Уларнинг 1500 га яқини ҳарбий хизматни ўтаб қайтган олий ўқув юртларининг талабаларидан иборат.
Улар ҳар бир маҳаллага 15 нафардан тақсимланиб, маҳалла раиси, профилактика инспектори, посбон жамоатчилик тузилмаларига бириктирилди. Хавфсиз ҳудуд посбонлари белгиланган режа асосида ўзларининг хизмат кунларида маҳалла ҳудудини кузатиб боришади. Шубҳали ҳолатларда профилактика инспектори, маҳалла посбони ва бошқа бириктирилган мутасаддиларга тегишли тартибда хабар бериб, мавжуд қонунга зид ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади.