Дув-дув гап: Ўзбекистондаги маҳалла тизими бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда

Oбуна бўлиш
Спутник мухбирига бир маҳалла қўмитаси вакилининг айтишича, ҳозирда Ўзбекистондаги маҳалла тизимига ҳатто Хитой ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда

ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қароргоҳида Ислом ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар доимий вакилларининг навбатдаги учрашуви доирасида "Маҳалла — Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг ноёб институти" мавзуига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.

Брифинг чоғида Ўзбекистонда қадим-қадимдан маҳалла таъсирчан маданият ўчоғи, фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ишчан органи, одамларга энг яқин тизим ва фуқаролик жамиятининг ноёб институти бўлиб келгани қайд этилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Ўҳў: Янги "Маҳалла" вазирлиги ва Мирзиёевнинг интернетни "портлатган" фармони
Тадбир чоғида кенг тарқалган бўлинмалар тармоғига эга бўлган ва республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларида фаолият кўрсатадиган "Маҳалла" хайрия жамоат фонди 1992 йили ташкил этилгани, унинг фаолияти ҳамда ўзбек жамиятида тутган салмоқли ўрни алоҳида таъкидланди.

Ўн минглаб фуқаролар йиғинлари бугунги кунда 30 дан зиёд ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга молик бўлган вазифаларни бажараётгани, улар илгари давлат ҳокимияти органлари ваколатига тегишли бўлгани билан боғлиқ маълумотлар ҳам учрашув қатнашчиларининг эътиборига ҳавола этилди. Ўзбекистон раҳбари томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш борасида маҳалла институтининг имкониятларидан самарали фойдаланишга катта аҳамият қаратилаётгани алоҳида таъкидланган.

Бундан ташқари, брифинг қатнашчилари президент Мирзиёевнинг жорий йил февралида тасдиқлаган "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳияти, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини яхшилашнинг бешта устувор йўналиши билан ҳам танишганлар.

Брифингда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш учун ноёб институт сифатида маҳалла тажрибасидан бошқа мамлакатларда ҳам фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган.

Янгиликлар лентаси
0